Ярашиш — жиноий жавобгарликдан озод этади

15:30 - 26.11.2021

5

Ярашганлик институтининг жорий қилиниши туфайли кўплаб фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод этилди. Шу билан бирга, билиб-билмай жиноят содир қилган фуқаролар қонунчиликдаги бу имкониятдан оқилона фойдаланиб, қилмишидан пушаймон бўлиб, ўзаро ярашиб, тўғри хулоса чиқармоқдалар.

Суд статистикаси маълумотлари ҳамда ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, жиноят қонунчилигига ушбу институтнинг киритилиши жиноий ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита бўлди. Мазкур институт жабрланувчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, судланганлик ҳолатини камайтириш, жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтининг кенгроқ қўлланилишига имкон яратди.

Ярашув институти жиноий жавобгарликдан озод қилиш тури сифатида шахснинг айбдорлиги масаласини ҳал этмай туриб жиноят ишларини тугатиш учун асос бўлади. Синовдан ижобий ўтган мазкур амалиёт эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларда қўлланилмоқда.

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун маъқулланди. 2021 йил 4 октябрь куни эса ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.

Тегишли қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 21-2-модда билан тўлдирилди. Кодекснинг 12 та моддаси ярашув институтига тушиши қайд этилди.

Илгари тарафлар ярашган, ўзаро келишган, зарарлар қопланиб, ўртада адоват қолмаган ҳолатларда ҳам суд маъмурий жазога тортишга мажбур эди.

Эндиликда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган тарафларнинг ярашуви муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун иш материалларини судга юборади. Судда бу масала кўриб чиқилиб, тарафлар ярашганлиги исботланса, уларни жазодан озод қилиб, ишни якунлайди. Бироқ, ярашувга тушувчи ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этган шахс яна ярашув муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.

Шунингдек, кодекснинг 271-моддаси 10-1-банд билан тўлдирилди. Унга кўра, ҳуқуқбузар ярашув институти таъсир доирасига тушадиган ишлар бўйича жабрланувчи билан ярашган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши қайд этилди.

Бундан ташқари, кодекс «Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритиш» деб номланган 23-1-боб билан тўлдирилди.

Ярашув тўғрисидаги аризани жабрланувчи ёхуд унинг қонуний вакили иш ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилаётган вақтда, шунингдек суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд қарор чиқаргунига қадар бериши мумкин. Аризада етказилган зарар бартараф этилгани, шунингдек ярашилганлиги муносабати билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш юритилишини тугатиш тўғрисидаги илтимос кўрсатилган бўлиши керак.

Агар ярашув ҳақидаги ариза иш биринчи инстанция судида суд муҳокамасидан ўтказилаётганда берилган бўлса, суд уни дарҳол кўриб чиқиши лозим. Иш бўйича бир неча жабрланувчи бўлса, фақат барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган тақдирдагина ярашув тўғрисидаги ишни юритиш мумкин.

Тарафлар ярашганлигини суд тасдиқлагандан кейин, жабрланувчи тараф иш юритишни қайта тиклаш ҳақида илтимоснома бериш ҳуқуқини йўқотади. Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси иш судга келган пайтдан эъти­боран уч кундан кечиктирмай ўтказилиши керак.

Агар суд мажлиси давомида ярашув, айбга иқрор бўлиш ихтиёрий эмаслиги, зарарнинг ўрнини қоплашни рад этиш ҳоллари аниқлангудек бўлса, суд тарафларнинг ярашуви муносабати билан ишни судга юбориш тўғрисидаги қарорни бекор қилади ва ишни умумий асосларда кўриб чиқади.

Шунингдек, содир этилган қилмишда бошқа турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят таркиби белгилари мавжуд бўлса, суд ярашув муносабати билан юборилган қарорни бекор қилади ва ишни умумий асосларда кўриб чиқиш учун юборади.

Суднинг қарорига ҳуқуқбузар, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат томонидан шикоят берилиши ҳамда прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.

Мазкур ўзгаришлар изчил олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми бўлиб, инсонпарварлик тамойили томон яна бир катта қадам бўлди.