Ўзбекистон Коституциясида прокуратура ва унинг такомиллашуви

14:30 - 26.11.2021

19

Ўзбекистон Республикси Конституциясида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тизимини белгилашга оид нормага мувофиқ давлат ҳокимияти тизимлари: ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти каби энг муҳим ҳуқуқ институтлари қаторида прокуратуранинг ҳам мақоми (Конституциянинг 118–121-моддалари) белгилаб берилган.

Қайд қилинган мақом асосида прокурорлар назоратни давлат номидан амалга оширади. Улар қонун ким томонидан бузилишидан қатъи назар унинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиши, ўз вақтида керакли чора-тадбирларни белгилаши лозим.

Ҳуқуқий демократик давлатнинг энг асосий талабларидан бири қонуннинг устуворлиги, унга итоат этиш ва уни ҳурмат қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституция ва қонунларга мослигини таъминлашда давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва жамоалар, мансабдорларнинг Конституция ва қонунларга мувофиқ фаолият юритиши муҳим ҳисобланади. Прокуратура айнан шу қоида ва талабларни, яъни мамлакатда қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади. Унинг фаолияти мамлакат ҳудудида қонуннинг устувор бўлишини, қонунийликни таъминлашни ва унинг барқарор бўлишини, фуқароларнинг Конс титуция (21–46-моддалар) билан кафолатланган шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

2001 йил 29 августда янги таҳрирда қабул қилинган «Прокуратура тўғрисида»ги қонунга кўра прокуратура органлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимоячиси ҳисобланади. Прокурор назорати – давлат фаолиятининг шу давлат номидан амалга оширилувчи алоҳида кўриниши ва прокуратуранинг асосий, етакчи функцияси. Айнан ана шу функция унинг давлат органи сифатидаги мутлақо ўзига хос мақомини, ижтимоий-сиёсий аҳамиятини белгилайди. Давлат қонун устуворлиги, қонунийликнинг мустаҳкамлиги устидан назоратни айнан прокурор назорати орқали таъминлайди.

«Прокуратура тўғрисида»ги қонун ҳозирги кунда ҳам прокуратура органлари олдига қўйилган вазифалар, жамиятнинг тараққиёти, бошқарув тизимининг демократлашуви билан боғлиқ тарзда такомиллашиб бормоқда. Мамлакатда қонун устуворлиги, ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг барқарорлигини таъминлашда прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида миллий қонунчиликка прокуратура органлари фаолиятини белгиловчи ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Прокуратуранинг ҳуқуқни ҳимоя қилишга оид профилактик функцияси жиддий кучайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида жамиятдаги муҳим масалаларни ҳал қилиш учун тузилган учта респуб лика идоралараро комиссиясининг фаолиятини мувофиқлаштириш Бош прокуратурага юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелда
қабул қилинган 5019-фармони прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Фармонда таъкидланганидек, мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, демократик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатларини сўзсиз ижро этиш учун прокуратура органларининг куч ва имкониятларини тўлиқ сафарбар қилишни тақозо этади.

Прокурор назорати фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишини тез аниқлаш ва бартараф этишнинг муҳим механизми бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Респуб ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев нинг Ўзбекистон Конституция си қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги «Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови» номли маърузасида белгиланган ғоялар асосида «Прокуратура тўғрисида»ги қонунга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларнинг прокурорлари ҳар йили Қорақалпоғистон Жўқорғи кенгесига, халқ депутатлари кенгашларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этиши, зарур бўлганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қонунийликнинг ва жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисида хабардор қилишлари ҳақидаги қоида киритилди. Прокуратура органлари ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиши, ўзининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдаланишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминлаш йўли билан ўз фаолиятини ошкора амалга ошириши белгиланди («Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддаси).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг ижроси йўналишида прокуратура органлари фаолиятининг асосий жиҳатларидан бири ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишнинг тўлиқ таъминланганлиги ҳисобланади. Прокуратурага қилинган мурожаатлардаги ҳар бир қонун бузилиши факти бўйича унинг сабабларини синчковлик билан аниқлаш, фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига доир ахборотни жамлаш ва мунтазам тўлдириб бориш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга имкон яратувчи таъсир чораларининг танланишига стратегик синовдан ўтган, тактик асосланган ёндашув асосида эришилади. Ҳозирги кунда қонун бузилгани тўғрисидаги мурожаатни кутиб ўтирмасдан, жойларда халқ билан мунтазам мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш, уларга кўмаклашиш прокурорларнинг кундалик ишига айланди десак, муболаға бўлмайди.

«Прокуратура тўғрисида»ги қонун прокуратура органларининг демократик асосларини мустаҳкамлаб, Ўзбекистон Бош прокурори Ўзбекистон Президенти ва Олий Мажлис Сенати олдида ҳисобдорлигини, прокуратура органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатди. Шунингдек, Сенатда
прокуратура органлари фаолиятини назорат қилувчи комиссия тузилди.

Сенат Бош прокурорнинг прокуратура органларининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитиб, 2021 йил 23 апрелдаги қарорида прокуратура органлари томонидан муайян ишлар қилингани, шу билан бирга айрим соҳаларда таъсирчан прокурор назоратини ўрнатишда камчиликларга йўл қўйилганини қайд этди. Бу соҳаларда назоратни кучайтириш, қарор ижроси бўйича ҳар чоракда Сенатга ахборот тақдим этиш вазифаси топширилди.

Конституциявий суд томонидан Бош прокурор буйруқлари ва ҳужжатларининг (индивидуал хусусиятга эга ҳужжатлар бундан мустасно) Конституция ва амалдаги қонунчиликка мослиги устидан суд назорати механизми ўрнатилди, улар Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига зид бўлса, Конституциявий суднинг қарори асосида бекор қилиниши («Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси) белгиланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан прокуратура органлари тизими мунтазам такомиллашмоқда.

Жумладан, прокуратура органлари ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлиги масаласи юқори турувчи прокурор томонидан ҳал этилиши ҳақидаги норма қонундан чиқариб ташланди. Энди бундай ҳуқуқбузарлик суд томонидан ҳал қилинади.

Мамлакатимиздаги ислоҳотларда ҳам прокуратура органларининг ўзига хос ўрни ва муносиб ҳиссаси бор. Таъкидлаш жоиз, прокуратура органлари томонидан жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, умуман, барча йўналишларда салмоқли ишлар қилинмоқда ва муҳим натижаларга эришилаяпти.

Ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари доирасида уй қуриш, ижтимоий объектларни барпо этиш каби муҳим тадбирларда прокуратура ходимлари фаол қатнашмоқда.

Шу ўринда жойлардаги прокурорлар зиммасига сектор раҳбари сифатида ҳам катта масъулият юклатилганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Бугунги кунда прокурорлар секторидаги 142 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича прокуратура ходимлари маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорликда меҳнат қилмоқда. Эътироф этиш керак, Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари» каби янгича ишлаш тизими эҳтиёжмандлар билан аниқ мақсадлар асосида иш олиб боришнинг муҳим омили бўлмоқда.

Прокуратура органлари фаолиятига оид қонунчиликка киритилган ўзгартишларнинг таҳлили шундан далолат берадики, улар биринчи навбатда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишга, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 20 июндаги Сенат мажлисида прокуратура органларини коррупциядан холи, чинакам халқ прокуратурасига айлантириш борасидаги топшириғига асосан энг аввало тизимдаги вазиятни ўнглашга, жамоа да ишчан ва соғлом муҳитни шакллантиришга, ҳалол ва профессионал ходимлар корпусини шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар концепцияси ишлаб чиқилиб, қонунлар ижроси устидан назоратнинг янги тазими йўлга қўйилди.

Ҳозирги баъзан серташвиш кечаётган кунлар, кўнгилни хира қилувчи айрим муаммолар ва мураккабдек туюлган синовлар ўткинчидир. Қалби пок, ҳасад ва иғводан холи, инсонийлик мақомини ҳар нарсадан устун қўядиган, ватан ва халқ манфаатини ўз манфаати билан уйғун кўра оладиганларгина бундай синовлардан шараф билан ўтади. Қонун посбони деган юксак мақомга муяссар бўлган прокуратура ходимлари учун ҳам бундай ҳаётий ҳақиқатлар устувор бўлиши лозим.

Прокуратура органларининг ҳар бир ходими Конституциямизда белгилаб берилган устувор тамойил ва қоидаларнинг тўлиқ рўёбга чиқиши учун Ўзбекистоннинг ютуқларига ҳисса қўшишни, Президентимизнинг ишончига муносиб ва ҳаётбахш сиёсатига содиқ бўлиб, эл-юртга садоқат билан хизмат қилишни ўзининг шарафли бурчи деб билади ва халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қилади.

Бахтияр ПЎЛАТОВ,
Бош прокуратура акадамияси
профессори, юридик фанлар
доктори