Мурожаатларга жиддий ёндашув зарур

17:30 - 25.11.2021

16

Хўжайли тумани прокуратурасида мурожаатлар билан боғлиқ қонунчилик ижроси устидан доимий назорат ўрнатилган бўлиб, мунтазам текшириш ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, бу борада 7 та текшириш ўтказилиб, натижасига кўра 6 та тақдимнома киритилди, 9 нафар шахснинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал қилинди.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан Кадастр агентлиги бўлимида ўтказилган текширишда бир қатор камчиликлар бўй кўрсатди. Жумладан, “Хўжайли келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Р.Бабаевнинг чорвачиликни ривожлантириш учун ер майдони ажратишда амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати 10 август куни келиб тушган бўлишига қарамасдан, шу кунга қадар мурожаатга жавоб хати юборилмаган. Шу боис маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, суд томонидан бўлим бошлиғи А.Кайпназаровга нисбатан жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасида ўтказилган текшириш давомида ҳам шу каби салбий ҳолатлар аниқланди. Яъни, бирлашмада  электрон портал ва Соғлиқни сақлаш вазирлигидан келиб тушган жами 96 та мурожаатни рўйхатга олишда қонун талабларига риоя қилинмаган. Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш бўйича тақдимнома киритилиб, бирлашманинг 4 нафар масъул шахсининг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал қилинди.

Туман прокуратураси томонида соҳага оид текширишлар натижасида  аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 3 та протест келтирилди. Ноқонуний қарорлар бекор қилинди. 3 нафар мансабдор шахснинг маъмурий ва 1 та шахснинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал қилинди. Шунингдек, 23 та фуқаронинг 51 млн. сўмлик иш ҳақларини ундириш тўғрисида судга аризалар киритилди ва барчаси қаноатлантирилди.

Масалан, фуқаро Б.А.нинг туман тиббиёт бирлашмаси тез ёрдам бўлими бошлиғи лавозимидан ишдан бўшатилганлигидан норозилигини билдириб, туман прокурори номига ёзган мурожаати тегишли мутахассислар иштирокида ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида, бирлашма бошлиғининг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ноқонуний чиқарилган буйруғига протест келтирилиш орқали бекор қилинди. Мурожаат муаллифининг эса ўз иш ўрнига қайта тикланиши таъминланди.