Бош механикнинг кирдикорлари

10:30 - 25.11.2021

6

Шерали Собировнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Самарқанд темирйўл масофаси корхонасида бош механик вазифасида ишлаётганига ҳали кўп бўлмади. Илгари судланиб жазосини олган йигит ўтмишдаги хатоларидан хулоса қилмаган экан.

Шералининг вазифаси техникаларни соз ҳолатда сақлаш, ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, тарқатиш ҳамда уларнинг ҳисоботини олиб бориш эди. «Ўзнефтгазинспекция»нинг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими томонидан Ш.Собировнинг жавобгарлигида бўлган нефть маҳсулотлари қолдиғи ҳисобхона қолдиғи билан таққослаб кўрилганда унинг қилмишлари очилиб қолди.

Шерали ўша пайтлари устахонада таъмирда бўлган «VМТ-980» русумли мотовозга 2020 йил ноябрь-декабрь ойларида ҳамда 2021 йилнинг январь ойида йўл варақалари расмийлаштиради. Ноябрь ойида 1080 литр, декабрь ойида 1854 литр ва 2021 йилнинг январь ойида 1831 литр, жами 21 млн. 736 минг 753 сўмлик 4765 литр дизель ёнилғиси мотовозга берилди деб асоссиз ҳисобдан чиқаради.

Бундан ташқари, Самарқанд темирйўл масофасига қарашли учта мотовозга 2020 йил ва 2021 йилнинг январь-февраль ойларида ёзилган маршрут варақалари 7 та темирйўл бекатида поездлар ҳаракатини назорат қилиш журналларида қайд этилган кўрсаткичлар ва мотовозлар ёрдамида ишларни ташкил этиш учун талабномалар билан таққосланганда, 2020 йилнинг март ва июль ойларида корхонага қарашли «МПТ-4» русумли мотовозга бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш эвазига 561 литр, 2020 йилнинг январь, февраль, сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида бошқа бир мотовозга қўшиб ёзиш эвазига 1578 литр ва 2020 йилнинг сентябрь, октябрь ва 2021 йилнинг февраль ойларида «VMT-980» русумли мотовозга қўшиб ёзиш эвазига 1130 литр, жами 15 млн. 327 минг 35 сўмлик 3269 литр дизель ёнилғиси асоссиз равишда ҳисобдан чиқарилгани аниқланди.

Судда Ш.Собиров айбига иқрор бўлди. Ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган 37 млн. сўмдан ортиқ пулни тўлиқ қайтарганини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, қонуний енгиллик сўради. Суд ҳукми билан Шерали 1 йил темирйўл тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.