Яхшидан боғ қолади

12:30 - 25.11.2021

16

Ўтган ҳафтада Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Оқтош қишлоғида 53 туп кўп йиллик дарахт ноқонуний кесилгани хабар қилинди. Улардан бири – ёши 150 дан ошган эман дарахти мебель саноати учун жуда қимматбаҳо хомашё саналар экан. Афсуски, арралангани боис энди ундан ниҳоллар ўсиб чиқмайди, шу кўйи бу азамат дарахт бутунлай йўқ бўлди. Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу ғайриқонуний ҳаракат натижасида ўсимлик дунёсига 288 млн. 792 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Нопок кимсалар топилиб, жарима ҳам ундирилар, аммо мусаффо ҳаво инсон саломатлиги гарови экани ойдинлашаётган
шу кунларда заҳарли газларни ютиб, тоза ҳаво улашаётган 53 та дарахтнинг ўрнини қоплаш учун ҳазилакам вақт кетмайди. Мутахассислар янги ниҳол 20 йилдан сўнггина иқлим сифатига таъсир этишини таъкидлашади. Яширишнинг ҳожати йўқ, шу пайтгача ҳудудларда дов-дарахтлар кўр-кўрона кесиб келинди. Бу борада керакли чоралар кўрилса-да, барибир кўздан пана жойларда ёки тунги вақтларда яшнаб турган дарахтларга арра урилаверди. Аммо бир нарсани унутмаслик керакки, сайёрамиздаги тирикликни, она еримизнинг нафас олишини таъминлаб турган неъматлар худди шу дов-дарахтлардир. Уларни асраб-авайлаш, янги боғлар яратиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш ҳаёт-мамот масаласи экани яқингинада пойтахтимиз узра чангли тўзон ёпирилган кезлари яна бир бор ўз исботини топди.

Давлат сиёсати даражасида

Айни шундай паллаларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини эълон қилиши эса глобал тус олган экологик муаммоларнинг оқилона ечими сари ташланган муҳим қадам бўлди.

Лойиҳа доирасида ҳар йили юртимиз тупроқларига 200 миллион
туп дарахт ва бута кўчатларини ўтқазиш режалаштирилган. Илгари ҳам дарахт экиш билан боғлиқ турли тадбирлар, акциялар мунтазам ўтказиб келиниб, бундан бирон натижа чиқмаганини яхши биламиз. Янги лойиҳа илгари сурилган видеоселекторда бу ҳақда ҳатто давлатимиз раҳбари ҳам алоҳида тўхталиб, «Шунча йилларда қоғозда экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтараяпмиз. Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик билан, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш керак» дея таъкидлади.

Хўш, давлат сиёсати даражасига кўтарилган ушбу лойиҳа нима учун умуммиллий дея аталмоқда? Мазкур лойиҳанинг илгариги кўчат экиш акцияларидан қандай фарқи бор? Шу каби саволлар билан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига мурожаат қилдик.

Келажак учун бебаҳо сармоя

– Президентимиз илгари сурган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини моҳиятан келажакка йўналтирилган бебаҳо сармоя деб билиш керак, – дейди қўмита раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Озод Ражабов. – Чунки бугун экологик муаммолар бутун дунёда биринчи ўринга чиққан. Иқлим ўзгаришлари бўйича халқаро конференцияларда, дунё миқёсидаги турли тадбирларда, БМТ анжуманларида экологик муаммоларни қандай ечиш ҳақида бош қотирилмоқда.

«Яшил макон» – бундай муаммоларга ечим топиш мақсадидаги сиёсат натижаси. Лойиҳа доирасидаги вазифалар фақатгина Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалигини ривожлантириш давлат қўмитаси ёки ҳокимликлар, ташкилотларнинг иши эмас, балки бутун мамлакат бир бўлиб ҳамжиҳатликда амалга ошириладиган катта тадбирдир. Кўчатлар экилиши бир марталик акция ҳам эмас. Умуммиллий лойиҳа ҳаммани – катта идора-ташкилотлардан тортиб, оддий фуқароларгача – бутун мамлакатни қамраб олади. Ҳаракатлар ҳосиласи бироз вақт ўтиб бўй кўрсатганидек, мазкур лойиҳанинг аҳамиятини ҳам орадан йиллар ўтгач теранроқ англаймиз.

Сир эмас, илгари «Бир миллион туп дарахт» каби акциялар ўтказилар, аммо бу ҳаракатлар натижаси сезилмасди. Чунки унда кўчатлар номига, ҳисобот учунгина ўтқазиб кетилаверган, ҳудудларнинг об-ҳавоси, иқлими ҳисобга олинмаган. Экилган кўйи ўз ҳолича қолгани, парваришланмагани боис ниҳоллар тутиб кетмаган. «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги ҳар бир кўчатнинг эса ўз эгаси бор. Энди кўчатлар дуч келган жойга шунчаки суқиб кетилавермайди, суви, парвариши назоратга олинади, қуриб қолишига йўл қўйилмайди.

Дарахт қанча зич бўлса…

Бундан ташқари, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасидан кўплаб эзгу ташаббуслар ўрин олган. Шаҳарлардаги яшил ҳудудлар 8 фоиздан 30 фоизга оширилиши шулар жумласидан. Айтиш жоизки, дарахтлар ва†шаҳарнинг кўкаламзор ҳудудлари ҳаво сифатига бевосита таъсир кўрсатади. Яъни улар аввало шаҳарлардаги ҳароратни пасайтиради, ҳавони† тозалайди. Ёзда соя бериб, қишда шамолларни тўсиш орқали биноларда энергия сарфини† камайтиради. Демак, шаҳарларимизда дарахтлар қанча зич бўлса, ҳаво сифати шунча юқори бўлади. Юртимиз бўйлаб 2 ноябрдан бошланган долзарб 40 кунлик дои расида айни пайтда кўчат экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Барча вазирликлар, идора ва ташкилотлар сингари прокуратура органлари ҳам мазкур лойиҳада фаол иштирок этаётгани диққатга сазовор.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг маълумотларига кўра аввало ниҳолларнинг тутиб кетиши учун қулай бўлган жойлар танланмоқда. Бу жараён эколог, биолог олимлар, табиатшунослар, уста боғбонлар билан биргаликда ҳал қилинмоқда. Аҳамиятлиси, тавсия этилган 27 турдаги дарахтлар орасида каштан, лола дарахти, липа, павлония, оқ қайин, эман, япон сафораси каби манзарали ҳамда терак, тут, жийда, беҳи, узум каби маҳаллий дарахт ва буталар мавжуд. Буларнинг қай бири қайси ҳудудга мос келишини мутахассислар пухта ўрганиб чиқишган.

Ҳар бир ҳудуд ўз иқлимидан келиб чиқиб, мосини танлаб олади. Жумладан, шимолий минтақамизда гужум, тўранғил, қорамон яхши ўсса, водий вилоятлари ерларига умуман бошқа ниҳолларни экиш керак. Бу эса илгариги хатоларни такрорламасликка ёрдам беради.

Эзгу амал

Қорли-қировли кунлар бошланмасидан ерга кўчат экишга
улгурилса, савобли мақсадларга етишимиз ҳам тезлашади.
Бироқ лойиҳа билан танишсак, бу амаллар шунчаки шошқалоқлик билан қилинмаётгани, ҳар бир жиҳат эътиборда эканига амин бўламиз. Жумладан, Қорақалпоғистон Рес публикаси ва Хоразм вилоятига совуқ эрта тушиб, тупроқ тез музлаши боис бошланган ҳаракатлар маълум вақтдан сўнг тўхтатилади ва баҳорда давом эттирилади. Қолган ҳудудларда қуёшли кунлар тафти босилгунча улгуриш жоиз. Шу боис мазкур 40 кунлик долзарб аҳамиятга эга. Кўчат экишнинг сифатли бажарилиши, сохта рақамларни ара лаштирмаслик, ирригация тармоқлари ва озиқлантириш манбаларини аниқлаштириш, парвариши учун масъул шахс бириктириш Қўмита томонидан мониторинг қилиб борилади. Бу борада яна бир янгилик.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ерга экилган ҳар бир кўчат, ниҳол, қаламча, икки-уч ёшли дарахтнинг ҳисобини юритади. Бунинг учун қўмитанинг daraxt2020.uz платформаси ишлаб чиқилди.

Исталган ҳудудда экилган кўчат ҳақидаги маълумотлар ушбу платформага жойлаштирилади.

Платформа тўлиқ ишга тушгач, кўчат ўтқазилган жой, унинг ўсиши, парваришлаш жараёни суратлар, видеолавҳалар кўринишида жамоатчиликка тақдим этилади. Бундай очиқлик эса турли кўзбўямачиликларнинг олдини олади. Ерга ниҳол қадаш – энг гўзал амаллардан. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг ҳатто номи ҳам эзгуликни тараннум этмоқда.

Лойиҳа давомида тупроқларимизга экилаётган ни ҳоллар яқин
келажакда азамат дарахтларга айланиб, Ўзбекис тонимиз яшилликка бурканиши шубҳасиз.

Юлдуз ҲОЖИЕВА,
«Huquq»