Давлат раҳбари янги тўқимачилик корхонасини бориб кўрди

09:00 - 24.11.2021

3

Президент Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманидаги “Реал Текс Ташкент” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Қиймати 50 миллион доллар бўлган мазкур корхона шу йил май ойида ишга туширилган. Замонавий ускуналар ўрнатилиб, ип-калава, мато ва тайёр тўқимачилик товарлари ишлаб чиқариш, бўяш ва гул босиш йўлга қўйилган. Ўтган қисқа вақт мобайнида 390 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 19 миллион долларлик экспорт қилинган.

Корхона йилига 22 минг тонна ип-калава, қарийб 6 миллион погон метр мато тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда 1 минг 800 киши иш билан таъминланган.

Давлатимиз раҳбари корхона маҳсулотларини кўздан кечирди. Мутасаддиларга қайта ишлашнинг кейинги босқичларини ўзлаштириб, маҳсулот турларини ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари иштирокида йиғилиш бўлди. Йиғилишда янги тизим асосида маҳаллаларда туман ҳокими ёрдамчиси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг ёрдамчиси – ёшлар етакчиси лавозимларини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

– Дунёда бундай тажриба ҳам, китоб ҳам йўқ. Бунинг учун аввало фидойи бўлиш, халқни севиш керак. Бу икки лавозимда ишлайдиганлар маҳаллада ислоҳотлар пойдевори бўлади. 
Улар тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширади. Бу жуда катта масъулият ва шараф, – деди Президент.

Шайхонтоҳур тумани бўйича янги тайинланган ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари сўзга чиқиб, маҳаллалардаги муаммоларни, уларни ҳал этиш борасидаги таклифларини айтди. Давлатимиз раҳбари уларни қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга кўрсатмалар берди.