Мақсадлар жозибадор эди…

16:30 - 24.11.2021

6

«Bento mir» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муродулла Эгамбердиев 2019 йил 10 декабрь куни «Агробанк»нинг Деҳқонобод филиали бошқарувчисига кон саноатида бурғулаш ишлари учун зарур бўлган эритмаларни ҳамда қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, сувни тежовчи материаллар ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуналарни сотиб олиш мақсадида кредит сўраб мурожаат қилган эди.

Тадбиркор банк кредит комиссияси мажлисининг баёнига асосан 36 ой муддатга йиллик 24 фоиз устама тўлаш шарти билан 160 миллион сўм кредит олишга эришди. Ҳа, аризада кўрсатилган мақсадлар жозибадор эди. Бироқ… Тадбиркор тезда ваъдасини унутди. Кредитдан тўғри фойдаланмасдан онаси М.Ўзбекованинг «Kremniy grant energo» хусусий корхонаси билан 2019 йил 5 декабрь куни «асбоб-ускуналар олиш учун» деган мазмунда қалбаки юк хати тузиб, шу ҳужжатга асосланган ҳолда 160 миллион сўм пулни мазкур корхона ҳисобрақамига ўтказди. Шу тариқа кредитнинг 156 миллион 800 минг сўмини бошқа мақсадда ишлатиб юборди.

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани судида Муродулла Эгамбердиевнинг мазкур жиноят иши кўрилди. Судланувчи М.Эгамбердиев судда айбига иқрор бўлиб, чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди. Унинг қайд этишича, кредит зарур асбоб-ускуналар сотиб олишга етмаган, шу сабабли бу маблағни бошқа ускуналар сотиб олишга ишлатиб юборган. Кредитни ўзлаштириб кетиш нияти бўлмаган, судгача уни тўлиқ қайтарган, бизнесни яхши тушунмагани сабабли қонун бузилишига йўл қўйган. Фуқаровий даъвогар бўлган банк мутасаддилари ҳам иш бўйича М.Эгамбердиевга нисбатан банкнинг даъвоси йўқлиги, чунки у ажратилган кредитни тўлиқ қайтаргани ҳақида кўрсатув беришди. Суд ҳукмига кўра айбли деб топилган М.Эгамбердиевга Жиноят кодексининг 71-моддаси қўлланиб, жазо тайинланмади. Тадбиркор аввало ҳисоб-китобни пухта қилиб, режа тузганида, олинган кредитни тийинигача тўғри сарфлаганида ниятига эриша олади. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, ўзи ҳам даромад топади, элдошларини ҳам иш билан таъминлайди. У ҳам бундан хулоса чиқарса ажаб эмас…