“Ўзим ўқийдиган университетга киритиб қўяман. Текинга эмас, албатта…”

14:30 - 24.11.2021

11

Тошкент давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг 3-босқич талабалари Сулаймон Одамбоев билан Жавоҳир Шоҳназаровнинг омади келиб, Тошкент давлат аграр университетининг спорт клубида мураббий сифатида иш бошлашди. Аммо улар нафс йўриғига юрди.

Спорт клубида Анвар Талипов қоровул бўлиб ишларди. Йигитлар университетда иш бошлагач, қоровул билан танишиб, тез-тез суҳбатлашадиган бўлишди. Ўзаро гурунгларнинг бирида С.Одамбоев ўзи ўқийдиган университетда абитуриентларни ўқишга киритиб қўя оладиган таниши борлиги ҳақида гапириб қолади. Агар талабгорлар бўлса, ўқишга киришида ёрдам беришини таъкидлайди. Албатта, бу хизмат маълум ҳақ эвазига бўлишини ҳам қистириб ўтади. Қоровул пулини сўраганида, 6 минг АҚШ доллари бўлишини айтади.

Орадан кўп ўтмай қоровул жияни Санжар Муродовнинг Тошкент давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига кириш ниятида эканлигини эшитади. Унга С.Одамбоевнинг таклифини айтади. Ҳатто жиянининг олдида унга қўнғироқ қилиб, ўқишга кириш нархини савдолашади. Суҳбат давомида С.Одамбоев 4 200 АҚШ долларига С.Муродовни ўқишга киритиб қўйишга рози бўлади.

Шундан сўнг С.Одамбоев иш билан Хоразм вилоятига кетганлигини айтиб, келишилган пулни, паспорт нусхаси ва мактабни тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномани жиноий шериги Ж.Шоҳназаровга бериб қўйишини тайинлайди. Амаки ва жиян пул ҳамда айтилган ҳужжатларни тахт қилгач, бир танишини учратиб қолиб ўқишга кириш бўйича маслаҳат сўрашади. У одам фирибгарларга дуч келганликларини айтиб, амаки-жиянни огоҳлантиради. 

Шундан сўнг улар С.Одамбоев ва Ж.Шоҳназаровнинг қилмишлари ноқонунийлигини тушуниб, тегишли жойга ариза билан мурожаат қилишади. 2021 йилнинг июнь ойида департаментнинг Учтепа тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда аввал Ж.Шоҳназаров  4 200 долларни А.Толиповдан олган пайтида ушланди. Шундан сўнг унинг розилиги билан тадбир давом эттирилди. Ж.Шоҳназаров пулларни жиноий шеригига олиб бориб берган пайтида С.Одамбоев ҳам қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди С.Одамбоев ҳамда Ж.Шоҳназаровга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан икки йил олти ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.