Ароқ тайёрлаш аёлнинг ишими?

12:30 - 24.11.2021

12

Танишларидан қўлбола ароқ ишлаб сотса, кўп фойда қолишини эшитган Г.Давлетиярова тинчини йўқотди. Дорихоналардан бир неча дона тиббий спирт маҳсулотларини сотиб олиб, уйига олиб келди.

Шу тариқа “тадбиркорлик” билан шуғулланишни ният қилган аёл дастлаб қўлбола усулда тайёрлаган 1-2 шиша ароқни таниш-билишларга сотиб кўрди. Бошланиши ёмон бўлмади. Шундан сўнг у ўз “фаолияти”ни кенгайтириш ҳақида ўйлай бошлади. Орадан кўп вақт ўтмай “ишлаб чиқариш” кўлами кенгайиб, қўлбола ароқларнинг савдоси авж олди.  Г.Давлетиярова ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўз уйидан яширин цех ташкил қилди. Сўнгра ароқ қопқоқлари, плёнка ва бошқа зарур бўлган маҳсулотларни йиғди.  Рангли принтер ёрдамида эса қалбаки акциз маркалар чиқарди. Бир сўз билан айтганда, ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмасдан туриб ноқонуний тарзда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш ва тарқатиш фаолиятини кенгайтирди.

Маълумки, бу каби қонунга зид ҳаракатларнинг умри қисқа бўлади. Г.Давлетиярова кунларнинг бирида навбатдаги харидор Э.Хидирбоева исмли фуқарога ўзи томонидан қўлбола усулда тайёрланган 48 шиша “Қаратаў” ароқларини 680 минг сўмга сотмоқчи бўлди. Аммо бу сафар унинг савдоси “ўхшамади”. Чунки у ушбу жиноятни амалга ошираётган пайтда қўлга олинди.

Г.Давлетияровага нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан унга 2  йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.