Интерпол обрўсига зид иш

16:30 - 23.11.2021

6

Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги миллий марказий бюросининг асосий вазифаларидан бири — хорижий давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари билан жиноятчиликка қарши курашиш масалалари бўйича ахборот алмашинувини ташкил қилиш. Айни пайтда мазкур идора чет элга қочиб кетган жиноятчилар билан бир қаторда ўз мамлакатида ёки бошқа давлатларда жиноят содир этиб, республикамиз ҳудудига қочиб келган жиноятчиларни ҳам топиб, хорижлик ҳамкасбларига кўмаклашмоқда. Мана шундай нуфузли идорада ҳам ўз манфаати йўлида хизмат мавқеидан фойдаланиб жиноятга қўл урган шахслар учраётгани афсусланарли ҳолдир. 

Жумладан, Интерполнинг миллий марказий бюроси ахборотларга тезкор ишлов бериш ва мувофиқлаштириш бўлими ўта муҳим ишлари бўйича тезкор вакили Фармон Ҳотамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва бюронинг умумжиноятларга қарши курашиш ва халқаро қидирувни ташкил қилиш бўлими ўта муҳим ишлари бўйича тезкор вакили Шариф Эркиновлар ушбу идоранинг обрўсига зид ҳаракатлар қилишгани маълум бўлди.

Ф.Ҳотамов юртимиздаги тўқимачилик фабрикасида ишлаш мақсадида 2020 йил октябрь ойида келган Туркия фуқароси Гулер Эртен ўз юртида маҳаллий қидирувда эканлигидан, шунингдек шахсини тасдиқловчи миллий паспортининг амал қилиши бекор қилинганлигидан хабардор бўлади. Ф.Ҳатамов дарҳол Г.Эртенни топади. Унга мазкур вазиятдан Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларини хабардор қилишини ва республикамиз ҳудудидан чиқариб юбориши мумкинлигини айтиб қўрқитади. Ф.Ҳотамовнинг мақсади ундан пул ундириш эди. У жиноий режасини амалга ошириш мақсадида Г.Эртенни ўзининг хизмат хонасига таклиф қилиб, суҳбатлашади ва паспортида муаммо борлигини айтади. Аммо бўлиб ўтган суҳбат юзасидан бирон-бир расмий ҳужжат расмийлаштирмасдан, Гулерга жавоб бериб юборади.

Орадан бир неча кун ўтиб, Ф.Ҳотамов режасини амалга ошириш учун бу ишга Интерполнинг яна бир ходимини жалб қилади. У Г.Эртенни ҳақиқатда чегарадан чиқариб юбориши мумкинлигига ишонтириш ва пора беришга мажбур қилиш учун ҳамкасби Ш.Эркиновни ишга солади. Икковлон ўзаро жиноий тил бириктириб, яна бир Туркия фуқароси бўлган Сари Олжайга Г.Эртеннинг телефон рақамини бериб, унга қўнғироқ қилдиришади ва унга тегишли чора кўрмаслик эвазига 2000 доллар беришини талаб қиладилар. Г.Эртен эса ўзига нисбатан чора кўрилмаслик эвазига пора тариқасида С.Олжай орқали Ф.Ҳотамов ва Ш.Эркиновга 1800 доллар пул беришга рози бўлади.

2021 йил 1 февраль куни Г.Эртен Қибрай тумани ҳудудида келишилган пулнинг 1000 долларини ҳамюрти орқали бериб юборади. Қолган 800 долларини эса 16 февраль куни Яккасарой тумани ҳудудида беради. Бу пулларни Ф.Ҳотамов ва Ш.Эркинов ўзаро тақсимлаб олишади. Аммо улар бу билан чекланмайди. Г.Эртендан яна 200 доллар талаб қила бошлайдилар. Бу пулларни бермаса Ўзбекистондан депортация қилиб юбориш билан қўрқитадилар.

Қўрқитишлардан безиган Г.Эртен бу сафар қонуний йўлдан боришга аҳд қилади. Икки ходимнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан тегишли жойга ариза билан мурожаат қилади.

Мазкур ариза бўйича ўтказилган тезкор тадбирда Ф.Ҳотамов ва Ш.Эркинов ашёвий далиллар билан ушланди. Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Унга кўра Ф.Ҳотамов билан Ш.Эркинов 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.