Она ўғлини ҳарбий либосда кўролмади

14:30 - 23.11.2021

15

2016 йил август ойида ўғли Россия Федерациясидан жўнатган пулларни олиш учун Денов тумани марказидаги банкка борган М.Мусаева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тасодифан О.Мамарасулов билан танишиб қолди. Суҳбат давомида 2 нафар ўғли ишсиз эканлигини айтган эди, Оғабек улардан бирини ички ишлар ёки ҳарбий хизматга ишга киритиб қўйиши мумкинлиги ҳақида оғиз кўпиртириб қолди. Гап орасида ўғли ишга кириб, форма кийганидан сўнг бу хизмати 2 минг АҚШ доллари бўлишини ҳам қистириб ўтди.

Бу гапдан оғзи қулоғида бўлган она уйига жўнади. Бир ой ўтгач Оғабек қўнғироқ қилиб, танлов бошланганлигини, 500 АҚШ доллари ва ўғлига тегишли ҳужжатларни олиб келишини сўради. Бу гапдан она ҳайрон. Пулни форма кийгандан сўнг олмоқчи бўлганини эслатган эди, Оғабек пулни бошлиқларига олиб бориб беришини айтиб, уни хотиржам қилди. Октябрь ойида Оғабек яна қўнғироқ қилди. ИИБга ишга киритиш қийин бўлаётганини, лекин ДХХ чегара қўшинларига ишга жойлаб қўйиши мумкинлигини айтиб, ўғлини ўзи билан олиб кетди-да, 2-3 кун ўтиб қайтиб келишди. Ойнинг охирида яна телефон қилди. Ишлар ҳал бўлаётгани, ўғилча бу сафар аниқ ишга киришини ваъда қилиб, яна 400 АҚШ доллари олиб кетди. Аммо орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтса-да, ўғилнинг иши ҳал бўлмади. Бундан хавотирга тушган она Оғабекка кетма-кет қўнғироқ қила бошлади.

Оғабек таниши Озодга “Бир аёлга ўғлини ишга жойлаштираман, деб ваъда бергандим. Ҳозир ўша аёлга сизни бошлиғим, деб таништираман. Яхшилаб рол ўйнаб берсангиз бўлди. Баҳонада уч-тўрт сўмлик бўлиб қоламиз” деди-да, уни М.Мусаевага рўпара қилди. “Бу киши ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди бошлиғи ўринбосари, менинг бошлиғим. Ҳамма ишларни бевосита шу киши ҳал қилади”. Озод шу заҳоти ролга киришди. М.Мусаева уларга ишонди. Ниҳоят 2018 йилнинг 29 июнида О.Мамарасулов онага телефон қилди. Ўғлининг иши ҳал бўлгани, Термиз ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отрядига буйруғи чиққанлигини айтиб, Термиз темир йўл вокзали олдига келишини сўради. Эртаси куни айтилган жойда уни Оғабек кутиб олди ва буйруқ ёзилган бир варақ қоғозни берди-да, ўғли ҳарбий либос тиктираверишини айтди.

Аммо шундан кейин ҳам орадан анча вақт ўтса-да, ўғлини ишга чақиришмади.  2019 йил февраль ойида сохта буйруқ, ҳатто сохта гувоҳномагача кўрсатиб, иш ҳал бўлаётганлигини айтишди. Орадан кўп ўтмай, Оғабек М.Мусаеванинг ўғлини кўмир омборини қўриқлаш бўлимига олиб борди, шу ерга буйруғи чиққанлигини айтиб ташлаб келди. Уч кун ишга бориб юргач, йигитча буйруқ чиқмаганини билиб, уйига қайтиб келди.

Баҳор ўтиб, ёз келди. Озод Оғабек ваъдасининг устидан чиқолмай, М.Мусаевадан олган пулларини қайтариб бераётганидан хабар топди-да, шоша-пиша онага  телефон қилди. “Опа, Оғабек сизларни алдаб юрибди. У ишга киритиш унинг қўлидан келмайди. Хўп десангиз, ўғлингизни ўзим Миллий гвардияга ишга киритиб қўяман. Танишларим кўп”… Соддалик қурсин, фарзанди ишга жойлашишидан умидвор она яна унга ишонди. У 2019 йил 2 октябрь куни Денов шаҳридаги супермаркет ёнида М.Мусаева билан учрашди. “Катта”ларга дея 900 АҚШ доллари, бу пулларни Тошкент шаҳрига олиб бориб бериш учун эса йўл кира сифатида яна 365 минг сўм пулни қўлга киритди. Ишончли бўлиши учун ўғлига тегишли ҳарбий гувоҳноманинг асл нусхасини ҳам сўраб олди. Икки ҳафтача вақт ўтгач, онага қўнғироқ қилиб, ишга жойлаштираётган “катта” яна 300 АҚШ доллари сўраётганини, бермаса иш ҳал бўлмаслигини айтиб, эртаси куни бу пулларни ҳам чўнтагига урди. Шундан кейин “нафси ҳакалак отди-ю”, “бер-бер”ни бошлади.

Чунончи, 29 октябрда 400, 10 ноябрда яна 100 АҚШ доллари, кўп ўтмай “спид текширувлари учун” дея 500 минг сўм, 19 декабрда 100 АҚШ доллари, кейин “ишга киритувчилар чой ичиши учун” дея 465 минг сўм, 2020 йилнинг 15 январь куни яна 100 АҚШ доллари олиб, М.Мусаеванинг жами 1.900 АҚШ доллари ҳамда 1 миллион 340 минг сўм пулини олиб  ўзлаштирди. Онага эса ўзи йўқ “таниш”ларига берганини айтиб, кутишни маслаҳат бераверди. Шундан кейингина М.Мусаева алданганини билиб қолди ва тегишли органларга ариза билан мурожаат қилди. Бундан хабар топган Озод шоша-пиша ундан олган пуллардан 400 АҚШ долларини қайтарди-да, қолганини ҳам тезда беришини айтиб, вақт сўради. Аммо тўрт йилга яқин вақт мобайнида алданиб юрган она бу сафар уларга ишонмади…

Суд томонидан “ҳожатбарор”лар Оғабек Мамарасулов ҳамда Озод Зокировларга қилмишларига яраша тегишли жазо тайинланди.