Мен газета ўқийман

10:30 - 23.11.2021

17

Ҳозирги кунда деярли ҳар бир соҳанинг ўз босма нашри бор. Мен Бош прокуратуранинг «Ҳуқуқ» газетасини ўқиб бораман. Ҳамкасбларимнинг баъзи мақолаларини ўзаро муҳокама ҳам қиламиз. Газетанинг деярли ҳар сонида тизимда ишлаб пенсияга чиққан ва бугунги кунда қарилик гаштини сураётган фахрийларга қутловлар бериб борилади. Уларнинг орасида устозларим бўлса, қўнғироқ қилиб табриклайман. Булар тизим ходимлари хабардор бўладиган оддий хабарлар, холос.

Аслида эса газета – маънавият ўчоғи. Уни мунтазам ўқиган кишининг дунёқараши юксалиб бораверади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, адолат ва маънавият чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашда бунга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳуқуқшуноснинг юксак инсоний ва маънавий фазилатларга эга бўлиши унинг адолатли қарор қабул қилишида муҳим омиллардан биридир. «Ҳуқуқ» газетасида айни прокуратура тизими билан боғлиқ мақолалар, янгиликлар бериб борилади. Шунингдек, турли соҳа вакилларининг публицистик мақолалари, ибратли ҳикоялари ҳар қандай инсонни мулоҳаза қилишга чорлайди.

Бугун хабар улашувчи воситалар кўп. Хусусан, воқеалардан бохабар бўлиб бориш учун интернетга тез-тез мурожаат қиламиз. Аммо унда хаёлни чалғитар даражада бир-бирини инкор этувчи «янгилик»лар тўлиб-тошиб ётибди. Бир неча тармоқдаги бир хил хабарни турлича талқинда ўқиган ўқувчи асл ҳолат нима экан деган савол қошида иккиланиб қолиши ҳам бор гап. Ана шундай пайтда ишончли манбаларга асосланган газеталарга ёки расмий сайтларга юзланамиз.

Тўғри, интернетдаги ижтимоий тармоқлар бугун ахборот етказиш борасида анча ўзиб кетган. Аммо улар ҳеч қачон газетанинг ўрнини боса олмайди. Эътибор беринг. Бир сайтда шов-шувли ахборот узатилди. Ярим соатдан сўнг у ўзгариб қолиши, ҳатто олиб ташланиши ҳам мумкин. Газета – ҳеч қачон ўлмайдиган, вақт ўтса ҳам сақланиб қоладиган ҳужжатдир.

Менимча, бу борада босма нашрлар илғорликни ҳеч қачон ҳеч кимга бермаса керак. Негаки, газета – ҳужжат, у – архив. Асрлар ўтиб жамиятнинг бугунги қиёфасига унга қараб баҳо берилади. Шунинг учун босма нашрлар бошқа оммавий ахборот воситаларига нисбатан анча залворли. Газетада босилган ҳар бир сўзнинг ўз масъулияти бор. У босиб чиқарилгач, на таҳрир қилиб, на ўчириб ташлаб бўлади.

Жамиятнинг маданияти юксалишида ҳам газетанинг ўрни салмоқли. Негаки, айнан газета тил софлигини, унинг адабий-бадиий хусусиятларини, сўз юки ва қудратини нафақат сақлаб қолади, балки ошириб ҳам боради. Босма нашрда ҳар бир сўз чуқур ва кенг маънога эга. Газета адабий тил қоидаларига тўлиқ амал қилгани учун ҳам қадрли. Газетачилар ўз ўқувчилари олдидаги юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда, мулоҳазакорлик, ҳаққонийлик, ҳалоллик ва бурчга содиқликни фаолиятининг асосий тамойиллари деб билишади.

Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бир неча соат интернет титиб, маънавий савияси паст постларни, уларга билдирилган маъносиз изоҳларни ўқигандан кўра ярим соат газета ёки китоб мутолаа қилган одамнинг ҳам онги, ҳам саводи юксалади.

Навруз РАЙИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий
прокуратураси бўлим ҳарбий прокурори