Оқ-қора сурат ёхуд уруш кўрган ходим

18:00 - 23.11.2021

21

Ҳарбий хизматни Афғонистонда ўтаган, ҳозир Мажбурий ижро бюросининг Избоскан тумани бўлими бошлиғи вазифасида ишлаётган Комилжон Давлатов 29 йилдан буён прокуратура органлари тизимида турли лавозимларда фаолият юритиб келмоқда.

Унинг раҳбарлигида 2021 йилнинг 10 ойида 42 млрд. 113 млн.
243 минг сўмлик 5990 та ҳужжатнинг ижроси таъминланган.
Алимент билан боғлиқ ҳужжатларнинг ижроси давомида кўплаб
оилалар яраштирилмоқда. Қайд этиш жоизки, 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида унинг ташаббуси билан 157 та оила ярашув
йўлини танлади.

Комилжон Давлатов ўз ҳаёти ҳақида гапирар экан, шундай дейди:
«Ўзим Норин туманида туғилган бўлсам-да, Андижон шаҳрида улғайдим. Оилада икки ўғил ва икки қиз эдик. Ота-онам бизни ҳалол меҳнат билан вояга етказди. Пешонада Афғонистонда хизматни ўташ бор экан, шуни ҳам кўрдик. 10 йил мобайнида Андижон вилоятидан 4915 киши афғон урушида қатнашган, улардан 673 нафари ногирон бўлиб қайтган бўлса, 151 нафари ҳалок бўлди».

Эндигина институтни тамомлаб, иш бошлаган Комилжон Давлатов 1982 йилнинг ноябрь ойида Афғонистонга ҳарбий хизматга чақирилади. Хизмат давомида Кобул шаҳри ҳамда Суруби қишлоғида объектларни қўриқлаш билан бирга ҳудудга четдан қурол, наркотик моддалар олиб кирилишининг ҳам олдини олган.

Шу йиллар давомида хизмат бурчини виждонан бажариб, кўплаб
ҳарбий ҳаракатларга тўқнаш келди ва тўрттасида мардонавор қатнашди. Турли портлашларнинг гувоҳи бўлди, кўз ўнгида сафдошларининг минадан оёқлари узилгани, вафот этгани ҳамон ёдида. У жанговар хизматлари учун ўндан ортиқ медаль билан тақдирланди.

Шунингдек, К.Давлатовнинг узоқ йиллик самарали меҳнати прокуратура раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланиб, «Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими» ҳамда III даражали «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Ойистахон АБДУРАХМАНОВА,
МИБ Андижон вилояти бошқармаси
катта инспектори