Касбини улуғлаган қадр топади

12:30 - 23.11.2021

4

«Ўзбекистон Республикасининг фахрий ёрлиғи», «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги» эсдалик нишони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими» кўкрак нишони соҳиби Малик Эсанов нафақат ўнлаб шогирдларнинг устози, балки «Дастлабки тергов процессуал ҳужжатлари намуналари», «Тергов ва суриштирув устидан назорат», «Дон ва дон маҳсулотларини талонторож қилиш жиноятларини тергов қилиш», «Рангларнинг криминалистик номланиши», «Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш», «Тергов», «Прокурор назорати ҳужжатлари», «Терговчи» каби услубий-амалий қўлланмалар муаллифи ҳам ҳисобланади. Бундан ташқари, 1996 йилда суратга олинган «Тугун» номли телесериалга маслаҳатчилик қилган, туман прокурори ролини маромига етказиб ўйнаган ҳам Малик Эсановдир. Табиийки, буларнинг барчаси тинимсиз меҳнатнинг маҳсули.

1993 йил 16 июнь куни соат 14:00 ларда Самарқанд шаҳридаги оилали талабалар истиқомат қиладиган ётоқхонадан Самарқанд давлат тиббиёт институтининг битирувчи талабалари бўлган Тоҳир Тангриев ва Анвар Остоновнинг жасадлари жиноят аломатлари билан топилади.

Шу заҳоти воқеа жойига вилоят ва туман прокуратураси ҳамда ички ишлар бошқармаси ходимлари етиб келишади, жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилади. Маълум бўлишича, бу талабалар ўша куни тиббиёт институтини тугатгани учун диплом олишган экан.

Воқеа жойини кўздан кечиришда жиноят қуроли топилмай, жабрланувчилардан бирининг кўйлагидан ташқари бошқа нарсалар йўқолмагани аниқланади. Шунингдек, олд қисми ҳамда енгларига қон сачраган, жабрланувчиларга тегишли бўлмаган эркаклар кўйлаги топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилади…

Айни ўша кунларда республика прокуратураси криминалистика бўлими бошлиғи Малик Эсановни Бош прокурор ҳузурига чақиртириб, давлат раҳбари мазкур жиноятдан хабардор эканлигини, қотилликни тезда фош этиш учун Самарқандга республика прокуратурасидан етарли билим ва тажрибага эга ходим юбориш ҳақида топшириқ берганини айтади.

– Самарқандга борган заҳотингиз жиноят ишини юритувингизга олиб, тезда фош этиш чораларини кўрасиз, – дейди Бош прокурор. – Бир нарсани ёдингиздан чиқарманг, Президентимиз биринчи марта қотилликнинг фош этилишини назоратига олди. Демак, давлат раҳбари бу ҳолат орқали прокуратура органлари бу каби жиноятларга қай даражада ёндашаётганини, қанчалик тез очаётганини текширмоқчи бўлаётган бўлиши ҳам мумкин. Шуни эътиборга олган ҳолда айтиш мумкинки, прокуратуранинг обрўси бу ишда терговнинг сифатли ўтказилишига ва унинг қанчалик тез очилишига боғлиқ. Масъулият ва вазифа қанчалар жиддийлигини англаб тургандирсиз! Самарқандга боргандан сўнг ходимларга ҳам буни тушунтириб қўясиз…

М.Эсанов шу куннинг ўзида Самарқандга етиб боради ва жиноят ишини ўз юритувига олиб, ўрганиб чиқади. Эртаси куни эса тергов ва тезкор қидирув гуруҳи аъзолари, Самарқанд вилояти ва шаҳар прокуратураси ҳамда ички ишлар органлари раҳбарияти ва ИИВ томонидан юборилган тезкор қидирув ходимлари иштирокида шошилинч йиғилиш ўтказилиб, жиноятни фош этиш юзасидан аниқ чоралар белгиланади ҳамда ишга киришилади.

Жабрланувчиларнинг шахси, ётоқхонада улар билан қўшни бўлиб яшаган, бирга ўқиган шахслар ўрганилганда айрим ҳолатлар ойдинлашади.

Жумладан, жабрланувчилар билан балкони бир бўлган қўшни хонада яшовчи эрхотин талабалар чой ичиб ўтиришганда нариги хонадан «Ёрдам беринглар!» деган овозни эшитишгани, бир неча сония ўтар-ўтмас кўкраги қонга беланган А.Остонов балкон эшиги ёнига йиқилгани, улар шу заҳоти «тез ёрдам»га хабар қилиш учун кўчага чиқишганини баён қилишади. Бошқа бир гувоҳ эса фожиа юз берган куни бегона бир йигит зинапоядан ётоқхонанинг учинчи қаватига чиқиб кетганини кўргани ҳақида кўрсатма беради.

Қани энди ҳозирги пайт бўлганда, бу бегона йигитнинг кимлиги кузатув камералари орқали тезда аниқлаб олинарди. Афсуски, у пайтлар гумондорларни аниқлаш бўйича шароит ҳозиргидек эмасди.

Қисқа муддатда Самарқанд шаҳридаги махсус комендатураларда жазо ўтовчилар ҳамда илгари судланган юздан ортиқ шахснинг жиноятга алоқадорлиги текшириб чиқилади. Жабрланувчилар билан бирга ўқиган 300 нафарга яқин талаба сўроқ қилинади. Шунингдек, ётоқхонага кирган бегона одам ҳақида гувоҳлик берган фуқаронинг кўрсатмаси асосида тайёрланган гумондорнинг фотороботи ходимларга тарқатилади. Кўп ўтмай фотороботдаги шахсга ўхшаш беш киши топилади. Уларнинг ҳар бири ўрганилиб, жабрланувчилар билан муносабати, терговда билдирган важларининг тўғри ёки нотўғри эканлигига эътибор қаратилади. Яъни бу шахслар қотиллик содир бўлган куни ва ўша вақтда қаерда бўлганига ойдинлик киритилади. Айнан мазкур жараён калаванинг учини топиб беради.

Юз тузилиши фотороботдаги шахсга ўхшаганлардан бири – А.Раҳимов эътиборни тортади. Маълум бўлишича, у 1987 йилда институтга қабул қилингандан сўнг жабрланувчилар билан олти ой бир уйда ижарада яшаган бўлиб, 1989 йилда ҳарбий хизматга чақирилади, 1991 йилда қайтиб келгач, яна ўқишни давом эттираётган экан. Шундан сўнг улар ўртасидаги муносабатлар алоҳида текширилади. Мазкур жараёнда А.Раҳимов 1987 йилнинг кузида Т.Тангриев ва А.Остонов билан жанжаллашиб қолгани, шундан кейин уларнинг муносабатлари бузилгани аниқланади.

Аммо у суҳбат жараёнида жабрланувчилар билан муносабатлари яхши бўлгани, жиноят ҳақида ҳеч нарса билмаслиги, фожиа содир бўлган куни ётоқхонага келмаганини билдиради. Бироқ воқеа жойидан топилган «бегона» кўйлак А.Раҳимовни яхши биладиган танишларига кўрсатилганда, улар бу кўйлак уники эканини айтиб, кўрсатма беради.

Шунингдек, уни кўрган гувоҳ ҳам бир неча шахслар орасидан А.Раҳимовни таниб, айнан у фожиа юз беришидан аввалроқ важоҳат билан юқори қаватга чиқиб кетганини таъкидлайди.

Шундан кейингина А.Раҳимов қотиллик жиноятига қўл урганини тан олади ва ўзининг иқрорлик кўргазмасида қуйидагиларни маълум қилади. 1987 йилда жабрланувчилар билан бир хонада ижарада яшаган пайтда улар А.Раҳимовнинг жисмоний камчиликларини юзига солиб, мазах қилишади. Шу сабабли улар жанжаллашиб қолади, охири А.Раҳимов чидай олмай ҳарбий хизматга жўнайди.

Хизматдан қайтгандан кейин ҳам улар эски гапларни қўзғаб, унинг жиғига тегаверишади. Пичоқ бориб суякка қадалгач, А.Раҳимов қандай бўлмасин улардан ўч олишни мақсад қилиб, ўлдиришни режалаштиради.

Ўша куни талабаларнинг хонасига важоҳат билан кириб, ташқарига чиқмоқчи бўлиб турган А.Остоновга бир неча бор пичоқ уради-да, кейин Т.Тангриевга ташланиб, уни ҳам пичоқлайди. Ерга йиқилгач, бўйнига пичоқ тортади. Шундан сўнг ўзининг қонга беланган кўйлагини ечиб ташлайди ва жабрланувчилардан бирига тегишли кўйлакни кийиб, воқеа жойидан кетади. Айбига иқрор бўлган А.Раҳимов жиноят қуроли бўлган пичоқ, қон теккан шими билан туфлисини ҳамда жабрланувчига тегишли кўйлакни яшириб қўйган жойидан олиб беради.

Таъкидлаш керакки, қотилликни очиш жараёнида 15 дан ортиқ турли хил экспертизалар ўтказилган. Ўта муҳим тергов ҳаракатлари олиб борилган. Булар таниб олиш, юзлаштириш, кўргазмаларни жойида текшириш, кўздан кечириш кабилардир. Сўроқлар давомида криминалистика техникаси самарали қўлланиб, А.Раҳимовнинг айбини далиллар билан исботлашда унумли фойдаланилган. Мазкур жиноят 21 кунда фош этилган. 21 кун… айтишга осон. Аммо бу кунлар кеча-кундуз тиним билмаган 200 дан ортиқ ходим учун машаққат билан ўтган. Жуда кенг кўламдаги тергов ва тезкор қидирув ҳаракатлари режа асосида сифатли ўтказилгани боис пировардида ўта оғир жиноятнинг фош этилиши таъминланди.

Самарқанд вилояти судининг ҳукми билан А.Раҳимовга қонуний жазо тайинланади.

Жиноят фош этилганидан сўнг рағбатлантириш тариқасида Малик Эсановга Бош прокурорнинг буйруғи билан навбатдан ташқари «Адлия катта маслаҳатчиси» унвони берилади.

Малик ака шу воқеаларни ҳикоя қилиб берар экан, суҳбатни қуйидаги сўзлар билан якунлади:— Прокуратуранинг ҳар бир ходими зиммасига юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндашиши керак. Яна бир ҳақиқат шуки, ким ҳалол ишласа, ўз манфаатини ватан манфаатидан устун қўймаса, иши давомида ҳеч кимга адолатсизлик, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаса, у хотиржам ишлайди, ишида унум бўлади…

Ғафуржон АЛИМОВ,
«Huquq»