Ходимларнинг маҳорати оширилмоқда

18:00 - 22.11.2021

5

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқларида ходимларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона амалиётни шакллантириш бўйича мутасадди идоралар билан ҳамкорлик қилиш асосий вазифа сифатида белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ходимларнинг маҳоратини ошириш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Ходимларнинг малакасини ошириш мавзуларини белгилашда статистик маълумотлар, умумлашмалар ва ҳисоботларга асосланган ҳолда ходимлар йўл қўйган камчиликларни бартараф этиш, суд амалиётидаги муаммолар ечимини топиш, ягона суд амалиётини такомиллаштириш мақсад қилинмоқда.

Касбий маҳоратни оширишда фақат тренинг, давра суҳбати ёки амалий машғулотлар билан чекланиб қолмасдан, ходимлар мавзулар бўйича тақдимот ҳам ўтказишаяпти. Бундай машғулотларда ходимларга амалиётдаги муаммолар, уларнинг ечими, қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдириш юзасидан таклифлар билдириш имконияти яратилмоқда. Тошкент шаҳар прокуратураси раҳбарияти ташаббуси билан ташкиллаштирилаётган мазкур тадбирларнинг натижалари мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда.

Жумладан, 2021 йил 5 октябрда сиёсий фанлар доктори, психология фанлари номзоди, профессор А.Файзуллаев иштирокида «Аҳоли билан мулоқотда психологик ёндашувлар» мавзусида ўтказилган тренингда ходимлар халқ билан мулоқот қилиш, ўзаро суҳбатларда вужудга келадиган муаммоли вазиятлардан чиқиб кетиш, фикрни халққа етказиш услублари хусусида билимларини оширишди.

Ходимларнинг маҳоратини оширишда бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айниқса, айрим низоларни судда кўришда ягона суд амалиётини такомиллаштириш борасида судьялар ва бошқа мутахассислар иштирокида ўтказилаётган машғулотлар ходимларнинг судда прокурор ваколатини таъминлашга доир кўникмаларини мустаҳкамлайди.

Хусусан, 2021 йил 12 октябрда Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Ў.Акрамов, Тошкент шаҳар суди судьяси Б.Саидмуратов иштирокида ўтказилган «Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни судда кўриш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечими» мавзусидаги машғулотда ходимларга нафақат мавзу бўйича маълумот олиш, балки амалиётда учраётган камчиликларни бартараф этиш хусусида ҳам йўл-йўриқ кўрсатилди.

Шунингдек, туман прокурорларининг фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш йўналиши бўйича ёрдамчиларининг маҳоратини ошириш юзасидан 2021 йилга мўлжалланган режага мувофиқ машғулотлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

2021 йил 19 октябрда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида «2017–2021-йилларда пенсия таъминотида амалга оширилаётган ислоҳотлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда пенсия қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳамда Президентимизнинг «Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, уни амалиётга тат биқ этиш бўйича фикр алмашилди. «Фуқароларнинг нафақа ва пенсияга доир ҳуқуқларини таъминлашда прокуратура органларининг роли» мавзусидаги маърузада прокуратура органларининг амалдаги қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хил ижро этилишини таъминлаш борасидаги вазифалари ва янги ҳужжатларни амалиётга татбиқ этиш йўллари хусусида маълумот берилди.

2021 йил 25 сентябрда ўтказилган «Прокуратура органлари ходимларининг нотиқлик санъатини такомиллаштириш» мавзусидаги тренингда филология фанлари доктори, профессор Ш.Кўчимов томонидан жамоат жойларида нутқ сўзлашда жамоанинг эътиборини тортиш ва нутқнинг таъсирчанлигини ошириш учун эътибор берилиши лозим бўлган ҳолатлар, судда музокара олиб боришда прокурорнинг нутқи қандай ташкил этилиши ва уни қандай баён этиш ҳақида мулоҳаза билдирилди. Мазкур тренингда ходимлар ўзлари учун қизиқарли бўлган саволларга жавоб олишди. Шунингдек, прокурор иштироки мажбурий бўлган ишлар юзасидан сайёр суд мажлислари ташкил этилиб, унда ёш мутахассисларга судда прокурор нутқини баён этиш усуллари ўргатилмоқда.

Фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими томонидан ҳафтанинг ҳар чоршанба куни белгиланган дастур асосида машғулотлар ўтказилаяпти.

Тошкент шаҳар прокуратураси кадрларни тайёрлаш борасида Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу ҳакорлик доирасида бир қатор давра суҳбатлари, амалиётчи ходимлар билан учрашувлар ва илмий-амалий конференциялар ўтказилаётир. Жумладан, «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш ва суд ишларини юритишни
соддалаштириш: иқтисодий ва фуқаролик судлари фаолияти мисолида» мавзусида ўтказилган илмий- амалий конференция бўлажак ҳуқуқшуносларда одил судловни амалга оширишда прокуратура ва суд ҳокимиятининг ҳамкорлиги юзасидан илиқ таассурот қолдирди.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда бўлажак прокуратура ходимларининг назарий билимларини амалиёт билан қўшган ҳолда бойитиб бориш долзарб вазифамиз ҳисобланади. Бу эса унумли ва сифатли меҳнатнинг кафолатидир.

Элбек ИНАМДЖАНОВ,
Тошкент шаҳар прокурорининг
ўринбосари