Илмий кадрлар тайёрлаш ва юридик фанни ривожлантириш

17:00 - 22.11.2021

14

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси ташкил этилганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, олий таълим даргоҳида илмий фаолият борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Даставвал, Академия ҳузурида фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш ташкил этилди. Мазкур Кенгаш “12.00.07 – Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини ташкил этиш. Адвокатура” ва 12.00.12 – “Коррупция муаммолари (юридик фанлар)” ихтисосликлари бўйича диссертациялар ҳимоя қилишга рухсат берилган республика бўйича доимий фаолият кўрсатувчи ягона Илмий кенгаш ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда мустақиллик йилларида “12.00.07 – Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини ташкил этиш. Адвокатура” ихтисослиги бўйича Илмий кенгаш мавжуд бўлмаган.

Шу боис ушбу ихтисослик бўйича диссертация ишлари ҳимоя қилинмаган. Сўнгги йилларда мазкур Кенгашда ушбу ихтисослик бўйича 10 га яқин диссертация ҳимоя қилинди, академияда мавжуд 105 нафар тадқиқотчидан 49 таси ушбу ихтисослик доирасида диссертация ишлари билан машғул.

Илмий тадқиқот йўналишидаги навбатдаги ютуқлардан бири академияда докторлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида мутахассисликни чуқур ўрганишни ва илмий изланишлар олиб боришни назарда тутадиган таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчанлик шаклидаги олий таълимдан кейинги таълим институти ташкил этилиши билан боғлиқ. Академияда олий таълимдан кейинги таълим институтида бугунги кунда 12 нафар таянч докторант ва 93 нафар мустақил изланувчи (жами 105 та) илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Эътиборлиси, 93 нафар мустақил изланувчининг 72 нафари прокуратура идораларида турли лавозимларда меҳнат қилиб келаётган ходимлар ҳисобланади.

Академиянинг 24 нафар ходими мустақил изланувчи сифатида илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланиб келмоқда.

Уларнинг айримлари ҳозирги кунда юридик фанлар бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ишини ҳимоя қилган.

2022 йил учун академияга жами 11 нафар докторант ва таянч докторант қабул қилиш квотаси белгиланди. Ваҳоланки, ҳар йили Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан борйўғи 4 нафар таянч докторантни қабул қилиш учун квота берилар эди.

Академияда юридик фанларнинг барча ихтисосликлари бўйича мустақил изланувчиларига академия тармоқларига бириктирилган ҳолда юридик фанлар бўйича илмий даража олиш учун диссертация иши билан шуғулланиш имконияти яратилган. Бу даргоҳда ҳар ҳафтада мустақил изланувчилар ва докторантлар учун “Фан соати” рукнида илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш тартиби ва талабларига бағишланган турли мавзуларда маъруза соатлари ташкил этилмоқда. Маъруза соатларида республикамизда кўзга кўринган олимлар, хорижлик экспертлар ва бошқа мутахассислар ўз маърузалари билан иштирок этмоқдалар. Онлайн шаклда ўтказиб келинаётган мазкур “Фан соати”дан ТДЮУ, Судьялар олий мактаби, Жамоат хавфсизлиги университети, Давлат бошқаруви академияси, ИИВ академиясининг тадқиқотчилари ҳам баҳраманд бўлмоқда. Айтиш мумкинки, академия ўзига хос “илмий макон”га айланиб бормоқда. Шу кунга қадар докторант ва мустақил изланувчилар томонидан 500 га яқин илмий мақола ва тезислар чоп этилди, монография ва ахборот-таҳлилий маълумотномалар тайёрланди.

Академиянинг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари томонидан биргина 2021 йилнинг 10 ойи давомида 300 дан ортиқ илмий мақолалар, тезислар, монография ва илмий-амалий қўлланмалар чоп этилди.

Академия жамоаси 12 та халқаро лойиҳаларни, шунингдек Инновацион ривожланиш вазирлигининг илмий-техник дастурлари доирасида 7 та илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг 4 тасида, яъни “Аҳоли миграциясида рақамли визалар платформасини ишлаб чиқиш”, “Хавфсиз йўл” дастурий таъминотини ишлаб чиқиш”, “Масофавий ва аралаш ўқитишда тьюторлик фаолиятини ташкил этиш” ва “Менинг Конституциям” мавзусидаги инновацион лойиҳалар 2020-2021 йилларда молиялаштиришга тавсия этилган.

Академия илмий ходимларининг саъй-ҳаракатлари ва
ташаббуси билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида “Ҳуқуқ” фанлари бўйича алоҳида Илмий-техник кенгаши (ИТК) фаолияти йўлга қўйилди. Муқаддам бундай кенгаш “Иқтисод ва ҳуқуқ” фанлари доирасида амал қилиб келган. Академиянинг 2 нафар ходими “Ҳуқуқ” фанлари бўйича ИТК нинг аъзоси, 1 нафари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК)нинг Юридик фанлар бўйича Эксперт кенгаши аъзоси ҳисоб ланади. Бош прокуратура академиясининг 20 нафарга яқин илмий ходими Ўзбекистон Республикасининг олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида фаолият кўрсатиб келаётган диссертациялар ҳимояси бўйича Илмий кенгашларнинг аъзоларидир.

Шунингдек, академияда мамлакатимиз юриспруденция тарихида биринчи марта суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида идоралараро илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва уларни мувофиқлаштириш мақсадида ТДЮУ, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, ИИВ академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, ДХХ академияси, ДБҚ Божхона институти, Юристлар малакасини ошириш маркази ва ДСҚ ҳузуридаги Фиксал институти каби олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларини ўзида бирлаштирган Илмий-тадқиқот консорциуми ташкил этилди. Консорциум доирасида турли илмий-амалий конференциялар ташкил этилмоқда, ахборот-таҳлилий маълумотномалар, қўшма тадқиқотлар ҳамда ўқув-услубий қўлланмалар тайёрланмоқда.

ОАК қарори билан 2021 йилдан эътиборан академияга “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлиги, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш ҳамда ижтимоий ривожланишнинг илмий асослари ва амалий йўналишлари” бўйича махсус имтиҳон қабул қилишга рухсат берилган. ОАК қарори билан академияда докторант ва мустақил изланувчилардан ихтисослик ва “Чет тили” фанидан малака имтиҳонлари олинмоқда.

Шунингдек, у етакчи ташкилот сифатида 30 га яқин диссертацияни муҳокамадан ўтказди ва хулосалар тақдим этди.

Академияда “Бош прокуратура академиясининг ахборотномаси” илмий-амалий журнали мавжуд. Мазкур журнал ОАКнинг илмий нашрлари рўйхатига киритилган. Шунингдек, академиянинг “ProAcademy” электрон журнали “Digital Commons” платформаси негизида ташкил этилган “Uzbekistan Research Online” электрон порталига киритилган. ОАК Раёсатининг 2020 йил 30 июлдаги 283/7.1-сон қарори билан ушбу журналда инглиз тилида чоп этилган илмий мақолалар нуфузли хорижий журналларда чоп этиладиган илмий мақолаларга тенглаштирилган.

Академия ва ТДЮУ ҳаммуассислигида “Криминология ва жиноий одил судлов” электрон журналини чоп этиш йўлга қўйилди. Ходимларимиз мамлакатимиз жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳлар таркибида фаолият юритиб келмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ҳозирги кунда жамият шундай даража ва ҳажмдаги муаммолар билан тўқнаш келмоқдаки, ушбу муаммоларни илмий тадқиқот нуқтаи назаридан тор ихтисосликлар доирасида кўриб чиқиш ва муносиб позицияни шакллантириш, қонунчиликни такомиллаштиришга ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига оид таклифларни ишлаб чиқиш имконсиз бўлиб қолмоқда. Фақат комплекс, тармоқлараро, соҳалараро ёндашувгина мазкур муаммоларни атрофлича ўрганиш ва унга ечим топиш имконини беради. Бунинг учун нима қилиш керак?

Маълумки, мамлакатимизда биргина юридик фан тармоғининг ўзида 14 та ихтисослик мавжуд. Ихтисосликларнинг кўплиги диссертация тадқиқоти мавзуларининг тор доирада бўлишига, соҳалараро, тармоқлараро ёндашувлар мавжуд бўлмаслигига, ҳуқуқ соҳалари ўртасида “тўсиқ” пайдо бўлишига ва уларни бир-биридан чегаралаб қўйишга, диссертация мавзуси комплекс бўлганда эса иккита ихтисослик бўйича ҳимояни ташкил этишга олиб келади. Бу каби “тор” ёндашув, таҳлил қилинаётган масалаларни, уларнинг ўзаро боғлиқлигини инобатга олмаган ҳолда бир тарафлама, хато англашга олиб келиб, оқибатда эса, тадқиқот ишида ижтимоий ҳодисаларнинг моҳиятига нафақат нотўғри баҳо берилиши, балки қонунчиликни такомиллаштиришга оид хато таклифлар илгари сурилишига сабаб бўлади.

Шундай экан, фикримизча, ОАК ҳузуридаги Эксперт кенгаши ҳамда бутун илмий жамоатчилик олдида янги илмий ихтисосликларнинг номенклатурасини ишлаб чиқиш масаласи долзарб ҳисобланади. Шу мақсадда, масалан, юридик фанда илмий ихтисосликларни умумлаштириш ва уларни қуйидаги бешта муҳим йўналишга ажратиш таклиф қилинади:

  • назарий-тарихий юридик
    фанлар;
  • оммавий-ҳуқуқий (давлат-ҳуқуқий) фанлар;
  • хусусий-ҳуқуқий (цивилистик) фанлар;
  • жиноий-ҳуқуқий фанлар;
  • халқаро-ҳуқуқий фанлар йўналиши.

Ўз навбатида муайян фан тармоғининг (тармоқларининг) те гишли ихтисосликларини умум лаштириш ва кенгайтириш тадқиқотчиларга қўшимча имкониятлар эшигини очади, ихтисослик доирасида чегараланиб қолмай, масалани комплекс, ҳар томонлама тадқиқ этиши учун “тадқиқот майдони” яратилади. Шунда аксарият диссертациялар ҳимояси пайтида айтиладиган “иш қизиқарли, лекин ихтисос лик шифрига мос келмайди” деган эътирозларга ўрин қолмайди.

Музаффаржон МАМАСИДДИҚОВ,
ю.ф.д., профессор