Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали…

14:30 - 22.11.2021

6

Жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтириш, маҳаллаларни ободонлаштириш мақсадида ўтказилаётган «Долзарб 40 кун» акцияси давом этмоқда.

Мажбурий ижро бюроси органлари ходимлари ҳам ушбу акцияда фаол иштирок этаяпти.  

Жумладан, бюронинг Наманган вилояти бошқармаси ходимлари ташаббуси билан Чуст туманида ташкил этилаётган акция доирасида бўлим бошлиғи ва давлат ижрочилари шанба куни эрта тонгда 15-мактабга боришди. Ўзлари билан олиб келган каштан, арча кўчатларини яхши ниятлар билан экишди.

Худди шундай тадбир Косонсой туманидаги «Ёшлар маркази» хиёбонида ҳам ўтказилди. Ходимлар хиёбоннинг янада обод бўлишига ўз ҳиссаларини қўшиб, 10 тупдан ортиқ манзарали кўчатларни ўтқазишди. Акция доирасида мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари ҳовлиларига бюронинг Уйчи, Янги Наманган, Янгиқўрғон, Поп, Норин, Мингбулоқ туман бўлимлари томонидан ҳам 120 тупга яқин манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Бундан ташқари, бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари ҳам акцияга ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Жумладан, Хўжайли тумани бўлими ходимлари 1-меҳрибонлик уйига бориб, у ерда 20 дан ортиқ сувсизликка чидамли манзарали ва мевали дарахтлар экишди.

Бюронинг Жиззах вилояти бош­қармаси ходимлари Жиззах политехника институти хиёбонида 50 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатларини ўтқазишди.

МИБ Сирдарё вилояти бош­қармаси ва Боёвут тумани бўлими ходимлари ҳам бўлим биноси ҳовлисида узум, нок, олма, гилос, каштан, япон софораси ва лола каби 100 дан ортиқ кўчат экишди.