Ифтихоримиз тимсоли

15:30 - 18.11.2021

12

Ўзбек миллий давлатчилик рамзлари уч минг йиллик тарихга эга. Тарихимизнинг қайси даврини олиб қарамайлик, давлат рамзлари, хусусан, байроқ ҳамиша азиз ва муқаддас саналгани, кўз қорачиғидек асралганига гувоҳ бўламиз. Чунки байроқ халқимиз тарихи, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган ёрқин тимсолимиз ҳисобланади.

Ҳар қандай давлатнинг сиёсий мустақиллиги бошқа омиллар қатори
асосан унинг ўз Конституциясига, фуқаролигига, тилига, миллий пулига, гербига, миллий мадҳиясига ва энг муҳими – миллий байроғига эга бўлиши билан белгиланади. Қолаверса, байроқ Ватаннинг биринчи тимсоли ҳисобланади. У биз учун ниҳоятда улуғ ва ғоят қадрлидир.

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ давлат рамзларини яратишга киришилди. Хусусан, 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Рес публикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг иккинчи ва учинчи моддаларида байроғимиз Ўзбекистон Республикасининг Давлат суверенитети рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши белгилаб қўйилган.

Бу йил “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганига 30 йил тўлди.

Давлат рамзларидан бири бўлмиш байроқ юрт мустақиллигининг, куч-қудратининг ёрқин кўринишидир. Шунинг учун ҳам буюк аждодларимиз байроқни кўз қорачиғидек асрашган. Жанг пайтида уни душманга олдириш мағлубият белгиси ҳисобланган. Душман байроғини ерга эгдириш эса уни енгиш билан баробар саналганини тарихдан яхши биламиз. Масалан, улуғ аллома ва шайх Наж миддин Кубро қаҳрамонликлари халқимизнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган. Етмиш беш ёшли бу улуғ инсон мўғул истилочиларига қарши курашда “Ё Ватан, ё шарафли ўлим”, дея шамшир кўтариб, мардонавор жангга киради. Мўғул аскари унинг қўлидаги ўзининг давлат ялов(байроқ)ига шиддат билан чанг солади. Нажмиддин Кубро охир-оқибат Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлади. Аммо у вафотидан кейин ҳам душман байроғининг дастасини қўйиб юбормайди. Айтишларича, душман аскарлари бу буюк зотнинг панжаларини кесиб, ўз яловларини олишган экан. Балки бу ривоятдир. Бироқ бунинг таг замирида катта маъно-мазмун яширин.

Дунё давлатлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг рамзларида ўша мамлакат халқларининг орзу-истаклари ўз ифодасини топган. Бизнинг давлат байроғимизда эса нафақат халқимизнинг улуғ ниятларини, балки унинг буюк келажагини ҳам ёрқин кўриш мумкин. Байроғимиздаги ҳар бир ранг, белги ўзига хос маъно-мазмунга эга. У халқимизнинг бой ўтмиши ва маънавий қиёфасини ўзида акс эттирган.

Халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ликни қўлга киритган спортчиларимиз шарафига байроғимиз баланд кўтарилганида ўзини Ўзбекистон фарзанди деб билган ҳар бир юртдошимизнинг кўнгли тоғдай кўтарилгани, қалби жунбушга келганини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Ёки ҳурмат шоҳсупасининг энг юқори поғонасида туриб байроғимизни ўпаётганида кўзларидан ёш қалқигани-чи! Ҳа, у бизнинг обрўйимиз, шон-шавкатимиз ифодаси бўлган Ватан байроғини ўпаяпти. Бундан ортиқ бахт борми?!

Мамлакатимизда давлат рамзларига беҳурмат муносабатда бўлишга асло йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 215-моддасига кўра, давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш жавобгарликни келтириб чиқаради.

Халқимизнинг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этган байроғимизни эъзозлаш ўз қадр-қимматимизни, ўз мамлакатимизга ва шахсан ўзимизга бўлган ишончни мустаҳкамлаш демакдир. Халқаро майдонда мамлакатимиз куч-қудрати, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб, мусаффо осмонимиз узра мағрур ҳилпираб турган байроғимиз билан фахрланиш юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг қонуний ва виждоний бурчидир. Зеро, Ватан байроғи унинг ўзи каби азиз ва муқаддасдир.

Норбўта ҒОЗИЕВ,
“Huquq”