“Янги бўлимга хўжалик бекаси бўлиб ўтмайсизми?”

10:30 - 17.11.2021

19

Раҳима Фозилова (исмлар ўзгартирилган) анча йиллардан бери Ургут тумани тиббиёт бирлашмасида хўжалик бекаси бўлиб ишлайди. Тиббиёт бирлашмасининг барча бўлимларидаги санитар хизматчиларнинг ишларини назорат қилиб бориш, тозаликни сақлаш хўжалик бекасининг вазифаси ҳисобланали. Аммо Раҳима бошқа ишларга шўнғиди. Тиббиёт бирлашмасида янги бўлим очилиш арафасида эди. Шу ерга ишчи олинишини яхши билган аёл бундан усталик билан фойдаланди. Бирлашмада иқтисодчи бўлиб ишлайдиган Эркин билан тил бириктирди.

Шоира ишга кириш ниятида тиббиёт бирлашмасига борди. Раҳима билан кўришиб, оилавий аҳволи оғирлиги, ишга кирмоқчилигини айтди. Раҳима унга ҳозир янги бўлим очилаётгани, шу бўлимга хўжалик бекаси лавозимига ишчи кераклиги, харажатини берса, кадрлар бўлими бошлиғи ёки иқтисодчи Эркин билан гаплашиб, ишга киритиб қўйишини айтди. Харажати эса 250 доллар экан.

– Ҳозир қийналиб турибмиз. Эрим ҳам ҳеч қаерда ишламаяпти. Бунча пул беролмайман. Камайтиришнинг иложи йўқми? — ёлворди Шоира.

– Кадрлар бўлими бошлиғи бундан камига кўнмайди. Майли, яна бир гаплашиб чиқаман, – деб хонага кириб кетган тамагир аёл ҳеч қандай кадрлар бўлими бошлиғининг олдига кирмади. Ўз хонасида бироз ўтириб, қайтиб чиқди ва деди: – Охири 300 доллар бўлади, бундан кам бўлмайди. Бир соат ичида пулни олиб келинг!

Шоира тиббиёт бирлашмасидан чиқиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга бориб, тамагирнинг устидан мурожаат қилди. Сўнг Шоира шифохонага келиб, Раҳимага кирхона ёнида турганини билдирди. Улар кўришишди. Раҳима аввал Эркинга қўнғироқ қилиб, «Кечаги аёл келди, пулларни олиб қолаверайми?» деб сўради. Кейин Шоирадан 300 доллар ва паспорт нусхасини олди. Шу пайт ИИБ ходимлари келиб Раҳимани ашёвий далиллар билан ушлади. Жиноятни очишда ёрдам беришга рози бўлган аёл яна жиноий шеригига телефон қилди.

Эркин ҳозир ишда эмаслигини, пулларни шифохона олдидаги дўкон эгасига бериб кетишини айтди. Раҳима пулларни дўкон эгасига бергач, ходимлар келиб тезкор тадбир бўлаётганини айтишди ва холислар иштирокида ашёвий далилларни расмийлаштириб, уларни идорага олиб кетишди.

Тергов давомида Раҳиманинг аввалги қилмишлари ҳам ошкор бўлиб қолди. Унинг муқаддам иш сўраб келган Раъно исмли аёлдан ҳам тамагирлик йўли билан 200 доллар олгани маълум бўлди. Тергов давомида у 200 долларни эгасига қайтарди. Раъно даъвоси йўқлигини билдирди.

Суд жиноятчиларга ўз ҳукмини ўқиди. Раҳима 2 йил тиббиёт муассасаларида, мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди, унга 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Эркин ҳам қонуний жазосини олди.