Орсиз эркак

16:30 - 17.11.2021

13

Кенияда эшак гўшти истеъмоли ва экспортига расман рухсат берилиши сабаб кунига мингтача эшак сўйила бошлангани хабар берилганди. Бунинг ортидан эса бозорда эшаклар нархи осмонга сапчиган, эшак ўғрилари сони кескин кўпайган. Кения қишлоқларида эшаклар меҳнатидан фойдаланилгани боис маҳаллий аҳоли туну кун эшакларини қўриқлашга мажбур бўлмоқда экан. Экспертларга кўра, жараён тартибга солинмаса, узоғи 10 йилда Кенияда бирорта эшак қолмайди.

Эшак, ўлган мол гўштлари сотиш билан боғлиқ ёқимсиз ҳолатлар юртимизда ҳам оз эмас. Очиғи, бундай хабарлардан безиб кетдик. “Пойтахтга келтирилаётган кўп миқдордаги истеъмолга яроқсиз гўшт ушлаб қолинди”, “…вилоятда эшак сўйиб, гўштини пойтахтда сотиш билан шуғулланганлар аниқланди”, “… тамаддихонларда ўлган қўй, қорамол гўштидан сомса, қозонкабоб қилиб сотилгани аниқланди” каби хабарлар таъбни хира қилмоқда. Эшак сўйиш билан боғлиқ вазият шу зайлда давом этса, нафақат Кенияда, балки юртимизда ҳам узунқулоқларнинг камайиб кетиши эҳтимолдан йироқмас.

Инсонларнинг ризқига ҳаром аралаштираётганлар қонун олдида жавобгарликка тортилаётгани оммавий ахборот воситалари, ижтимой тармоқлар орқали кўп кўрсатилмоқда. Аммо барибир шу жирканч ишга қўл ураётганлар учраётгани афсусланарли. Ҳар сафар шундайлар ҳақида эшитганимда бир воқеа ёдимга тушади. Ўша воқеа сабаб фирибгару ёлғончиларнинг иккита юзи борлигига амин бўлгандим. Шу боис уларга осонгина чув тушаркан киши. Акс ҳолда 12 соат ёнма-ён ўтирган, суҳбатлашган одамнинг кимлигини бир қарашда англаган бўлардим.

…Қатъий карантин кунларининг бирида тўсатдан Хоразмга кетишга мажбур бўлиб қолдим. Кечки ўн яримлар. Поездлар ҳаракати тўхтагани боис ҳудудларга фақат таксилар юряпти.

Йўл кира осмонга сапчиган. “Cobalt”нинг олдинги ўриндиғида бир онахон, орқада ўттиз ёшлардаги оқ рўмол ўраб олган жувон ўтиришган экан. Машина 1100 километрлик йўлга чиқиши учун яна бир йўловчи керак.

Узоқ кутиб қолдик. Баҳонада ҳамроҳларим билан танишдим. Ёнимдаги аёл — онахоннинг қизи Садоқат ўн йилдан бери бефарзанд экан. Устига-устак онкологик касалликка мубтало бўлибди. Онахон қизини муолажа учун тез-тез Тошкентга олиб келар, дори-дармонларига амал-тақал пул етказаётган экан. Садоқат оқ рўмол ўраб олган, сочи, қошу киприклари тўкилиб кетган бўлса-да, мулойим гина қиёфали эди. Бу орада соат тунги ўн икки бўлди. Бирон йўловчи келмади. Кутишга тоқат қолмади. Ҳали олдимизда 12-13 соатлик олис йўл турарди.

— Ҳув анави киши бир соатлар олдин шофёр билан гаплашувди. Савдоси пишмади чоғи машинага минмади, — деди онахон.

Қарасам, катта сумка ёнида сигарет чекиб ўтирган эллик ёшлардаги эркак. “Урганч питак”да ундан бошқа зот йўқ. Эркак шошилаётганга ўхшамасди. Хоразмга кетадиган бошқа таксилар ҳам йўқ эди. Шу пайт Садоқат машинадан тушиб ўша эркакнинг ёнига борди. У билан нималарнидир гаплашди. Сўнг ҳайдовчини топиб алланималарни тушунтира бошлади.

Ҳайдовчи бошини чайқар, Садоқат куйиб-пишиб гапирар, катта сумкали эркак томонга ишора қиларди. Ҳайдовчи ниҳоят бош ирғади. Садоқат биз томонга шошиб келиб онасидан:
— Она, ортиқча пулимиз бор-а? — деб сўради. — Анави амакининг юз минггина пули бор экан…
— Ахир, бу пул доринг гаку? Пули кам бўлса, қолганини уйидан чиқариб берар?
— Қурилишда ишлаб юрган экан, онаси бирдан касалланибди. Шунга қуруқ қўл билан шошилинч қайтаётганмиш…

Қиз Хоразмга тезроқ етиб бориш учунмас бир бечоранинг оғирини енгил қилиш учун жони ҳалак эди. Онасининг ҳам раҳми келиб, рози бўлди.

— Синглим, лекин айтиб қўяй, уйимда бир сўм пул йўқ. Онам касал, дори-дармонга кетяпти, — деганча бояги киши катта оғир сумкасини машина юкхонасига жойлай бошлади. Садоқат хижолат бўлмасликни, чин дилдан ёрдам бераётганини айтди. Амакининг юзида хижолатдан асар кўринмади.

Ниҳоят машина қўзғалди.Тун ярмида пойтахтдан чиқдик. Чўлга кирганимизда тонг отиб бўлган эди. Хуррак отиб ухлаётган киши ҳам уйғонди. Сергап экан, Хоразмга кириб боргунча оғзи тинмади. Кўпроқ бозордаги нарх-наволар ошиб бораётганидан нолир, сиёсат бобида вайсарди. Оғзи қуриб, шофёрнинг сувидан ичиб кетди.

Урганч маҳаллаларидан бирида Садоқатлар тушиб қолишди. Пастаккина уйнинг ранги ўчган дарвозаси олдида онахоннинг келинлари, ўғиллари кутиб туришган экан. Садоқат шофёрга уч юз минг сўм пул ортиқча узатди. У билан хайрлашарканман, телефон рақамини олдим. Амакининг ҳатто раҳмат айтмагани мени таажжублантирди. Янада таажжубланарлиси эса олдинда экан. Шаҳар чеккасидаги бир кўчанинг охирида, ҳашаматли ҳовли-жой олдида амаки шофёрни тўхтатди.
— Шу ҳовли меники, — деди у. Икки қаватли пишиқ ғиштли янги бино кўзни қамаштирар даражада муҳташам эди.
— Ўҳҳу, иморатни боплаган экансиз-ку, амаки, — деди шофёр.— Нима иш қиласиз ўзи?
— Бизники гўшт бизнес, ука. Тошкентга мол, қўй гўшти етказаман. Карантин бошланганида Тошкентдаги уйимда эдим. Катта иморат ҳеч битмас экан, мана бу сумкада жўмрак, тутқичларнинг классическийсидан топиб келяпман. Тошкентда зўрлари бор-да…

Касал онаси ҳақида эса лом-мим демасди. Бошқа эшитгим келмади, қулоқларимни беркитиб олдим.

Бир ярим йил олдинги бу воқеа ҳар сафар эшак сўйиб сотаётганлар ушлангани ҳақидаги лавҳаларни кўргач, ёдимга тушаверади.
“Тошкентга гўшт етказиб берадиган” ўша амакининг истеъмолга яроқсиз маҳсулот сотгани ҳақида бирон далилим йўқ. Аммо шунча мол-дунёси бўла туриб, бир бечора хаста аёлнинг ҳисобига манзилига етиб олишга виждони йўл қўйдими, назаримда, бундай одам бошқа қабиҳликлардан ҳам тоймайдигандек туюлаверади. Аслида бировга яхшилик улашиш, қийин аҳволда қолганларга беғараз ёрдам беришнинг завқи бошқача бўлади. Ҳаромга ўрганганлар бу таъмни қаёқдан билишсин.

Садоқатнинг саломатлигини сўраб қўнғироқ қилиб турардим. Сўнгги марта рақамига қўнғироқ қилсам, бегона одам жавоб берди. Садоқат билан гаплашмоқчи эканимни айтганимда, хўрсинганча: “У бизни ташлаб кетди, уч ой бўлди…”, деди. Садоқатнинг бу дунёда топмаган фароғатини чин дунёда топиши, савобли амаллари йўлдоши бўлишини Яратгандан сўраб дуо қилдим…

Юлдуз ҲОЖИЕВА,
“Huquq”