Синфдошнинг “хамир учидан патири”

10:30 - 16.11.2021

4

Миришкор тумани 2-ички ишлар бўлими бошлиғи, майор Н.Аширов туман ИИБ бошлиғига мурожаат қилиб, бир фуқаро унга пора таклиф қилаётганини билдирди.

Аниқланишича, Н.Аширов 2020 йил 16 сентябрь куни кеч соат 22:50 ларда Помуқ шаҳрида Қарши шаҳрида яшовчи Б.Ш. ҳайдаб келаётган «МАН» русумли юк машинасини тўхтатиб текширади. Машина юкхонасида фуқаро Ж.Ҳ.га тегишли, ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган 7 тоннача цемент ва 400 литрча дизель ёнилғиси борлигини расмийлаштиради. Бу орада юк эгасининг синфдоши бўлган Ч.Х. ички ишлар ходимига муроса таклиф қилади. Яъни юк эгасини жавобгарликдан озод қилиш, машинани чиқариб бериш ҳамда ҳужжатларни туман ИИБ тергов бўлимига ўтказмаслик учун 3000 АҚШ доллари билан «рози қилиши»ни айтади. Н.Аширов эса туман ИИБга мурожаат қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўради.

Департаментнинг Миришкор тумани бўлими Қашқадарё вилояти ИИБ ва туман ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда Ч.Х. «хамир учидан патир» сифатида 1000 доллар пулни берган пайтида қўлга олинди.

Суд қарорига кўра «ҳожатбарор»га 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.