Шошқалоқлик ва қоидаларни менсимаслик

16:30 - 16.11.2021

6

оғир оқибатли ҳодисаларга сабаб бўлмоқда

Инсон кўп нарсаларга қодир. У улкан кемалару самолётлар, тезюрар поездлару машиналар яратди, уларни измига бўйсундирди. XX аср бошларида отсиз ҳаракатланган “шайтон арава”лар ўша давр кишиларини ҳайратга солган бўлса, бугун энг сўнгги русумдаги, ҳатто ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобиллардаги имконият ва қулайликларни ҳам оддий ҳолдек қабул қилаяпмиз. Албатта, кашфиётлар инсон тафаккури ва ижоди маҳсули бўлиб, жамият тараққиётига хизмат қилади.

Хорижда ва юртимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий автомашиналарга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда. Шу боис давлатимиз томонидан автотранспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида йўллар жаҳон андозаларига мос тарзда равонлаштирилаяпти. Бу эса нохушликларга сабаб бўлаётган кўплаб йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда ижобий самара бераяпти. Аммо кези келганда шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, озгина ҳушёрликни йўқотганда ёки тезликни меъёридан оширганда ана шу ҳукмимиз остидаги техника ҳаётимизга нуқта қўйиши ёки бир умрга мажруҳ бўлиб қолишимиз мумкинлигини унутмаслик керак. Статистика маълумотларига қараганда, жорий йилнинг тўққиз ойида республикамизда 6551 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Уларнинг 1682 тасида ўлим ҳолати қайд этилган. 5920 нафар киши турли даражадаги тан жароҳати олиб, касалхоналарга жойлаштирилган.

Қашқадарё вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот-диспетчерлик хизмати бошлиғи, милиция майори Алишер Ашуровнинг гувоҳлик беришича, ўтган тўққиз ойда вилоятда 369 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Оқибатда 181 киши вафот этган, 302 нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳати олиб, касалхонага жойлаштирилган. Вафот этганларнинг 31 нафари ёш болалардир.

Жорий йил 6 ноябрь куни соат 05:15 ларда С.Багдасаров ўзига биркитилган “Нексия-1” русумли автомобилни Қарши шаҳар “Батош” маҳалласи ҳудудида бошқариб кетаётганида маҳалла ҳудудидаги “Автосалон” рўпарасида маст ҳолда пиёдалар ўтиши учун мўлжалланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган одамни уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетади. Қаттиқ тан жароҳати олиши оқибатида вафот этган киши Қарши туманида яшовчи Ҳ.Холназаров экан.

Косон тумани Регзор маҳалласида яшовчи Х.А. елиб-югуриб пул топди. Йиғилган пулга яхши ният билан “Ласетти” автомашинаси сотиб олди.

Бироқ унга машинани яхши кунларга миниш насиб этмади. 2021 йил 8 октябрь куни у “Косон–Шўрбозор–Пўлати” автомобиль йўлининг саккизинчи километри оралиғида, Косон тумани Ушоқтепа маҳалласи ҳудудида ҳаракатланиб келаётиб, тезлик юқори бўлгани боис бошқарувни йўқотиши натижасида қурилиши тугалланмаган кўприкдан пастга тушиб кетди ва натижада “бош миянинг очиқ оғир даражада лат ейиши” ташхиси билан воқеа жойида вафот этди.

Жорий йил 18 сентябрь куни соат 17:20 ларда Шаҳрисабз тумани ҳудудидан ўтувчи “Чоршанбе–Камар–Омағон” автомобиль йўлининг 1-километрида Чоршанбе қўрғони томонга ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи А.Ҳасанов бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашинаси билан йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетиб, ўзининг йўналишида ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи Ш. Бобоқулов бошқарувидаги “Нексия” билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Оқибатда “Нексия” салонида бўлган йўловчилар В. Эргашева ва вояга етмаган Х. Одилова оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Шунингдек, “Ласетти” русумли автомашина ҳайдовчиси А.Ҳасанов, “Нексия” автомашинаси ҳайдовчиси Ш.Бобоқулов, автомашина салонида бўлган йўловчилар С.Абдуллаев ва М.Халилова ҳам турли даражада тан жароҳати олишган ва шифохонага ётқизилган.

Юқорида биз автоҳалокатларнинг олдини олиш мақсадида йўллар жаҳон андозаларига мос равишда равонлаштирилмоқда дедик. Лекин Қашқадарё вилояти мисолида бундай деб бўлмайди. Вилоятда содир этилаётган автоҳалокатларнинг бир қисми тезликни белгиланган меъёрдан ошириш оқибатида содир этилаётган бўлса, кўп ҳолларда йўллар ўта даражада ўйдим-чуқурлиги боис ҳайдовчилар қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган автотранспорт воситаларининг йўлига чиқиб кетиши туфайли рўй бермоқда.

Агар йўлларнинг абгор аҳволдалигига ишонмасангиз, Чироқчи туманининг энг катта қишлоғи – Чиялга бориб кўринг! Ваҳоланки, бундан икки йил аввал мазкур қишлоқ “Обод қишлоқ» дастурига киритилган эди. Дас турни “амалга оширган” шоввозлар ҳеч қурса қишлоқнинг марказий йўлини ҳам асфальт қилишмаган.

Юқорида қайд этганимиздек, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарият қисми белгиланган тезликка риоя қилмаслик, қувиб ўтиш қоидаларига амал қилмаслик, йўллар ўйдим-чуқурлиги боис қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш, хавфли бурилишларда ва тик баландлик жойларда қувиб ўтиш қоидаларига риоя этмаслик натижасида юзага келган. Масалан, республика миқёсида автоҳалокатларнинг тўрт фоизи белгиланган тезликка риоя этмаслик оқибатида содир этилган бўлса, Қашқадарё вилоятида эса бундай бахтсиз ҳодисаларнинг 65,6 фоизи белгиланган тезликка риоя этмаслик ёки йўллар ёмонлиги туфайли содир этилган.

Бу белгиланган тезликка риоя этмаслик оқибатида содир этилган автоҳалокатларнинг асосий қисми вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади дегани.

Шуни таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда асосан ёшлар томонидан кўп лаб йўл-транспорт ҳодисалари содир этилмоқда. Кўча-кўйда юрганда эътибор берсангиз, транспорт воситасини йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига беписандлик билан бошқариб бораётган йигитларни учратасиз.

Бундан шундай маъно келиб чиқадики, биз катта ёшдагилар, ота-оналар, маҳалла оқсоқоллари ёшларни назорат қилишни, уларга тўғри насиҳат ва маслаҳат беришни, кези келганда тергаб туришни эсдан чиқариб қўйяпмиз.

Остона ҳатлаб уйдан чиқдикми, албатта, биз йўл ҳаракати иштирокчисига айланамиз. Шу боис ҳар биримиз йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилсак, содир этилиши мумкин бўлган кўплаб нохушликларнинг олдини олган бўламиз. Дарҳақиқат, юқорида таъкидлаганимиздек, техника оғиримизни енгил қилаяпти, бундан тона олмаймиз.

Аммо ҳушёрликни унутганда юз бериши мумкин бўлган фалокатдан Худонинг ўзи асрасин. Шунинг учун аввало, фарзандларимизга, йўлимизга, ўзимизга ҳушёр бўлайлик! Ана шунда юқоридаги каби нохушликлар келиб чиқмайди.

Норбўта ҒОЗИЕВ,
“Huquq”