Раҳбарликка ҳам билим, ҳам уқув керак

14:30 - 16.11.2021

6

Шоҳруҳ Аминовга омад кулиб боққанди. Ёш бўлса-да, Косон туманидаги “Қурувчи келажак омад” хусусий корхонаси раҳбари лавозими унга насиб этди. Бироқ тез орада корхонанинг молиявий ишларида бир қатор ишкалликлар чиқиб қолдики, буни айримлар раҳбарнинг ёшлигига, бошқалари тажрибасизлигига, яна кимлардир қонунларни яхши билмаслигига йўйишди…

Косон тумани прокуратураси терговчисининг қарорига асосан вилоят давлат солиқ бошқармасининг тегишли буйруғи билан мазкур корхонанинг фаолияти юзасидан ҳужжатли тафтиш ўтказилганида бир қатор қонун бузилишлари ошкор бўлиб қолди.

Аниқланишича, корхона раҳбари Ш.Аминов 2019 йил август-декабрь ойларидаги иш фаолияти юзасидан Косон тумани давлат солиқ инспекциясига солиқ ҳисоботи ҳужжатлари ва солиқ қонунчилигига оид бошқа ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган. Бор ҳисоботларида ҳам солиқ объекти ва реализациясини камайтириб кўрсатиб келиши оқибатида жами 611 млн. 938 минг 600 сўмлик солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаган.

Бундан ташқари, текширишлар жараёнида Ш.Аминовнинг яна бир молиявий “ўйин”и тафсилотларига ойдинлик киритиб олишга тўғри келди.

Корхона раҳбари 2019 йилнинг август-декабрь ойларида корхонага тегиш­ли корпоратив банк картасига туширилган 2 млрд. 623 млн. 316 минг сўм пул маблағлари ҳисобидан гўёки маҳсулот сотиб олинди қилиб кўрсатиб, уни корхона ҳисобига кирим қилмасдан, нақд пулга айлантиради.

Жиноят ишлари бўйича Косон тумани судида ўтказилган очиқ суд мажлисида судланувчи Шоҳруҳ Аминовнинг жиноят иши кўрилди.

Қайд этилишича, Ш.Аминов 1992 йилда туғилган. Маълумоти ўрта-махсус. Оилали, бир нафар фарзанди бор. Косон тумани, Қўнғиртоғ маҳалласи, Хўжақўрғон қишлоғида яшаган.

Суд мажлисида Шоҳруҳ айбига тўлиқ иқрорлик ва чин кўнгилдан пушаймонлик билдирди. Унинг қайд этишича, 2019 йил октябрь ойида корхона ҳисобчиси вафот этган, ўзи ҳисоб-китоб ишларини яхши тушунмаганлиги боис солиқ ҳисоботларини вақтида топшира олмаган, шу сабабли солиқ тўловларидан 611 млн. 938 минг 600 сўмлик қарздорлик вужудга келган. Корхонага тегишли корпоратив банк картасига туширилган маблағларни тегишли фирмаларнинг ҳисобрақамига ўтказиб, пулини нақдлаштириб олган, бу пулга қурилиш материаллари сотиб олиб, ҳақиқатдан ҳам қурилиш ишларини бажарган. Бироқ қонунни яхши тушунмаганлиги учун бирор-бир ҳужжат тўпламаган ва олинган материалларни корхона ҳисобига кирим қилмаган.

Шунингдек, у ҳозир иқтисодий аҳволи жуда оғирлиги сабабли бунча катта миқдордаги қарзни бирдан тўлашга имконияти йўқлигини ҳам қайд этди…

Суд ҳукм қилди. Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан Ш.Аминовга жиноятлар мажмуи тариқасида узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, судланувчидан Косон тумани давлат солиқ инспекцияси фойдасига 611 млн. 938 минг 600 сўм ундирилиши белгиланди.