16 кишилик тўда

12:30 - 15.11.2021

22

Мудҳиш жиноят содир этилди. Воқеа жойига етиб келган терговчи олдида мушкул вазият турарди. Ўта пухта режалаштирилган жиноятнинг излари йўқотилган эди. Суриштирувлар узоқ чўзилди. Калаванинг учи баттар чигаллашди. Бундай ҳолатда ишнинг ривожи кўп жиҳатдан терговчининг маҳоратига бориб тақалар эди…

1993 йил 4 октябрь куни. Соат 16:00 лар атрофида Туркманис тонга туташ бўлган Ғузор тумани Шўрсой яйловидаги сайҳонликдаги портлаш овози теварак-атрофни ларзага келтирди.

Гумбурлаш ва қора тутуннинг юқорига кўтарилишидан атрофдаги чўпонлар кўпроқ безовта бўлишди. Улар портлаш содир бўлган жойда оқ рангли “Москвич” автомашинасини кўришди. Машинага минган 3 нафар номаълум шахс шошилинч тарзда туман маркази томон жўнаб кетишди.

Ҳодиса юз берган жойда ёқиб, портлатиб юборилган “ГАЗ-24” такси автомашинаси ва ичида одам жасади топилди. Ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида автомашина Қарши такси паркига тегишли эканлиги, салондаги ёниб кетган жасад ҳайдовчи Анвар Рашидов эканлиги аниқланди.

Автомашинанинг асосий қисми портлаб, ёниб кетиб, кулга айланганлиги ҳамда жасад ҳам таниб бўлмас даражага келганлиги сабабли ашёвий далилларни олишнинг имкони деярли йўқ эди. Аммо кўздан кечиришда, машинанинг баъзи бир эҳтиёт қисмлари – аккумулятор ва сигнал қисми ечиб олинганлиги аниқланди. Тайинланган судга оид тиббиёт экспертизасининг берган дастлабки маълумотларида марҳумга аввал ўткир кесувчи предметлар билан тан жароҳати етказилиб, сўнг бўғиб ўлдирилганлиги, бу қотиллик ғаразли мақсадда содир қилинганлиги тасдиқланди.

Ўта мавҳум ҳолатдаги бу жиноят иши юзасидан терговни олиб бориш катта тажрибага эга терговчи Рамазон Раҳмоновга топширилди. Терговчи марҳумнинг шахсини ўрганиш жараёнида у билан қамалиб чиққан қариндоши – божаси Шариф Зариповнинг ўзаро низоси бўлганлигини аниқлади. Шу сабабли қотиллик “Зарипов ва унинг шериклари томонидан содир этилган”, деган тергов тахмини олға сурилди. Бироқ Зарипов сўроқ қилинганида у барча гумонларни рад этди.

Шу аснода, сал илгарироқ содир бўлган худди шунга ўхшаш жиноят иши терговчининг диққатини тортди. Бир муддат аввал номаълум шахслар томонидан Қамаши тумани ҳудудида Шуҳрат Худойбердиев деган шахс қасддан ўлдирилиб, “ВАЗ-2101” русумли автомашинанинг эҳтиёт қисмлари ечиб олиниб, ёқиб юборилган, мазкур иш юзасидан тергов ҳамон давом этаётган эди. Жиноятнинг содир этилиш услуби, характери ва бошқа ҳолатлар ўта ўхшаш, “почерк” бир хил эди. Лекин Қамашидаги жиноят юзасидан муқаддам судланган бир қатор шахсларнинг “бу қотилликни биз содир қилганмиз”, деган мазмундаги иқрорлик кўрсатмалари олинган бўлиб, бу ҳолат кўп нарсани рад этарди.

Р.Раҳмонов бошчилигидаги тергов-тезкор гуруҳи аъзолари бу пайтга келиб, Зариповнинг жиноий шериклари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётган Барно Аҳмедов ва Элбўри Бобоқуловнинг номаълум сабабларга кўра вилоят ҳудудидан яширин тарзда, шошилинч равишда чиқиб кетишганлигини аниқлашди.

Терговчи гумон қилинувчи Шариф Зарипов ва унинг шериклари ушбу иккала жиноятга алоқадорлигини янада чуқурроқ текшириб, унинг оқ рангли “Москвич-412” русумли автомашинаси борлигини аниқлади. Шўрсой яйловидаги чўпонларнинг кўргазмаларидан номаълум шахслар минган автомашинанинг ҳам оқ рангли “Москвич” эканлиги маълум эди. Шу боис терговчи Зариповга тегишли автомашинани ҳам синчиклаб кўздан кечирди. Натижада марҳум ҳайдовчилар Рашидов ва Худойбердиев бошқарувида бўлган автомашиналарнинг айрим эҳтиёт қисмлари Зариповнинг машинасидан чиқди. Яъни марҳум Рашидовнинг “ГАЗ–24” русумли такси автомашинасига ўрнатилган аккумулятор, марҳум Худойбердиев бош қарувида бўлган “ВАЗ-2101” русумли автомашинага ўрнатилган икки шина шу “Москвич”дан топилди. Зариповни сўроқ қилишда устакорлик билан қўлланилган бу ҳолат натижасида у ҳаққоний кўрсатма бера бош лади…

Зарипов сўнгги 3 йилда содир қилган қотиллик, босқинчилик, ўғирлик ва бошқа жиноятлари тафсилотлари ҳақида кўргазма берар экан, ўзининг уюшган қуролли жиноий гуруҳ аъзоси эканлиги, гуруҳ раҳбарлари эса Барно Аҳмедов ва Элбўри Бобоқулов эканлиги, гуруҳга 10 нафардан ортиқ аъзо бирлашганлигини маълум қилди. Терговчи жиноий гуруҳ раҳбарларини ушлаш юзасидан ички ишлар органларига тегишли топшириқлар берди. Вилоят прокуратураси раҳбарияти томонидан кучайтирилган мазкур тергов ва тезкор гуруҳи 1993 йилнинг 1 ноябрь куни Аҳмедовни, орадан уч кун ўтиб Бобоқуловни қуролли қаршиликларни бартараф қилган ҳолда
ушлади.

Терговчи Аҳмедов ва Бобоқулов бошчилигидаги жами 16 кишилик уюшган қуролли жиноий гуруҳ томонидан уч йилдан ортиқ вақт ичида Қашқадарё вилоятининг Қарши, Косон, Нишон, Ғузор, Қамаши туманларида, Тошкент вилоятининг Бўка туманида 2 та қотиллик, 1 та номусга тегиш, 4 та босқинчилик, 27 та ўғирлик ва бошқа жами 43 та оғир ва ўта оғир жиноятлар содир қилинганлигини фош этди.

Терговни юритиш жараёнида уюшган жиноий қуролли гуруҳ томонидан 1991-1993 йиллар давомида содир қилиниб, фош қилинмасдан қолган ўғирлик ва бошқа жиноятлар тегишли тергов тактикалари усталик билан қўлланилганлиги натижасида бирин-кетин очила бошланди. Гуруҳ иштирокчилари гоҳ у, гоҳ бу жиноятини тан олишиб, ҳодиса тафсилотлари хусусида батафсил сўзлаб беришарди.

Қамаши туманида Худойбердиевнинг ўлими факти юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тезкор ходимларининг тазйиқи остида уч нафар шахс жиноятни содир қилишни мажбуран тан олганликлари аниқланди. Ушбу қотиллик Б.Аҳмедов бошчилигидаги уюшган жиноий қуролли гуруҳ томонидан содир этилганлиги тўлиқ исботланди. Далилларни сохталаштириб, айбсиз фуқароларни жиноий жавобгарликка тортган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг айрим ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Терговда қуролли гуруҳ иштирокчиларидан жиноят қуроли сифатида фойдаланиб келинган 3 та автомашина, жиноий йўллар билан топилган 12 бош йирик шохли мол, 100 бош қўй расмийлаштириб олинди, фуқароларга 100 миллион сўм-купондан ортиқ мулкий зарар етказилганлиги аниқланди. Суд гуруҳ етакчилари ва аъзоларининг қилмишига яраша адолатли жазоларга ҳукм қилди.

Бундай чигал “лабиринт”дан усталик билан йўл топиш, ҳеч тутқич бермаган уюшган тўда фаолиятини фош этиш айтишга осон… Ҳа, бу мушкул вазиятда терговчининг билими, синчковлиги, тажрибаси ва маҳорати кўп нарсани ҳал этди. Бу Рамазон Раҳмоновдай фидойи терговчиларнинг машаққатли меҳнатидан биргина лавҳа, холос.

Шерали АШИРОВ,
Қашқадарё вилояти
прокурорининг биринчи
ўринбосари