Отахонни бўлиб-бўлиб куйдирган майор

15:00 - 15.11.2021

11

Даврон Пардаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ёзда неварасини ҳарбий хизматга юбориш ҳаракатида юрганди. Бир куни Каттақўрғон шаҳар мудофаа бўлими биноси олдида турганида бир нотаниш киши келиб, ўзини Холбек Хонқулов деб таништирди. Бу ерда нима қилиб юргани билан қизиқди.

– Неварамни ҳарбий хизматга юборишим керак, шу ташвишда юрибман, – деди отахон.

Холбек отахонни алдашдан уялмади. Унинг ҳолатидан фойдаланиб, пул ундиришга уринди.

– Мен Чирчиқда ҳарбий бўлиб ишлаганман. Майор унвони билан пенсияга чиққанман. Неварангизни хизматга юборишга ўзим ёрдам қиламан, ҳарбий хизматдан кейин шартнома асосида ишда қолишига ҳам ёрдамлашаман, – деб унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди. Кейин улар бир-бирининг телефон рақамларини алмашди.

Бир куни Холбек телефон қилиб, Тошкент шаҳрига иш билан кетаётганини айтиб қолди. «Бирйўла сизнинг ишингизни ҳам ҳал қилиб келаман, озгина харажати бор» деди. Даврон Пардаев рози бўлди. Холбек келиб ундан 300 доллар пул олиб кетди. Шундан сўнг улар тез-тез телефонда гаплашиб турадиган бўлишди. Бир ой давомида Холбек Хонқулов Даврон Пардаевдан бўлиб-бўлиб, жами 3500 АҚШ доллари олиб кетди.

Орадан анча вақт ўтса-да, ваъда бажарилмади. Ниҳоят, октябр ойида Холбек Даврон Пардаевга қўнғироқ қилиб, неварасини бир йиллик ҳарбий хизматга юборолмаганини, Каттақўрғон шаҳар мудофаа бўлимига бориб, бир ойлик ҳарбий хизматга юбориш учун гаплашиб келганини айтди. Даврон Пардаев иложсиз бу таклифга ҳам кўнди.

Кўп ўтмай уларнинг уйига Каттақўрғон шаҳар мудофаа бўлимидан чақирув қоғози келди. Унда неварасини бир ойлик ҳарбий хизматга юбориш учун 4 млн. 750 минг сўм пул тўлаши зарурлиги кўрсатилганди.

Шундан сўнг отахон бир неча марта Холбекка қўнғироқ қилиб боғланолмади. Охири уни излаб уйига борди. Унга чақирув қоғозини кўрсатиб, пулни ким тўлашини сўради. Холбек «ҳозир отам касал, ёнимда пулим йўқ» деди. Даврон Пардаев ўзи пул тўлаб, неварасини бир ойлик ҳарбий хизматга юборди.

Холбек сўзининг устидан чиқмагач, Даврон Пардаев пулини қайтаришини сўради. Фирибгар йигит баҳона қилиб, 10 ноябрь куни қайтаришини ваъда қилди. Аммо яна ваъдасини бажармади. Хонқуловнинг ваъдасига ишониб яна уч марта сарсон бўлган Даврон Пардаев охири ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилди.

Туман прокуратураси ўтказган тергов давомида Даврон Пардаевга 3500 доллар, яъни 34 млн. 736 минг 365 сўм пули фирибгардан тўлиқ ундириб берилди.

Суд ҳукми билан Холбек Хонқуловга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.