“Қизингизни аҳволи оғир, Истамбулга пул жўнатинг!”

16:00 - 12.11.2021

10

Афсуски, дунё бўйлаб қанчалик кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда.

Пойтахтлик Самира Ғофуровада (исм-фамилиялар ўзгартирилган) онкологик касал аниқланади. Юртимизда ўтказилган муолажалар кор қилмай, дард ривожлана бошлайди. Шифокорлар жарроҳлик амалиёти ўтказиш лозимлигини таъкидлашади. Шундан сўнг Туркиядаги клиникалардан бири билан боғланиб, бемор жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун Истанбул шаҳрига онаси Саодат Мирзаева билан жўнаб кетади.

Истанбулга келган С.Ғофурова аввалига онаси билан меҳмонхонада яшаб, тиббий муолажалар олади. Жарроҳлик амалиётига тайёрлаш бироз чўзилиб кетгани учун улар пулларини тежаш мақсадида ўзбекистонлик ака-ука Анвар ҳамда Шуҳрат Мирзаевлар ижара асосида яшаб келаётган тўрт хонали квартиранинг бир хонасини бир ойга 100 доллар эвазига ижарага олиб кўчиб ўтишади. Орадан бир неча кун ўтгач, Самиранинг онаси С.Мирзаева шахсий ишлари сабабли қизини юртдошлари Анвар ва Шуҳратга омонат қолдириб, ўзи Тошкентга қайтади.

Дастлаб яхши муомалада бўлиб Самиранинг ишончига кирган ака-ука турли баҳоналар билан унинг паспорти ва телефонини олиб қўяди. “Анча соғайиб қолдингиз, ишласангиз яхши маош берадиган иш бор”, дея қизни алдашади. Аёлни кийим-кечак ишлаб чиқарадиган корхонада кунлик ишларда ишлашга кўндиришади. Унинг хизмат ҳаққини эса ўзлари олиб, аёлга керак бўлганда беришларини айтишади. Шу тариқа Самира 15-20 кун ишлаб, 3 минг лирага яқин пул топади, аммо соғлиғи ёмонлашади. Шу боис ишга чиқолмай қолади. Уйидан олиб келган пуллари қолмагач, ишлаган пулини йигитлардан сўраганида, улар турли баҳоналарни рўкач қилишади.

Бора-бора Анвар ва Шуҳратнинг асл қиёфалари очилиб боради. Улар шу даражага бориб етадиларки, Самирани фоҳишалик қилишга мажбурлашади. Ҳаттоки, Самиранинг фотосуратларини турли эркакларга жўнатиб, у билан шаҳвоний алоқада бўлиш нархларини ҳам ёзиб юборишади. С.Ғофурова фоҳишалик билан шуғулланишдан бош тортганида, хонага қамаб, уриб-дўппослашади.

Хуллас, Анвар ва Шуҳрат Самирани 2 ой мобайнида ҳам ишлатиб, ҳам фоҳишалик қилишга мажбурлашган. Бу орада қизини сўраб қўнғироқ қилган онага Анвар Самиранинг соғлиғи кундан-кунга ёмонлашаётгани, уни даволатиш учун пул жўнатиши лозимлигини айтган. Онаизор ҳам оғир аҳволда қолган.

Бир куни Самира уйга келган бир эркакнинг телефон рақамидан синглисига хабар жўнатишга эришади. Ушбу хабар сабаб она қизининг аҳволидан хабардор бўлади. Йигитларнинг устидан ички ишлар идорасига шикоят қилишини айтгач, улар Самирани қўйиб юборишади.

Тезкор қидирувлар натижасида аввал Шуҳрат Мирзаев ушланди. Буни эшитган акаси эса ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўзидан яширинишга эришади. Аммо бузоқнинг югургани сомонхонагача. Орадан бир неча ой ўтгач, Анвар Мирзаев ҳам қўлга олинди. Уларнинг устидан қўзғатилган иш жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Анвар ва Шуҳрат Мирзаевларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.