“Халққа нафим тегсин дегандим-да…”

14:00 - 12.11.2021

7

Пандемия туфайли эълон  қилинган карантин кунларида барча соҳа вакилларига қийин бўлди. Вобкентлик якка тартибдаги тадбиркор Гулзода  Муҳидова ҳам халққа нафим тегсин деган мақсадда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Бухоро вилояти бошқармаси билан қонуний шартнома имзолаб, карантин зонасида бўлган беморларга 191 миллион 346 минг сўмлик гигиена ва бир марталик идиш-товоқлар етказиб берди.

Аммо бошқарма мутасаддилари шартнома шартларини бузиб, бажарилган иш учун тўловларни амалга оширмади. Яъни маҳсулот учун пул тадбиркор ҳисобрақамига  ўтказиб берилмади. Бошқарма томонидан 2020 йил 20 апрелда тузилган 20-сонли шартнома қонун талабига биноан ғазначиликда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлса-да, бу иш бажарилмади. Шунингдек, икки томон ўртасида ҳисоб-варақа фактуралари расмийлаштирилмаган. Ўлда-жўлда қолиб кетган бу иш судгача борди.

Бухоро туманларо иқтисодий суди 2021 йил 25 февралда даъво ишини кўриб чиқиб, тадбиркор фойдасига 191 миллион 359 минг сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқарди. Тадбиркор фойдасига ҳал қилинган қарор ижроси кутилаётган бир пайт­да, ижро ишлари тўхтатиб қўйилди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғининг “югур-югурлари”, “таниш-билишлар” аралашуви билан Гулзода Муҳидова фойдасига ҳал қилинган қарор вилоят иқтисодий судида аппеляция тартибида кўриб чиқилиб, бекор қилинди.

Адолат тамойиллари бузилгач, суд қароридан норози бўлган тадбиркор  ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб вилоят прокуратурасига мурожаат қилди. Аппеляция инстанцияси судининг 2021 йил 5 майдаги қарорига прокурор протест киритди. Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 29 июндаги қарори билан Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 25 февралдаги ҳал қилув қарори ва Бухоро вилояти суди аппеляция инс­танциясининг жорий йил 5 майдаги қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриб чиқиш учун Бухоро туманлараро иқтисодий судига юборилди.

Адолатнинг йўллари узун бўлди, аммо ҳақ ўрнида қарор топди. Тадбиркор ҳуқуқлари қонун томонидан ҳимоя қилинди. Ўз навбатида суд муҳокамаси давомида жавобгардан товарлар қийматига қўшиб, жами 219 миллион 565 минг 626 сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилинди.