“Қизил” ва “сариқ” маҳаллалар назоратга олинган

12:00 - 12.11.2021

8

Жиноятчиликнинг олдини олишда профилактик тадбирларнинг аҳамияти катта. Бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда секторлар кесимида жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш борасидаги ҳамкорлик самарасини бугун жиноятлар сони камайганида кўришимиз мумкин.

Йўл харитаси асосида 18 та маҳаллага 72 нафар шахс бириктирилиб, мунтазам тунги рейдлар ўтказилмоқда. Бундай тадбирлар давомида 239 та бўш объект қайд қилинди. Бундан ташқари, тунда фаолият кўрсатаётган 214 та маиший объект аниқланди. Рейдлар натижасида 836 та маъмурий баённома расмийлаштирилган, шундан 635 таси туман ИИБга олиб келинган.

Жумладан, “Нурафшон” шаҳарчасида яшовчи фуқаро А.С. белгиланмаган жойда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги аниқланиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. “Тўпчи” маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.С.нинг фуқаролик паспорти яроқсиз ҳолга келгани аниқланиб, МЖтКнинг тегишли моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ўрганишлар давомида шунингдек жиноят қилишга мойил фуқаролар ҳам аниқланган. Шундан 4 нафари озодликни чеклаш жазосини ўтаётганлар, 29 нафари ахлоқ тузатиш ишларидаги шахс­лар, 19 нафари маъмурий назоратга олинганлардир. Хусусан, туманнинг “Кўна бирлашув” маҳалласида яшовчи пробация ҳисобида турувчи И.А. билан қайта жиноят содир этмаслиги тўғрисида профилактик суҳбат ўтказилган.

“Меҳнатгули” маҳалласида яшовчи Ё.Ю. турмуш ўртоғидан жабрланганлиги ва “Пахтаобод” маҳалласида яшовчи Р.Ж.га турмуш ўртоғи тазйиқ ўтказиб келаётганлиги туфайли ҳимоя ордерлари берилган.

Бундан ташқари, 21 та мактаб, 22 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та масжид, 121 та озиқ-овқат, савдо шохобчалари ва бошқа бинолар, шунингдек 46 та фуқаронинг уйлари техник қўриқлаш пультларига уланиб, қўриққа олинди ва 145 та камера ўрнатилди. Ишчи гуруҳ аъзолари 2000 дан зиёд хонадонда бўлиб, фуқароларни  ўғирлик ва фирибгарлик қурбони бўлишдан огоҳлантирди.

Ўтган йили туман ҳудудида 19 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиши оқибатида 10 нафар фуқаро вафот этган, 18 нафари  тан жароҳати олган эди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлига 2 та светофор ва 120 та йўл белгилари ўрнатилди. Шунингдек, йўл бўйига 8 та видеокузатув мосламаси ўрнатилди. Видеокузатув камералари ўрнатилмаган кўчаларга камералар ўрнатиш ҳам назоратга олинди. “Қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллаларда “Жамоатчилик назорати масканлари” фаолиятини самарали йўлга қўйиш юзасидан тавсия­лар берилди.