Имтиёз хуш ёқади, мажбурият-чи?!

18:00 - 12.11.2021

4

Солиқлар ҳар қандай давлатнинг таянчидир. Дунёдаги айрим давлатларда солиқ сиёсати билан боғлиқ ажабтовур қонунлар борки, ёқа ушлайсиз.

Жумладан, британияликлар 27 йилдан бери шляпа учун солиқ тўлашади. Уйида ит боққан японларнинг даромадидан маълум қисми ҳам солиққа тортилади. Юртимиз солиқ сиёсатида эса фуқароларга имкон қадар қулай муҳит яратиш, солиқ юкини камайтириш борасида катта ўзгаришлар қилинмоқда. Шундай бўлса-да, солиқ тўлаш бурчимиз эканини унутаётганлар, даромадини давлатдан яшириб, бойимоқчи бўлаётганлар учраб турибди.

Гулистонлик Адҳам Нурматов солиқ тўлашни унутмади, балки бош тортди. Ёши ўттиздан ошган, олий маълумотли, катта фирмаларни бошқаришга ақли етган кишининг солиқ тўлашга келганда адашиши ишонарли ҳолат эмас.

Аниқланишича, Адҳам Нурматов «Special trade group» масъулияти чекланган жамияти ҳамда «Sirdaryo unversal partner», «New story bek», «Foot trade 707» хусусий корхоналарини ташкил этиб, уларга раҳбарлик қилади. Президент ва ҳукумат қарорларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланса-да, мажбуриятини бажаришга келганда ўзини билмасликка олади. Нафси ўпқонга айланиб, 10 млрд. 17 млн. сўмдан зиёд қўшилган қиймат солиғини ҳисоботларда камайтириб кўрсатади. Шу йўл билан жуда кўп миқдордаги солиқни тўлашдан бўйин товлайди.

Тадбиркор бойиса, халқ бойийди. Аммо А.Нурматов халқни бойитишни ўйламади ҳам. Янгидан «Stroymaterial-777» МЧЖни ташкил этди. Ундаги текширувда 15 986 504 500 сўмлик товар сотилгани аниқланиб, жами 752 909 200 сўмлик қўшилган қиймат солиғи ҳисоботда камайтириб кўрсатилгани ойдинлашди. Мазкур жамиятда кирим ҳужжати бўлмаган 443 млн. 147 минг сўмлик товарлар ҳам сотилган. Натижада савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари кўп марта бузилган.

«Тадбиркор» қонун посбонларини чалғитолмади, унинг қилмишларига чек қўйилди. Суд ҳукмига кўра А.Нурматов тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинди.