Дока рўмол қуримади…

12:00 - 11.11.2021

14

«Наргиза эрини пичоқлаб қўйибди…» деган гап нафақат қишлоққа, балки бутун туманга бир зумда ёйилди. Ҳатто интернет тармоқлари ҳам бу ҳақда хабар берди.

Ҳар ким ўзича мулоҳаза қилиб, биров аёлга, бошқаси марҳумга, яна бири икки гўдакка ачинди. Бировлар «бу ҳам бир миш-миш бўлса керак» дея ишонмади. Афсуски, хабар рост бўлиб чиқди. 23 ёшли аёл оилавий жанжал пайтида турмуш ўртоғини пичоқлаб, қотилга айланди. Бир оила инқирозга юз тутди. Икки бола ҳам ота, ҳам онасидан жудо бўлиб, қалби яраланди. Энди йиллар ўтгач ҳам уларни етаклаб боғчага олиб кетаётган отаси сиймоси хотираларида муҳрланиб, юракка оғриқ бераверса керак. Ахир Баҳодир боғча дарвозасида иккисининг пешонасидан ўпиб, «Кечки пайт сизларга шоколад олиб келаман» деб хайрлашганди…

Энг кичик жамоада ҳам бир бошлиқ бўлмаса, бирлик қарор топ майди. Шунинг учун аёлга буюрилган вазифалар орасида эрини ҳурмат қилиш ва унга итоат этиш биринчи ўринда туради. Оила муқаддаслиги эса мана шулар асосида барпо бўлади. Бир сўз билан айтганда, оила тотувлиги кўпроқ аёл кишининг оқилалигига боғлиқ. Бироқ Наргиза ана шу мувозанатни бузди. Эри рухсат бермаса ҳам синглиси билан Қозоғистонга бориб, икки ой ишлаб келди. Баҳодир фарзандларининг тақдирини ўйлаб уни кечирди-ю, бироқ бора-бора аламини ичкиликдан оладиган бўлди. Аслида «кечирди» дейиш ҳам бироз адолатсизлик бўлар. Сабаби, Баҳодирнинг ўзи бирор ерда ёлчитиб ишлаб, оиласи учун бир сўм пул топиб келмаганидан кейин аёл мажбуран шу йўлни тутган, у олиб келган пул эрга ҳам сариёғдек ёққанди ўшанда. Умуман олганда, бу оилада аёл ўз бурчларини унутгангина эмас, эр ҳам вазифаларини бажаришга уринмасди.

Топишининг тайини йўқ эр аввал уйдаги буюмларни сотиб юборди. Кейин қарз олишга ўтди… Қаршилик қилмоқчи бўлган аёл эса мушт еб қолаверди. Оиланинг тобора нураб бораётгани на маҳалла-кўйни, на қариндошларни ташвишга солди.

Жанжалдан безган аёл тез-тез онасиникига кетиб қоларди. Ўша мудҳиш воқеадан икки кун олдин ҳам эри бориб энди ичмасликка, уришмасликка ваъда бериб Наргизани олиб келди. Аммо ўрганиб қолгандан кейин қийин экан, кечқурун маст ҳолатда келиб яна жанжал кўтарди. Бу ҳолат эртасига яна такрорланди…

Эрталаб болаларини боғчага олиб борган Баҳодир қайтишда яна дўкон олдидан тинч ўтолмай, «бош оғриғи» қилиб олди. Уйига қайтганида сўрида ўтирган қайнсинглисини кўриб асаби бузилди. Чунки ўтган гал Наргизани Қозоғистонга у бошлаб кетганди. Яна шу ниятда келгани ойдинлашгач эса «Энди ҳеч қаёққа бормайсан!» дея ўшқирди хотинига ва юзига тарсаки тортиб юборди. Бу ҳолатдан ўнғайсизланган қайнсингил ҳовлини тарк этди. Шу билан жанжал босилгандек бўлди. Вазиятни юмшатмоқчи бўлган Баҳодир кўчадан гўшт олиб келди-да, хотинига қовуришни буюрди. Ўзи қўшни ҳовлига – онасиникига ўтиб кетди. Чиқса, опаси келган экан. Ундан қарзи бор эди. Опаси эри пулни сўраётганини айтиб, эвазига хотини янги олган жемферни беришни таклиф этди. Ҳамма бало шундан бошланди…

Ўзи ишлаб келган пулига олган кийимни эри опасига индамай бериб юборгани Наргизага оғир ботди. Эр-хотиннинг жанжали атрофдагиларга эшитилса-да, туғишганлари кўникиб қолишганиданми, аввалига эътибор беришмади.

Кучига эрк берган эр аёлини аёвсиз калтаклади, камига қўлига илинган мих билан ўнг кўксига жароҳат етказди. Бир амаллаб хонадан қочиб чиққан аёл ҳовли четидаги хонтахта томон юрди. Боягина гўшт тўғраган пичоқни олиб, кутилмаганда уйдан чиқиб келган эрининг кўксига зарб билан санчди…

Девор-дармиён яшайдиган акалар югуриб чиқишганида Баҳодир ерда қонга беланиб ётарди. Шифохонага етмасдан йўлдаёқ унинг жони узилди. Қилмишидан қўрқиб кетган аёл эса пичоқни қўшнисиникига олиб чиқиб, ҳали битмаган уйнинг поли тагига ташлади-да, онасиникига чопди. Дастлаб «Эрим ўзига пичоқ тиқиб олди» деган Наргиза кейинроқ виж дони қийналибми, айбига иқрор бўлди ва пичоқни яширган жойини кўрсатиб берди. Аёлни суднинг қора курсисида кўриш нақадар оғир. Бундай иллатлар қаёқдан пайдо бўлаяпти?! Нега лоқайдмиз?! Етим қолаётган фарзандларнинг тарбиясини ким ўйлайди?!

Бу саволлар ҳали ҳам айрим маҳаллаларда қудалар, келин-куёвлар ўртасидаги учрашув, суҳбатлар хўжакўрсинга ўтказилаётганини кўрсатади. Аслида турмуш қуришдан асосий мақсад нелигини, эр ва хотиннинг бурчини оилада ўргатиш, ана шу суҳбат асносида уларни имтиҳон қилиб бориш керак.

Яна бир тоифа оилалар борки, можароларига четдан биров
аралашишини ёқтирмайди. Ўзлари ҳал этиб олишларини айтиб,
маслаҳатни ҳам рад этишади. Ёки эшитишса ҳам амал қилишмайди. Бу даргоҳдаги фарзандлар эса, табиийки, аламзада, ўзбилармон бўлиб ўсади..

Оила – енгил-елпи ҳаёт эмас, балки жамият ва давлат, худонинг олдидаги катта масъулият ҳам. Ёлғонни, хиёнатни, лоқайдликни кечирмайди, фақат эзгуликдан гуллаб-яшнайди. Қуйидаги воқеа ҳам шу фикримизга бир мисолдир. Даврон Қозоғистонга ишлагани кетди ва салкам бир йил деганда ҳеч вақосиз уйга қайтди. Турган гапки, бу турмуш ўртоғи Санъатхонга ёқмади. Ўртада гап қочиб, аразлашиб қолишди.
«Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши» дейишарди кексалар. Лекин баъзан рўмол юз марта сувга тушиб, юз марта қуриса ҳам ярашишга имкон бўлмайди. Санъатхон аразлаганча ёлғиз қизи билан алоҳида, Даврон эса бир ўзи бошқа хонада ётиб юришди.

Даврон Санъатхон билан жиянининг тўйида ярашиб оларман, қизим ҳам бўй етиб қолаёзди дея умид қилганди. Аммо бунга ҳам имкон топилмади. Аламидан кетма-кет ароқ сипқориб кайфи ошгач, чайқала-чайқала уйига қайтди. Бироздан сўнг хотини билан қизи кириб келаётганини кўриб, қарши олиш учун пешвоз чиқди. Бироқ унинг саломига қизи жавоб қилди холос. Хотини эса одатдагидек оғиз ҳам очмай хонасига кириб кетди. Даврон яна ўзини босди. Ортидан кириб, бундай яшаб бўлмаслигини, ярашиб олиш лари кераклигини тушунтира кетди. Сўзи якунида ухлаш учун жой солишни буюрди. Бу вазифага қизи киришганини кўриб эса таранглашган асаб торлари чирт этиб узилди.
– Сенга айтганим йўқ! – бақирди қизига. – Жойни онанг солсин!
– Болага нега бақирасиз? – деди Санъатхон баттар чакаги очилиб. Сўнгра қизини етаклади. –
Юр, қизим, бугун бу ерда қолиб бўлмайди. Отангнинг авзойи бузуқ…
Даврон кийиниб кўчага отланган она-боланинг йўлини тўсди:
– Қаерга кетаяпсан? Ортинг га қайт! Уйдан чиқадиган бўлсанг, фақат ўлигинг чиқади!

Пичоқ ўйинчоқ эмас, уни ҳатто ўйин қилиб ҳам бировга ўқталиб бўлмайди. Эрининг эшик олдида туриб олганини кўрган Санъатхон қўшни ҳовли орқали кўчага чиқиш учун қизини етаклади. Шу маҳал важоҳат-ла уларга яқинлашган Даврон кутилмаганда қўлидаги пичоқни зарб билан хотинининг чап кўксига санчиб олди. Ҳушидан кетган аёл ерга юзтубан йиқилди.

Бақир-чақирдан оёққа қалққан қўшнилар уни зудлик билан касалхонага элтдилар. – Турмуш ўртоғимнинг мени ўлдириш нияти бўлганида, яна пичоқ уриш имконияти бор эди, – деди Санъатхон кейинроқ ўзининг ҳаракатларини виждон тарозисига соларкан. – Уни бундан қайтарадиган тўсиқ ҳам йўқ эди. У бундай қилмади, қариндошлари ҳам даволанишим учун пулдан қисмади. Эримга даъво қилармидим?.. Ўртада фарзандимиз ҳам бор… Хулқини ўзгартирса, бирга яшасам дейман…

Хотини даъво қилмади, рост. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор. Ушбу воқеа фожиали якун топиши ҳам мумкинлиги, ёш оилаларнинг бузилиши, эр хотинини ёки хотин эрини пичоқлаб қўяётган ҳолатлар кўплиги кишини ўйга толдиради. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ, маҳалла фаоллари ғишт қолипдан кўчгач низодан хабарлари борлигини айтишади-ю, уни олдинроқ бартараф этишга ҳаракат қилишмайди. Биргаликда ҳаракат қилишса кўп кўнгилсизликларнинг олди олинган бўлар эди.

Нилуфар НИЁЗОВА,
«Huquq»