Профилактиканинг самарали йўналиши

17:00 - 10.11.2021

17

2021 йил 10 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ секторларнинг раҳбарлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар иштирокида жиноятларнинг сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш масалаларини маҳаллаларга чиқиб, соҳалар бўйича муҳокама қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Жиноятларнинг сабаблари ва улар содир этилган шароит муҳокамаси:
— содир этилган жиноят ҳолати бўйича – ўша худуддаги маҳаллада жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб уч кун ичида;

— жиноят содир этган шахс бўйича – унинг яшаш жойидаги махаллада суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми ички ишлар органига келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида ўтказилиши; — оғир ва ўта оғир жиноятларнинг сабаблари ва улар содир этилган шароит муҳокамаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасидаги, унча оғир бўлмаган ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туман-шаҳар даражасидаги секторлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилиши;
— жиноятларнинг сабаблари ва улар содир этилган шароит муҳокамаси жараёнида жиноят ишининг мазмуни, жиноятга алоқадор шахслар тўғрисидаги маълумотларни ошкор этишга, шунингдек шахснинг айблилиги масаласини муҳокама қилишга ҳамда улар муҳокамада қатнашишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Ушбу банд Ўзбекистон Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда ошкора кўриб чиқилиб, айби аниқланмагунича у айбдор ҳисобланмаслиги ҳақидаги қоидадан келиб чиққан ҳолда киритилган. Жиноятнинг сабаблари таҳлил қилинаётганда шахснинг айблилик масаласи муҳокама этилмайди, муҳокамада унинг қатнашишига йўл қўйилмайди, энг асосийси, бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилади.

Профилактика самарадорлигини ошириш учун жиноятларнинг сабабларини ўрганиш, аниқлаш ва бартараф этиш амалиёти йўлга қўйилаяпти. Жабрланувчини, ёмон хулқли, жиноятга мойил бўлган, жиноят содир этган шахсларни ижтимоий мослаштириш, жамиятда жиноятларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, фуқароларнинг жиноятдан жабрланиш хавфини камайтириш борасидаги ишлар кучайтирилмоқда.

Низомга мувофиқ сектор раҳбарлари ҳудуддаги жиноятларнинг сабабларини муҳокама қилиш бўйича масъулдир. Уларга жиноят муҳокамаларини шахсан ўтказиш, жиноят ҳақида асоссиз шов-шув кўтарилишининг олдини олиш вазифаси юклатилди. Муҳокамада ички ишлар органларининг раҳбарлари, профилактика инспекторлари, тегишли бўлинмаларнинг ходимлари ҳамда маҳалла раислари қатнашиши шартлиги белгиланди.

Муҳокама якунида суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахснинг фотосурати у содир этган жиноят тўғрисида маълумот билан бирга маҳалла идорасидаги барчага кўринадиган эълонлар тахтасига бир ойлик муддатга жойлаштирилади. Бундай чоралар жиноятларнинг камайишига хизмат қилади.

Элёржон НИЁЗМАТОВ,
Фарғона шаҳар прокуратураси терговчиси