Қурилишдаги қаллоблик

12:30 - 10.11.2021

3

Нурафшон шаҳрида айни пайтда шаҳарда маъмурий бинолар, замонавий уйлар, бизнес марказлари ва бошқа иншоотлар қурилмоқда. Лекин айрим қурилиш ташкилотларининг раҳбарлари мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида иш қилаётгани афсусланарли.

Олим Юнусов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Тошкент вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясида мутахасис бўлиб ишлаган таниши Алижон Абдуллаев билан ҳамкорликда масъулияти чекланган жамият таъсис қилади. Жамиятга Ёрқин Собиров раҳбар қилиб тайинланган бўлса-да, бошқарув А.Абдуллаев ва О.Юнусовнинг қўлида эди.

2018 йил август ойида А.Абдуллаевнинг саъй-ҳаракати туфайли МЧЖ ва «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ўртасида шаҳардаги Обод турмуш маҳалласида канализация тармоғини қуриш ҳақида пудрат шартномаси тузилади. Унга асосан жамият қурилиш ишларини бошлайди. Орадан бир йил ўтади. Белгиланган ишлар якунланиб, бу ҳақида ҳисоб-фактура тузилади. Мазкур жараёнда А.Абдуллаев ва О.Юнусов жамият томонидан 2 млрд. 182 млн. 500 минг сўмлик иш бажарилганлиги ҳақида ҳисоб-фактурага сохта маълумот киритишади ва бажарилган ишларни 70 млн. 971 минг сўмга ошириб кўрсатади. Шу тариқа икковлон 70 млн. сўмдан ортиқ маблағни ўз манфаатлари йўлида сарфлайдилар.

Улар бу билан кифояланмайди. Шаҳардаги Деҳқонобод маҳалласи аҳлини сув билан таъминлашни шартномага асосан ўз зиммасига олишади. Бу сафар ҳам ҳисоб-фактурага сохта маълумот киритиб, 1 млрд. 35 млн. 167 минг сўмлик иш бажарилгани ҳақида расмий ҳужжат тайёрлайдилар. Оқибатда бюджетнинг яна 67 млн. сўмдан ортиқ пули ўзлаштириб олинади.

Бюджет маблағи эвазига қилинган ҳар бир иш вақти келиб ўлчанади. Ана шунда ким қинғирлик қилган бўлса, ошкор бўлади. А.Абдуллаев ва О.Юнусовнинг қилмишлари ҳам куни келиб фош этилди. Жиноятчилар эса жавобгарликка тортилиши тайин. Бу шахслар ҳам суд ҳукми билан жазосини олишди.