Адолат қарор топса, кўнгиллар хотиржамлик туяди

18:00 - 09.11.2021

4

Мамлакатимизда барча соҳалар ислоҳ қилиниб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида катта ютуқларга эришилмоқда. Шу жараёнда ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини жаҳон андозалари даражасида ислоҳ этишга жиддий эътибор қаратилаяпти. Натижада кўп йиллардан буён очилмай ётган баъзи жиноятлар очилиб, адолат рўёбга чиқмоқда. Албатта, жиноятчиликнинг олдини олиш, адолатни қарор топтириш учун кўпчилик бирлашиб ҳаракат қилиши керак. Бош прокуратура томонидан ҳам бир неча йиллардан буён очилмай, темир сандиқларда чанг босиб ётган жиноят ишлари қайтадан ўрганилмоқда. Бу ишларда прокуратура ва ички ишлар идораларининг ҳамкорлиги яхши натижа бераяпти.

Ҳаловат топаётган қалблар

Айниқса, бир неча йилдан буён жигарининг на ҳаётлигини билмай, на жонсиз танасини тупроққа қўёлмай илҳақ юрган инсонларнинг беҳаловат қалблари таскин топмоқда. Улар неча йиллардан буён адолат кутиб яшаганига асло шубҳа йўқ. Бош прокуратуранинг ҳаракати билан бу каби ҳолатлар бўйича бирин-кетин адолат қарор топаяпти. Бунга бир нечта мисол келтирамиз.

Косон туманидаги Қорабўйин маҳалласида яшаган Ғанишер Толипов 2012 йил 24 январь куни кечқурун ўзининг «Нексия» машинасида уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган. Кейинчалик машина Самарқанд шаҳридан топилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, машинадаги бармоқ излари олинган. Аммо ўша пайтда тизим ҳозиргидек моддий-техник жиҳатдан таъминланмагани учун жиноят очилмай қолган.

Иш қайта юритувга олингач, Бош прокуратуранинг кўрсатмасига асосан бармоқ излари экспертлар томонидан биометрик идентификация тизими орқали текширилди. Машина юкхонасидан олинган битта бармоқ изи фуқаро Ойбек Муродуллаевнинг чап қўл бош бармоғига, яна бир бармоқ изи эса фуқаро Арслон Турдиевнинг ўнг қўл бош бармоғига мос келиши аниқланди.

Ушбу маълумотга асосан Қашқадарё вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими ва ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тергов натижасида бармоқ излари мос келган фуқаролар қўлга олинди. Улар тергов жараёнида қилмишларига иқрор бўлишди. Мазкур жиноятни О.Муродуллаев, А.Турдиев ҳамда С.Дўстмуродов содир қилгани аниқланди. Улар бедарак йўқолган Ғ.Толиповни ўлдириб, унинг жасадини далага кўмиб, машинасини Самарқанд шаҳрига ташлаб кетишган экан. Мазкур жиноятнинг очилиши ортидан тўққиз йилдан буён бедарак кетган жигарининг йўлига кўз тикиб, тиқ этса эшикка қараб ўтирган марҳумнинг яқинлари оғир бўлса-да, руҳан ҳаловат топдилар.

Худди шундай Бахмал тумани Новқа қишлоғида яшовчи, 1995 йилда туғилган Бувижон Худойназарова ҳам 2014 йил 23 октябрь куни тонгда янги паспорт олиш мақсадида уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган. Онасининг суриштирмаган одами, қидирмаган жойи қолмаган. Уни қидириш ишлари бесамар кетган. Маълум вақт ўтгач, Б.Худойназарованинг онаси Г.Умарова Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб, бедарак йўқолган қизини топишда ёрдам сўраган. Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 30 март куни жиноят иши қўзғатилган.

Прокуратура ва ички ишлар ходимлари ҳамкорликда бундан олти йил аввал содир бўлган ҳодиса бўйича тергов-суриштирув ишларини олиб борди. Тергов жараёнида фуқаро Ўлмас Равшанов айбига иқрор бўлди. Маълум бўлишича, ўша куни у Б.Худойназарова билан Бахмал тумани Мўғол қишлоғидаги акасига тегишли бўлган, қурилиши тамомланмаган уйда учрашган. Қиз йигитдан ҳомиладорлигини айтиб, уйланишини талаб қилган. Бу эса ўртада жанжал чиқишига сабаб бўлган. Ў.Равшанов жаҳл устида қизнинг юзига урган, у ерга йиқилиб боши тошга теккан ва жароҳат олиб, ҳушини йўқотган. Шундан сўнг йигит ерда ётган сим билан Б.Худойназаровани бўғиб ўлдирган. Жиноятни яшириш мақсадида жасадни гиламчага ўраб, кўмиб ташлаган. Тергов давомида Б.Худойназарованинг жасади айбланувчи Ў.Равшанов кўрсатган жойдан ковлаб олинди.

Тўғри, жиноятнинг очилиши марҳумнинг яқинларини қувонтирмайди. Аммо уларнинг безовта юрагига таскин бериши муқаррар.

Ўн тўрт йилда очилди

Яна бир воқеа аввалгиларидан бошқачароқ. 2007 йил 5 ноябрь куни Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг биридаги хонадондан 1972 йилда туғилган Муҳаббат Холбекованинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган. Ўша пайт да мазкур ҳолат бўйича Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчи тариқасида жалб қилиниши лозим бўлган шахс аниқланмагани сабабли жиноят ишининг тергови тўхтатилган.

2021 йилда Бош прокуратурада тузилган гуруҳ ҳудудларда жиноятчиликни жиловлашга қаратилган қидирув тадбирларининг самарадорлигини ўрганди. Мазкур жараёнда барча ҳудудлар бўйича очилмай турган жиноят ишларини яна иш юритувига олиш бўйича кўрсатма берилган. Шу тариқа Фарғона вилоятида ўтказилган ўрганиш жараёнида М.Холбекованинг ўлими бўйича очилган жиноят иши ҳам қайтадан иш юритувига олинди. Жиноят иши бўйича ҳодиса жойидан олинган бармоқ изларининг кимга тегишлилигини ўша пайтда аниқлаш имкони бўлмаган. Иш қайта қўзғатилгач, бармоқ излари Ички ишлар вазирлиги папилон базасидаги маълумотлар билан солиштирилди.

Мазкур жараёнда улардан бири 1983 йилда туғилган Таваккал Мўйдиновга тегишли эканлиги маълум бўлди. Шундан сўнг бу шахс қўлга олиниб, тергов олиб борилганида жиноят ишига ойдинлик киритилди. Маълум бўлишича, 2007 йил 4 ноябрь куни 1975 йилда туғилган Акрам Раҳмонов таниши Т.Мўйдинов билан кечқурун соат 22 ларда М.Холбекованинг хонадонига борган. Улар бирга спиртли ичимлик ичишган. Маст бўлиб қолган М.Холбекова А.Раҳмоновни ҳақоратлаган. Бундан ғазабланган А.Раҳмонов ўзини босолмай, хонада турган «ДВД» аппаратининг шнури билан аёлни бўғиб ўлдирган. Ушбу ҳолатга Т.Мўйдинов гувоҳ бўлиб қолгани сабабли А.Раҳмонов у билан жиноий тил бириктириб, жабрланувчига тегиш ли «ДВД» аппаратини ва телефонини ўғирлаб кетишган ва сотиб, пулини бўлиб олишган. Мазкур иш бўйича А.Раҳмонов ва Т.Мўйдиновга айб эълон қилиниб, иш судга оширилди.

Хулоса

Жиноят ишларининг очилишида, жиноятга жазо муқаррарлиги принципининг рўёбга чиқишида, адолат қарор топишида фидойилик кўрсатган ходимларнинг меҳнати беэътибор қолмади. Бош прокуратура раҳбарияти томонидан ўз вазифасига сидқидилдан ёндашган, касбининг фидойиси бўлган ходимлар муносиб тақдирланди.

Адолат қарор топсагина кўнгиллар хотиржамлик туяди. Жамиятда тинчлик мустаҳкамланиб, аҳиллик кучаяди. Яна шуни таъкидлаш лозимки, ҳар бир фуқаро ўзи кўриб, гувоҳи бўлиб турган ҳар қандай қонунбузарликка бефарқ бўлмасин, унга муносабат билдиришни ўзининг фуқаролик бурчи деб билсин.

Алишер ИМОМНАЗАРОВ,
Бош прокуратура бошқарма бошлиғи