Ахлоқ тузатиш жазосини олган ҳуқуқшунос

14:30 - 09.11.2021

6

Олий маълумотли ҳуқуқшунос ҳалол ишлаб обрў қозониши мумкин эди. Бироқ нафсини тия олмасдан қинғир ишга қўл урди. Бировларнинг ишончини суиистеъмол қилиб қўлга киритганларини эгаларига қайтаришга мажбур бўлибгина қолмай, пешонасига фирибгар тамғаси ҳам урилди. Ишдан ҳайдалди.

Б.К. 2019 йил ноябрь ойидан «Агробанк»нинг Ўзбекистон тумани филиалида юрист-консультант лавозимида ишлай бошлайди. 2020 йил сентябрь ойида унда лавозимидан фойдаланиб қолиш фикри туғилади. Банк филиалининг бланкасига сохта кафолат хати ёзиб, бошқарувчи ўрнига ўзи имзо чекади. Ушбу хатни фермер хўжалиги раҳбари Э.Н.га кўрсатиб, уч кун ичида ҳисоб­рақамига пул тушириб беришига ишонтиради ва унинг 28 млн. 500 минг сўмлик иккита қорамолини олиб кетади.

Шунингдек, Б.К. қорамол олмоқчи бўлган Р.Х.ни ҳам авраб йўлга солади. У билан бирга яна ўша фермер хўжалигига бориб, унга тегишли 32 млн. 500 минг сўмлик учта қорамолни олиб кетади. Ўн кун ичида 29 млн. 500 минг сўм нақд пул бераман деб алдайди.

Иккита қорамолнинг пули ҳисобрақамига тушмаганидан хавотирланган фермерни бугун-эрта кредит олиб тўлайман дея хотиржам қилади. Р.Х.ни ҳам учта қорамолини сотиб, нақд пул беришини айтиб лақиллатиб юраверади. Алданган фермер Э.Н. ва Р.Х.нинг мурожаатлари асосида ўтказилган суриштирув ва терговда фирибгар жабрланувчиларга етказган зарарни тўлиқ қоплади. Суд айбига иқрор бўлган банкнинг собиқ хуқуқшуносига ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.