ЙПХ ходимлари қочишга мажбур бўлди

12:30 - 09.11.2021

3

Акрам тўйда ароққа тўйиб олди. Базм тугаганида вақт алламаҳал бўлиб қолган эди. Ширакайф бўлишига қарамасдан «Damas»нинг рулига ўтирди. Машинанинг ғалати юриши эътиборни тортди шекилли, йўлда «Cobalt»даги йўл назоратчилари уни қувиб етиб, тўхташга мажбур қилишди.

Машинадан тушган икки нафар ЙПХ ходими «Damas»нинг эшигини очиб, саломлашишди.

– Тўйдан қайтаяпсизми? – сўради улардан бири. – Ичкилик ичмадингизми? Қани, бир пуфлаб юборинг…

Акрам ароқ ичганини тан олди. Аммо тиббий кўрикдан ўтиш учун боришдан бош тортиб, машинадан тушмади. Ходимлар уни камаридан тортиб туширишга мажбур бўлишди.

Акрам эса ерга ўтириб олиб, ҳамқишлоқларини ёрдамга чақириб бақира бошлади. Бу орада ЙПХнинг учинчи ходими ҳам етиб келди. Қаердандир Акрамнинг бақирганини эшитган ўн чоғли қариндоши ҳам пайдо бўлди.

Келганларнинг важоҳатини кўрган ходимлардан бири уларга вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилди.

– Боди-камера ишлаб турибди, – деди у. – Ҳамма воқеа тасвирга олинаяпти. Ҳайдовчини қонуний тартибда тиббий назоратдан ўтказиш учун олиб боришимиз керак…

Аммо йиғилганлар орасида бўлган Акрамнинг жияни Адҳам ерда бақириб ётган амакисини кўрди-ю, ходимларга қулоқ солиб ўтирмасдан қўлига илашган нарса билан улардан бирининг бошига урди. Ходим бошини чангаллаганча ерга йиқилди. Акрам эса уни тепиб юборди. Шу тариқа жанжал кучайди. Вазият жиддийлашавергач, қолган икки ходим машинаси томон қочишга мажбур бўлишди. Шу тариқа бурчини бажараётган ходимнинг ўзини шифокор ҳузурига элтишди.

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани суди ўтказган сайёр суд мажлисида Акрам Қурбонов ва Адҳам Қаршиевнинг жиноят иши кўрилди.

Қайд этилишича, Акрам Қурбонов 1974 йилда туғилган. Ўрта маълумотли, тадбиркор. Оилали, тўрт фарзанди бор. Адҳам Қаршиев 1993 йилда туғилган. Ўрта маълумотли, ишламайди. Оилали. Иккаласи ҳам Деҳқонобод тумани Чучуққудуқ маҳалласида яшайди.

Суд мажлисида уларнинг жинояти ўзларининг иқрорлигидан ташқари бошқа бир қатор далиллар билан ҳам исботланди. Суд ҳукмига кўра Акрам Қурбонов ва Адҳам Қаршиевга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ойдан ахлоқ тузатиш жазоси тайинланди.