“Қўрқиб яшагандан кўра, яшамаганим яхши!”

10:30 - 09.11.2021

4

Фаёз Темиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) билан Гулчеҳра Ёрбекова турмуш қурганига тўрт-беш йил бўлди, бир ўғли бор. Оила қургандан бери улар кўп тортишади, орага совуқчилик тушди.

Гулчеҳра дўконда савдо қилади. Аёлининг иш юзасидан бегона эркаклар билан муомалада бўлиши Фаёзнинг рашкини келтириб, жаҳлини чиқаради. Бу кўпинча жанжалга сабаб бўлади.

Бир куни Фаёз ўғлини уришиб, икки шапалоқ урди. Ёш болани урганидан Гулчеҳранинг жаҳли чиқиб, ўғлини олиб отасиникига кетиб қолди. Шундан сўнг Фаёз холасини олиб, қайнотасиникига борди. Гулчеҳра «бирга яшамайман» деб уйига қайтишга кўнмади. Эртаси куни Фаёз яна борди. Қайнотаси унга болани ургани учун бир-икки оғиз танбеҳ берди. У «жаҳл устида уриб юбордим» деб кечирим сўраб, хотини ва ўғлини уйига олиб келди.

Орадан анча вақт ўтди. Эр-хотин бир куни кечаси яна тортишиб қолди. Эрталаб Гулчеҳра ўғлини «тезда олиб кетаман» деб қайнотасиникига ташлаб кетди. Уйга келгандан кейин кечаги жанжал, аввалги тушунмовчиликлар давом этди.

– Совуқни совуқ демай оиламни боқиш учун ишлаяпман, – деди Фаёз.

– Мен сизни мажбурлаётганим йўқ. Хоҳласангиз уйда ўтиришингиз мумкин, – деди аёли.

Ўртада бақир-чақир бошланди.

– Қўрқиб яшагандан кўра яшамаганим яхши, ажрашаман, – деб юборди Гулчеҳра.

Фаёзнинг ғазаби қайнаб кетди. Қўлига эрк берди, аввал аёлининг юзига шапалоқ тортди, кейин мушт туширди. Гулчеҳра бирга яшамаслигини айтиб бақираверганида, оғзини ёпиб, бўға бошлади. Хотини ҳолсизланиб, жим бўлиб қолгачгина уни ўлдириб қўйганини билди. Энди изларни яшириш керак деган хаёлда жасадни ертўлага олиб тушди. Ўзи эса паспорти ва пулларини олиб уйдан чиқиб кетди.

Шу куни ишга келмаган Гулчеҳрадан опаси хавотир олди. Бир неча марта телефон қилиб, боғланолмади. Кейин қайнотасига телефон қилди. Фаёз ва Гулчеҳранинг уйда йўқлигидан ҳамма ҳайрон бўлди. Кечгача улардан дарак бўлмади. Эртаси куни профилактика инспекторига хабар бериб, уйнинг ҳамма жойини кўздан кечиришди. Ертўладан Гулчеҳранинг жасадини топишди. Фаёз тентираб юриб, икки кун ўтгач ўзи ИИБга борди ва бўлган воқеани айтиб берди. Суднинг ҳукми билан Фаёз Темиров 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.