Терговчига таклиф тушди: “Қуруқ қўймайман…”

18:00 - 08.11.2021

5

Асли Пешкў туманидаги қишлоқларнинг бирида туғилган Дилбар Ҳабибова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмуши бузилгандан сўнг онасининг қистови билан бирга ишлаш учун Россияга кетди. Ҳужжатларидаги камчиликлар боис депортация қилиниб Ўзбекистонга қайтди.

Аллақачон кўча ҳаётига ўрганган Дилбар уйда отаси билан ҳам келишмай қолди. Шу баҳона Бухоро шаҳрига келди. Қарангки, кўр кўрни қоронғида топганидек, у ўзига мос Зарнигор билан дугона бўлди. Атиги беш кун бир уйда ижарада яшаган иккови кейинги ҳаётлари тоза бўлмаса-да, тўкин бўлишини орзу қилишарди.

Дилбар бу борада катта тажрибага эга эди. У Қирғизистон орқали Бирлашган араб амирликлари, Ҳиндистон, Тайландга бориб, тартибсиз ҳаётга, фаҳшга берилган эди. Бу уни нафақат бадном қилди, балки тузалмас дардга чалинишига ҳам сабаб бўлди.

Хориждан 2017 йилда Москва орқали Ўзбекистонга келган Дилбарга нисбатан Жиноят кодексининг 223-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, у чет давлатда бўлиб қайтгани сабабли вилоят ОИВ марказига қон таҳлилини топширишга юборилди. Таҳлил натижасига кўра унда ОИВ инфекцияси мавжудлиги аниқланди.

Аммо у Зарнигор Фозилова билан бирга Бухоро шаҳрида ўзини балога гирифтор қилишга мойил эркаклар билан дилхушлик қилаверди. Ҳеч бир «ошиқ» йигитга ОИВ билан оғриганларини айтишмади. Фаҳш ишлари фош бўлиб, Д.Ҳабибовага нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилаётганда З.Фозилова бу ишни пора эвазига босди-босди қилиш мумкин деган хаёлга борди.

У терговчи йигит билан учрашди.

– Агар хўп десангиз, дугонам Дилбарнинг жазодан қутулишига ёрдам берсангиз девдим. Албатта, қуруққа эмас… Ишни битириб, жиноят иши қўзғатмасангиз, 500 АҚШ доллари бераман…

2021 йил 12 май куни терговчи Б.Муҳиддинов таклифимга кўнди деб ўйлаган З.Фозилова 500 доллар пулни пора тариқасида келтириб берган вақтда жиноят устида ушланди.

З.Фозилова ва Д.Ҳабибова қонун олдида жавоб беришди.

Суднинг ҳукми билан Дилбар  6 йилу  6 ой, Зарнигор эса 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.