19 ёшли куёв панжара ортида

18:00 - 04.11.2021

22

Бегона хонадонга келин бўлиб тушган қиз ўша оилага кўникиб кетишга қийналиши табиий ҳол. Бундай пайтда суянган одами далда бўлмаган келиннинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Комил Иброҳимов Саида Исмоилова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) билан шаръий никоҳ асосида турмуш қуради. Саида тўйдан бир неча ҳафта ўтиб, уйига бориб келиш учун рухсат сўрайди. Комил эса келаси ҳафта юборишини айтади. Аммо орадан бир ойдан ошиқ вақт ўтса-да, Комил рафиқасини уйига юборгиси келмасди. Айнан шу сабаб ўртага совуқчилик тушади. Ҳатто бир куни шу масалада тортишиб қолиб, Комил ёш келинни роса калтаклайди. Саиданинг ота-онаси бундан хабар топиб, қизини олиб кетишади. Куёвнинг зўравонлиги бўйича ички ишлар идорасига мурожаат қилишади.

Жиноят иши қўзғатилгач, К.Иброҳимов жазодан қутулиш мақсадида қайнотасининг уйига бориб, хотини билан ярашиб олмоқчи бўлади. Аммо қайнона-қайнотаси қизи озгина дам олиб, даволаниши зарурлигини айтишади ва уни олиб кетишига рози бўлишмайди. Бундан ғазабланган Комил қайнотасини сўкади. Олим Исмоилов қизи бошқа у уйга қайтиб бормаслигини айтиб, куёвини ҳайдаб юборади.

К.Иброҳимовга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш юзасидан ўтказилган суд муҳокамасида ҳам О.Исмоилов қизи энди у билан яшамаслигини айтади. Бундан ғазабланган Комил шу куни уйига келиб, ертўладаги сопсиз чопқини соплайди. Кеч соат 20 ларда чопқини олиб, дала йўли орқали Исмоиловлар хонадонига келади. Уйнинг дарвозаси йўқлигидан фойдаланган ҳолда ҳовлидаги қурилиши тугалланмаган хонага кириб олиб, хонадон соҳибларининг ухлашини кутиб ётади.

Соат 24 ларда режасини амалга оширишга киришади. Хонадон эгалари ухлаб ётган хонага кириб, аввал қайнотасини, кейин турмуш ўртоғини чопқи билан аёвсиз уради. Улар қимирламай қолгач, ўлди деб ўйлаб, жуфтакни ростлайди.

Қўшни хонада ётган Фарида опа шовқиндан уйғониб, улар ётган хонага чиққанида эри ва қизи қонга беланиб ётарди. У дарҳол шифокорга ва ички ишлар идорасига қўнғироқ қилади. Вақтида кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан О.Исмоилов касалхонага олиб келинган вақтда вафот этади.

Суд К.Иброҳимовга 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.