“Мени қийнаб, сочим ва қошимни олиб ташлади”

12:00 - 04.11.2021

20

Давра қизиб, базм авжига чиққан бир пайтда Рустам (исм-фамилиялар ўзгартирилган) саҳнада ўйнаётган раққосалардан бирига узоқ термилиб қолди.

– Исмингиз нима? – Рустам раққосанинг ёнидан ўтиб кетаркан, савол берди.

– Фарида.

– Меники Рустам. Бирга рақс тушамизми?

– Жоним билан.

Рустам ўша лаҳзаларда еттинчи осмонга учди. Кафедаги энг чиройли қиз қучоғида эканлигидан роса қувонди.

Орадан кўп ўтмай Рустам Фарида билан турмуш қурди. Гарчи никоҳлари қонунан расмийлаштирилмаган бўлса-да, бир йил ўтиб фарзандли бўлишди.

Узоқ вақт уйда қолиб кетган Фарида ўйин-кулгиларни қўмсай бошлаганди. Қизлик давридаги хандон давралар, шовқин-суронли саҳналарнинг хумори тутган вақтларда чақалоғини ташлаб кетиб ҳам қоларди. Рустам буларнинг барини сезиб, билиб юрса-да, аввалига тишини тишига қўйиб келди. Кейин эса танбеҳ учун чоғланган оғзидан ҳақоратли гаплар чиқа бошлади. Бора-бора Фарида калтак ҳам ейдиган бўлди. Шундай бўлса-да, аёл ўз билганидан қолмай раққосаликни давом эттираман дер эди. Орада аразлаб, бир муддат бувисиникига қочиб ҳам кетди.

Боши хам бўлиб қолган Рустам хотинини бу йўлдан қайтаришга кўп уринди. Аммо фойдаси бўлмади. Фарида яна кечалари рақс тушиш учун эски гўшасига қайтди.

– Нима қилсам бу ишингни йиғиштирасан? – Рустам хотинига хотиржам тикилди.

– Билмадим. Мен барибир ишлайман.

– Уйда ўтирсанг, ўша кафедан топадиган пулингни ўзим бераман. Ундан кўра қизимизга қара.

– Ўзимнинг ҳам уйда ўтиргим келади. Лекин нима қилай, оёқларим ўша томонга тортаверади-да.

Рустам ўйлаб-ўйлаб Фаридага антиқа таклиф айтди.

– Кел, бундай қиламиз. Сочинг билан қошларингни қириб ташлаймиз. Кейин сенга ҳеч ким шаҳват билан тикилмайди. Одамлар қарамагач, сен ҳам уялганингдан ўша ерларга бормайсан.

Фарида жим қолди. Буни розилик аломати деб билган эр хотинининг сочи ва қошларини устара билан олиб ташлади. Фарида ҳам иш якунига етгунига қадар индамади. Ҳалигина гўзаллиги билан эркакларнинг ақлини олган аёлнинг қиёфаси буткул ўзгарди.

– Бу нима? – Фарида қирқилган сочларни йиғиштираркан, ванна ёнида турган бегона аёллар ичкийимини кўриб қолди.

– Йўқлигингда уйни йиғиштириш учун бир аёл келганди.

Эндигина намунали рафиқа бўлиш умидида турган Фарида учун эрининг гапи кутилмаган зарба бўлди.

– Менга хиёнат қилдингизми? – кўзларида қаҳр ёнган аёл ошхонага югурди. Стол устидаги пичоқни олиб бўйнига тиради. – Сиздан сўраяпман! Менга хиёнат қилдингизми?

Хотинининг ортидан югуриб ошхонага кирган Рустам Фариданинг қўлидаги пичоқни олиб, жойида тўхтади.

– Йўқ, хиёнат қилмадим.

– Унда кўрганларим нима эди?

– Уйдан кетиб қолганингда сен менга хиёнат қилганмидинг?

– Йўқ, мен сизга хиёнат қилмадим. Лекин гапни айлантирмай, борини тан олинг.

Фариданинг қулоғига гап кирмасди. Эрини ёнига яқинлаштирмай шу ҳолда кўча томон юрди. Кейин югурганича қоронғида кўздан ғойиб бўлди. Рустам ортидан бормоқчи бўлганида ичкарида қизи йиғлаб қолди.

– Мени қийнаб сочим ва қошимни олиб ташлади. Қизимни ҳам мажбурлаб олиб қолди. Ўзим аранг қочиб қутулдим, – Фарида бувисининг ёнига келиб, жаҳл билан бўлиб ўтганларни сўзлаб берди. Набирасининг бир аҳволини кўрган буви дарҳол ИИБга хабар берди. Ўша куниёқ Рустамга нисбатан жиноий иш очилиб, тергов бошланди.

Эртаси куни бироз ўзини босиб олган Фарида терговда жаҳл устида ёлғон гапирганини, сочини ўзининг розилиги билан олдирганини маълум қилди. Шундай бўлса-да, мазкур иш жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида кўриб чиқилди. Унга кўра Рустам Диёровга бир йилу олти ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.