«Covid-19» тестини қалбакилаштирган эди…

10:30 - 04.11.2021

18

Сайфиддин Жумаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Россияга Тошкент халқаро аэропортидан учиб кетиш мақсадида 2020 йилнинг 24 ноябрь куни Элбек Қурбонов билан жиноий тил бириктиради. У «Covid-19»га тест топширмасдан тегишли ҳужжат олиш мақсадида жиноий шеригига 13 млн. 500 минг сўм пул беради. 26 ноябрь куни Э.Қурбонов Тошкент-Москва йўналишидаги рейсга авиачипта ва «Covid-19» тести бўйича қалбаки маълумотномани С.Жумаевга келтириб беради. С.Жумаев 27 ноябрь куни мазкур ҳужжатни Тошкент халқаро аэропортида назоратчиларга тақдим қилиб, Россияга учиб кетган. Орадан бир кун ўтгач эса С.Жумаев ташхис марказида ПЗР тести топширмагани ва унга «Covid-19» тести маълумотномаси берилмагани маълум бўлди. Суд-техник экспертизаси хулосасига кўра унга ташхис марказидан берилган маълумотномадаги думалоқ муҳр намунадаги муҳрга тўғри келмаслиги ва у рангли принтер ёрдамида қилингани аниқланган. Тергов жараёнида маълум бўлишича, ушбу қалбаки маълумотномани Алексей Баранов исмли шахс тайёрлаб берган. Хуллас, 2020 йилда мазкур ҳолатга алоқадор шахслар жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судининг ҳукми билан жавобгарликка тортилган. С.Жумаевга эса қидирув эълон қилинган эди. 2021 йилда у Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, республикамизга экстрадиция қилинди.  

Суд билатуриб қалбаки ҳужжатдан фойдаланган С.Жумаевга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 4 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Шу билан бирга ундан экстрадиция харажати ҳам ундирилди.