Шантажчи “ошиқ”

14:30 - 03.11.2021

9

Бош прокуратура муассислигида чоп этилаётган «Ҳуқуқ» газетасининг ҳар бир сонини кузатиб бораман. Касбимга оид, ишимда керак бўладиган мақолаларни синчиклаб ўқиб, муҳим жойларини белгилаб оламан. Айниқса газета кўтариб чиқаётган, жамият эътиборидан четда қолаётган мавзуларни ёндафтаримга қайд қилиб, тарғибот тадбирларида қатнашчиларнинг диққатини шу мавзуга қаратаман.

Газетанинг 2021 йил 26 август сонида «Ҳаёсизлик касофати» сарлавҳали мақола чоп этилган. Унда таъкидланганидек, ёшларимизни ақли кирмаган десак, кап-катта ҳамюртларимиз ҳам ўзини ўзи селфи қилиб, яланғоч суратларини танимаган, билмаган одамларга жўнатиб, оқибатда хотиржамлигини йўқотиб, сарсон бўлаётгани айни ҳақиқат. Ушбу мақола чиққан пайтда мен темирйўл корхонасида ишловчи бир киши билан айнан шундай воқеа содир бўлгани юзасидан тергов ўтказаётган эдим. Суд ҳукми эълон қилингандан сўнг мазкур ҳолатни ҳам шундай ишлар қилиб юрган айрим фуқароларга сабоқ бўлиши учун ёритишни ният қилгандим. Муҳтарам газетхон, қуйида эътиборингизга ҳавола қилинаётган воқеадан хулоса чиқаринг.

Турмуш қуришда омади келмаган Каромат (исмлар ўзгартирилган) эри билан ажрашиб, бир боласи билан Сайхунобод туманидаги ота-онасининг уйига қайтиб келади. Бирор касбнинг этагини ушламагани сабабли у отаси юритаётган тегирмонда ишлайди. Тумандаги темирйўл бекатларидан бирида ишлаган Фурқат ҳам шу тегирмонга ун қилиш учун бир неча бор буғдой олиб келади. У шу ерда Кароматни кўриб, зимдан кузатади. Кўп ўтмай турли баҳоналар билан телефон рақамини олади. Фурқат 2020 йилнинг июль ойидан бошлаб Кароматга қўнғироқ қила бошлайди.

Дастлаб Каромат у билан хушламай суҳбатлашиб юради. Бора-бора улар анча чиқишиб қолишади. Суҳбатлар аста «Телеграм» ижтимоий тармоғига ўтади. Муносабатлар жиддийлаша бошлайди. Фурқат уни яхши кўриб қолганини, ҳатто турмуш қуришини, унинг фарзандига оталик қилишини айтади. Каромат йигитдан бундай муносабатни кутмаган эди. Ширин ваъдалар унинг кўзини кўр қилади. Қолаверса, Каромат Фурқатни суриштирганида танишлари унинг яхши йигит эканлигини айтиб, ёлғон маълумот беришади. Хуллас, ёш аёл Фурқатга ипсиз боғланади. Йигитнинг асл мақсадини билмагани боис бутун борлиғини унинг измига топшириб қўяди. Фурқат Кароматнинг ишончини қозонганидан фойдаланиб, унга яланғоч суратлари ва видеоларини «Телеграм»дан юборишини сўрайди. Каромат аввалига рози бўлмайди. Фурқат унга «оила қурамиз, турмуш ўртоғим бўласан» деб уни ҳоли жонига қўймай, рози қилади. Бу эса келгусида Кароматнинг тинчи бузилиб, сарсон бўлишига сабаб бўлади.

Каромат ўзининг кийимсиз тушган тўртта сурати ва битта қисқа видеосини «Телеграм» орқали Фурқатга юборади. Фурқат эса уларни телефонига сақлаб қўяди ҳамда келгусидаги ишларини режалаштиради. Август ойида Фурқат дастлаб Кароматга юборган суратлари ва видеосини алоҳида флешкага сақлаб қўйганини, агар бирор киши билан гаплашганини билса, интернет орқали тарқатиб юборишини айтиб, ҳеч ким билан гаплашмаслигини талаб қилади. Кейинчалик эса ноябрь ойида Фурқат уни Сайхунобод туманидаги кафеларнинг бирига чақириб, соғлиғи яхши эмаслигини, операция учун пул кераклигини айтиб ёрдам сўрайди. Каромат унга пули йўқлигини, ёрдам беролмаслигини билдирганида, Фурқат аёлнинг бўйнидаги тилла занжирга кўз тикади. Занжирни бера олмаслигини айтганида эса қулоғидаги тилла зиракни беришини талаб қилади. Каромат зирагини беришга мажбур бўлади. Шундан сўнг Фурқат зиракни сотиб, пулини ишлатиб юборади. Шу тариқа Фурқат Кароматни ипсиз боғлаб олади. Видео ва расмларни тарқатиб, шарманда қилишини деярли ҳар куни аёлнинг юзига солиб келади. Бечора Кароматнинг на еган овқати ичига тушарди, на уйқусида ҳаловат бор эди. Фурқат ундан тез-тез пул талаб қилар, аёл эса топган пулини унга тутқазарди. Кичик суммаларга қаноат қилмай қолган Фурқат бир куни «Телеграм» орқали Кароматдан 4 миллион сўм пул сўрайди. Пулни келтириб бериш учун 4 кун муҳлат беради. Кароматнинг боши қотади. Чунки берай деса пули йўқ, бермай деса маҳалла ва қариндошлари орасида шарманда бўлади. Қариндоши Нигора ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилиши кераклигини айтади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўтказган тадбирда Сайхунобод туманидаги кафеларнинг бирида Фурқат талаб қилган 4 миллион сўм пулни Кароматдан олиб, унинг эвазига суратлар ва видео жойланган флешкани берган вақтда ушланди. Шу тариқа Кароматнинг беҳаловат кунларига нуқта қўйилди.

Маълум бўлишича, Фурқат илгари ҳам қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилиб, берилган жазодан хулоса чиқариб олмаган экан. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.              

Шерзод Шодмонов,

ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси