Мамлакатимизда биринчи ДНК экспертизаси қачон ўтказилган?

10:58 - 03.11.2021

10

Мамлакатимизда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар туфайли жиноятдан холи маҳаллалар сони кўпаймоқда. Жиноятчиликка қарши замонавий криминалистика ютуқларидан кенг фойдаланишга эътибор қаратилиб, жиноятлар иссиқ изидаёқ фош этилаяпти.

Албатта, Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ўзининг 30 йиллик тарихи давомида жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. 

Таъкидлаш ўринлики, бунда ҳарбий прокуратура органларининг ҳам ҳиссаси бор. Мазкур тизим мамлакатимизда ташкил этилган дастлабки йилларданоқ жиноятларни фош этишда фан-техника янгиликлари ҳамда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб келаётгани эътирофга лойиқ. Жумладан, 1992 йилнинг 30 ноябрь куни Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида рўй берган воқеа – вояга етмаган Елена Красикованинг ўлими билан боғлиқ ўта чигал жиноий ишни фош этишдаги изланишлар фикримиз далилидир. 

…Ўша куни қизнинг жасади топилганда танасида турли жароҳатлар билан бирга унинг зўрланганига доир аломатлар ҳам аниқланган эди. Аммо жиноятни ким қилгани, норасида қизни ким бу кўйга солгани ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса эшитмаган, ҳеч ким ҳеч нимани кўрмаган эди. Боз устига қотил на бирон из, на бирор далил қолдирган. 

Ҳолат юзасидан ўша вақтда Самарқанд ҳарбий прокурори лавозимида хизмат қилган (вилоятдаги биринчи ўзбек ҳарбий прокурор – Б.Х.) Шухрат Узаков томонидан Жиноят кодексининг 80-моддаси 8-банди (оғирлаштирувчи ҳолатда одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошлаб юборилди.

Таъкидлаш жоизки, мустақилликнинг дастлабки йиллари ҳар бир соҳада тикланиш жараёни рўй бераётган оғир паллалар эди. Ана шундай мураккаб бир вақтда ҳарбий билим юртида содир этилган ушбу мудҳиш қотилликни фош этишда ҳам кўплаб қийинчиликлар бор эди.  Чунки қотиллик рўй берган ўша пайтда мазкур билим юртида таҳсил олаётган, собиқ Совет иттифоқининг турли ҳудудларидан келган курсантлар ўз юртларига қайтарилаётган эди. Бу эса қотилни топишни янада қийинлаштирарди.

Дастлабки тергов натижасида билим юртининг 7 курсанти – Россия, Қозоғистон, Украина, Беларусь фуқаролари жиноят содир этишда гумон қилиниб, билим юрти ҳудудидан чиқарилмай ушлаб турилди. Чунки жиноятни уларнинг қайси бири содир этганини аниқ тасдиқловчи, инкор этиб бўлмас далил йўқ эди. Гумондорлар ўз юртига жўнатиб юборилса, жиноят очилмасдан қолиши муқаррар эди. Ҳолат ниҳоятда мураккаб эди.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов муддати якунланаётган бир вақтда хорижий давлатларнинг бир нечта фуқаросини гумон қилинувчи тариқасида ушлаб туриш, жиноятни уларнинг бири содир этганига ишончи бўлса-да, буни исботлаш учун етарлича далил топилмагани туфайли Шухрат Узаков туну кун тиним билмай жиноятни фош этишнинг ноанъанавий усулларини топиш устида изланарди.

У ҳар куни иш бошлашдан олдин мамлакатимизда ва хорижда чоп этиладиган газета-журналларни ўқишга одатланган эди. Матбуотдаги янгиликлар, жаҳон айвонидаги вазият уни бефарқ қолдирмас эди. Шу даврда Шухрат Узаков Москвада чоп этиладиган «Законность» журналида суд-тиббий экспертизасининг янги тури – ДНК экспертизаси ҳақидаги мақолани ўқиб қолди.

Мақолада бу экспертиза инсоннинг қони, сўлаги ва бошқа ажратмалари айнан кимга тегишлилигини 99,9 фоиз аниқлик билан фош этиши қайд қилинган эди. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ДНК ёки дезоксирибонуклеин кислота – ноёб молекула. Фақат тирик организмда бўладиган бу молекуланинг ўзига хослиги шундаки, ушбу кичик биологик структурада организмга хос барча маълумотлар  жамланади.

Ҳарбий прокурор Шухрат Узаков жиноятни фош этишда мазкур экспертизани қўллаш зарурлиги ҳақида бир тўхтамга келди. Аммо қандай қилиб? Зеро, мустақиллигимизнинг илк йиллари, мазкур турдаги экспертиза амалиётга жорий этилмаган, ҳатто ундан фойдаланиш имкони ҳам йўқ пайтлар эди. Маълумот учун айтиш лозимки, орадан 8 йил ўтгандан сўнггина, яъни 2000 йилда Ўзбекистонга мазкур турдаги экспертиза кириб келган. Аммо Шухрат Узаков фикрида қатъий турди, узоқ изланишлардан сўнг Россиянинг Москва шаҳрида жойлашган ушбу суд-экспертиза бюросининг бошлиғи Светлана Гуртовая билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлди. Суҳбат давомида жиноятни фош этиш бўйича ушбу экспертиза имкониятлари ҳақида фикр алмашгач, мавзу ҳарбий билим юртида рўй берган қотилликка кўчди. Бюро бошлиғини бу эскпертизани ўтказишда ёрдам беришга кўндирди. Шу тариқа мамлакатимиз тарихида биринчи марта ДНК экспертизаси ўтказилди.

Жиноятни очишда жиноят изларини сақлаб қолган ашёвий далиллар, хусусан, марҳум Е.Красикованинг мурдасида аниқланган қон излари, сперма доғларининг кимга тегишли эканлигини аниқлаш юзасидан хорижий давлат экспертиза муассасасига ДНК экспертизаси тайинланиб, жиноят иши ашёвий далиллар билан Шухрат Узаковнинг жавобгарлигида Москва шаҳрига юборилади.

Орадан икки ой ўтгандан сўнг жиноят иши эксперт хулосаси билан Самарқанд ҳарбий прокуратурасига келиб тушади ва марҳумда аниқланган қон излари ва сперма доғлари гумон қилинувчи Қозоғистон фуқароси Заур Кенжабоевга тегишли экани маълум бўлади. Натижада жиноятга доир тафсилотлар ойдинлашиб, ҳақиқат рўёбга чиқади.

Мудҳиш жиноятга қўл урган шахс қотиллик қилганини тан олди. Хусусан, далиллар жиноят қуйидагича содир этилганини кўрсатди. Яъни жиноят содир этилган куни соат 20:30 ларда курсант З.Кенжабоев спиртли ичимлик ичган ҳолда билим юрти ҳудудидаги дискотекадан чиқиб, билим юрти штаби томон бораётган Елена Красиковани кўриб қолади. Қизни тўхтатиб унга ўзи билан жинсий алоқада бўлишни таклиф қилади. Е.Красикова унинг таклифини рад этади ва қочиб кетади. Ичкилик таъсирида ақлу ҳушини йўқотган курсант қизнинг ортидан қувлайди. Норасида қиз бақувват йигитга бас кела олармиди? Бир зумда қизга етиб олган курсант уни томоғидан бўға бошлайди. Бу билан ҳам ғазаби босилмай Еленани дўппослайди ва номусига тегади. Натижада у ҳушидан кетиб, ҳодиса жойида вафот этади. З.Кенжабоев эса кўздан ғойиб бўлиб, бу воқеаларга алоқаси йўқ кимсадек жим юраверади.

Саккиз ойдан ортиқ давом этган тергов натижасига кўра жиноят иши бўйича билим юрти курсанти Заур Кенжабоевга нисбатан Жиноят кодексининг 80-моддаси 8-банди (оғирлаштирувчи ҳолатда одам ўлдириш) ва 94-моддаси 4-қисми (номусга тегиш) билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун ҳарбий судга юборилган.

Ҳарбий суднинг 1993 йил 1 ноябрь кунги ҳукмига кўра адолат қарор топиб, Заур Кенжабоев ўлимга ҳукм қилинган.

Хулоса қилиш мумкинки, инсон қай соҳада фаолият юритмасин, улкан масъулият, жавобгарлик туйғуси кишини тарк этмаслиги керак. Қолаверса, юзага келган муаммонинг ечими ҳар қанча мураккаб бўлмасин, қўл қовуштириб ўтириш ярамайди: уни ҳал этиш йўлини излаш, бор билим ва имкониятини ишга солиб мақсад сари интилиш ватанпарвар инсоннинг ишидир. Ўз устида мунтазам  ишлаш, дунё янгиликларидан  хабардор бўлиб бориш ҳар қайси соҳа эгасига фақат муваффақият келтирган.

Баҳодир Худойбердиев,

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари