Оғуга айланаётган дорилар

18:00 - 03.11.2021

15

Сўнгги пайтларда жамоатчиликни айрим фуқаролар, айниқса, ёшлар ўртасида кучли таъсир этувчи моддаларнинг истеъмоли кўпайгани ташвишга солаяпти. Бунга барҳам бериш учун мамлакатимиз Президенти томонидан 2019 йил 6 сентябрда «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида»ги қарор қабул қилинган. Айнан мазкур қарор бугун жамоатчиликни хавотирга солаётган дориларнинг ноқонуний айланиши ва суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишни такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, қарорга кўра 2019 йил 1 декабрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дорилар буюм-миқдор жиҳатидан ҳисобга олинди ҳамда улар фақат ижтимоий дорихоналар ва гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилишга лицензияси бўлган дорихоналарда сотилаяпти.

Афсуски, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, баъзи дорихоналарда шахсий манфаат инсон саломатлигидек бебаҳо неъматдан устун қўйилаётган ҳолатлар учраб турибди. Айниқса, психотроп дориларнинг ноқонуний савдоси пойтахтда бирмунча кўпайган.

– Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан шаҳарда дориларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ва уларнинг ноқонуний савдосига чек қўйиш мақсадида 75 та тезкор тадбир ўтказилган, – дейди департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси катта инспектори Гулчеҳра Раззоқова. – Натижасига кўра 59 та жиноят иши қўзғатилиб, 12 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш юритилган. Шундан 43 та ҳолатда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дорилар қонунга хилоф равишда муомалага киритилган. Жумладан, департаментнинг Юнусобод тумани бўлими ходимлари ўтказган тадбирда тумандаги дорихоналардан бирининг раҳбари Г.М. хорижда ишлаб чиқарилган 40 та «Зардекс 300 мг» дорисининг ҳар донасини 15 минг сўмдан ҳисоблаб жами 600 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шу билан бирга дорихонадан сотиш учун олиб қўйилган, кирим ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 178 та «Зардекс 300 мг» ва 128 та «Карбамазепин» дориси ашёвий далил сифатида олинган.

Яна бир мисол: тезкор тадбирлардан бирида Юнусобод туманидаги дорихона сотувчилари И.Д. ва Я.В. 6 та «Тропикамид»нинг ҳар донасини 100 минг сўмдан ва 42 та «Регапен» дорисининг ҳар донасини 20 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 1,4 млн. сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, улардан кирим ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ҳамда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган 209 та «Зардекс», 126 та «Регапен», 42 та «Селофен» ва 6 та «Тропикамид» дориси ашёвий далил сифатида олинган.

Учтепа туманидаги дорихоналардан бирининг раҳбари Г.С. ва норасмий сотувчиси О.Б. эса инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи 2 та «Тропикамид» ва 5 та «Регапен» дорисини 300 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Худди шундай, департамент ҳамда ДХХнинг Яшнобод тумани бўлимлари ҳамкорликда ўтказган тадбирда фуқаролар Б.А. ва К.Х. махсус лицензия ва рецептсиз, қонунга хилоф равишда «Тропикамид» дорисининг ҳар бирини 7,5 АҚШ долларидан баҳолаб, 450 дона дорини 3375 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳуқуқбузарларга жазо тайинланди. 

Шубҳасиз, айбдорларга суд қилмишларига яраша жазо белгилади. Бизни эса масаланинг бошқа жиҳати кўпроқ ташвишга солади. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра ҳозир гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилувчи қарийб 6 минг нафар ёш ҳисобда турибди. Уларнинг аксарияти айнан «дорихона наркотиклари»га ружу қўйгани аниқланган.

– Бундай дорилар таркибида опий гуруҳига мансуб наркотиклар бор ва албатта тиббий мақсадда қўлланиши лозим бўлган дори ҳисобланади, – дейди невролог шифокор Наргиза Турсунбоева. – Мазкур дорилар тутқаноққа қарши ишлатилади, гамма-аминомой кислотаси ҳосиласи. Улар оғриқни қолдиради. Шунинг учун бу дори невралгияга чалинган беморларга буюрилади. Бу дорилар шифокор назоратисиз, ўзбошимчалик билан истеъмол қилинса, қарамликни келтириб чиқаради. Вақт ўтган сайин уларни истеъмол қилганлар гиёҳвандга айланади. Бундай кўйга тушган шахслар эса ҳам руҳан, ҳам жисмонан тетик бўлиш учун психотроп дориларни мунтазам истеъмол қилишга мажбур бўлади. Энг ёмони, дастлаб бир суткада битта таблетка истеъмол қилган шахс кейинчалик ўн-ўн бешта, маълум муддатдан сўнг элликтагача дори истеъмол қилиш даражасига етиб боради. Оқибатда организми ва руҳиятида кучли ўзгаришлар юз беради. Қолаверса, бундай моддалар меъёридан ортиқ истеъмол қилинса, бепуштликка ҳам олиб боради. Қарамликнинг ҳам икки тури бор: жисмоний ва руҳий. Жисмоний қарамликда дори ичмаган пайтда бўғимларда оғриқ туради, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, сурункали ич кетиш, юрак оғриғи кузатилади. Руҳий қарамликда эса дори ичмаган пайтда уйқусизлик, қўзғалувчанлик, жаҳлдорлик, агрессивлик, қўли ишга бормаслик ҳолатлари авж олади. Бу бора-бора юқори асаб тизимини ишдан чиқаради. Оқибатда инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига путур етади. Инсон танаси саломатлигини йўқотгандан сўнг эса мушаклар оғрийди, тортишади, бош қаттиқ оғрий бошлайди. Бу оғриқларга чидаш қийин. Оғриқдан қутулиш учун эса одам истеъмол қилиб юрган дорисининг дозасини ошириб бораверади. Дозани ошириш охири инсоннинг ўлими билан якунланади.

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, бу каби дорифурушлар қонунларга қарши бориб дориларни ўз ҳамшаҳарларига сотиб, мўмай даромад қилишни кўзлагани кундек аён.

– Дори-дармон савдоси билан шуғулланаётган айрим шахслар психотроп дориларни катта партияда харид қилаётганлар аслида уларни гиёҳвандларга сотиш учун олаётганини билиб туриб ўзларини билмаганга олишлари ҳам ҳаром, – дейди Зангиота туманидаги Иттифоқ жоме масжиди имом-хатиби Акмал Абдуллаев. – Дорихона эгаларининг бу иши дунёвий жиҳатдан жиноятга, шаръий жиҳатдан гуноҳга шерикчилик ҳисобланади. Зеро, динимизда инсонларга зарар учун савдо қилиш асло мумкин эмас. Қолаверса, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида сурасининг 2-ояти). Шундай экан, «мен фалон фирманинг дорисини сўраб келган одамга сотаяпман, у дорини нима мақсадда истеъмол қилади, мен билмайман» деб ўзини оқламоқчи бўлаётганлар билиб қўйишсин, агар ўша доридан бошқа мақсадда фойдаланилганда инсонларга зарар етса, сотувчилар буни билиб туриб сотсалар, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун ҳам доимо ўзгаларга фойдаси тегадиган ва хайрли ишларда ҳамкорлик қилайлик, гуноҳ ҳамда ўзгаларга зарари бор нарсаларни тарқатиш ва кўпайтириш йўлида асло ҳамкорлик қилмайлик. Акс ҳолда қилмишимизга яраша икки дунёда ҳам жавобгар бўламиз.

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва масалага дахлдор бошқа идоралар бундай қонунбузарликларга қарши мунтазам равишда курашаверади. Лекин ўз соғлиғимизга ўзимиз масъул бўлганимиз каби баъзи истеъмолчилар ҳам соғлиғига дахлдор масалаларга нисбатан лоқайдлик қилмаган тақдирдагина бундай камчиликлар, қонунбузарликлар барҳам топиши мумкин.

Камолиддин Асқаров