Ҳам сўз ила элга улумдин нажот…

13:00 - 03.11.2021

8

Тил инсон маданияти, маънавияти ва маърифатини белгилайди. Улуғ аллома Aлишер Навоий инсон ҳаракатида иймоннинг зоҳир бўлишини муҳим деб ҳисоблаган: «Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур, билки нишона анга иймон эрур». Баркамол бўлиш учун кучли иймон зарур. Ёшлар онгига иймон ва эзгулик тушунчалари тил орқали сингади. Сўз санъати бўлмиш адабиёт инсоният умрини безайди, маънавиятини юксалтиради, маърифатли қилиб тарбиялайди.

Юртимизда дунёқараши теран ва мақсади улуғ, она ватани ҳамда халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини юксалтиришга жиддий аҳамият берилмоқда. 2017 йил 12 январда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши эълон қилинди. Шунингдек, 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорнинг қабул қилиниши ва унинг доирасида белгиланган вазифалар ҳам юртимизда китоб чоп этиш, аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида катта ўзгаришларга замин яратди. Шу муносабат билан китоб чоп этиш ва тарқатиш, китоб савдосидаги жиддий камчилик ва муаммоларга ечим топилди. Китобхон жамиятни таркиб топтиришга, маънавий-маърифий тараққиётга илдам қадам ташланди.

Мактабларда адабиёт дарсини ўтишда инновацион ва руҳий муҳит зарур. Ўқитувчи ўқувчида адабиётга иштиёқ, меҳр уйғотиши керак. Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад «Китоб – бебаҳо мураббий, тарбия воситаси деганга ўхшаш оддий ҳақиқатларни жўнлаштириш, сийқалаштириш дидни ўтмаслаштиришга олиб келади, холос. Мутолаа, китобсеварлик, китобхонлик бу – руҳий тафаккур тарзи, турмуш тарзи, ҳаёт тарзи. Aфсуски, бу олий саодатга мубталоликни ҳаммага бирдек раво кўрмайди ҳаёт…» деганида нақадар ҳақ эди.

Замон шиддат билан ривожланаётган бир даврда ёшлар китоб ўқишдан кўра телефонга, турли ижтимоий тармоқларга ружу қўйди. Буни нафақат ёшларга, балки катталарга ҳам ёпишиб олган дард дейиш мумкин. Қоғозда қўл билан ёзиш камайиб, электрон ёзишмаларга ўтилиши ҳуснихат бузилишига, имло хатолари кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида ўқувчиларда нутқ бузилишига олиб келади.

Психологияда афения касаллиги бор. Бу касаллик нутқнинг бузилиши билан изоҳланади. Инсон сезги-идрокида турли рецепторлар мавжуд бўлиб, шулардан бири экстрарецептор ташқи муҳитдан келувчи таассуротларни қабул қилади. Интрарецептор эса ички аъзолардан келувчи импульсни қабул қилади. Бу икки таассурот мувофиқ келмаса, сезги-идрокда нутқ бузилиши ҳодисаси рўй беради. Таажжубки, ижтимоий тармоқдаги турли ўйинларга ва кераксиз маълумотларга берилган ёшларнинг нутқий бузилиши бевосита идрок бузилишини келтириб чиқаради. Бундай ўқувчилар онгини фақат ўйин таассуротлари эгаллайди, хаёлчанлик кузатилади. Энг ёмони бу бола ташқи муҳитдан узилиб қолади. Буни тез ва тўғри англай олиш масъулияти оиладаги ота-она ва мураббий-устоз гарданига юклатилган. Aйни пайтда ўқувчиларга маънавий ёрдам беришга ҳамма масъул.

Бадиий адабиётга ҳавас уйғотишда ўқувчиларнинг руҳий ҳолатини ҳам ҳисобга олиш даркор. Муаллимлар муассасадаги педагог-психолог билан ҳамкорликда иш олиб боришлари жуда муҳим. Психологлар ўқувчи нега китоб ўқимаслигининг сабабини аниқлайди. Баъзи ўқувчиларда диққатнинг ички бузилиши синдроми кузатилади. Бу ҳолатда ўқувчи китоб ўқийди, лекин баён ипини йўқотади, тез чалғийди. Китобхонда диққатнинг ташқи чалғиши мутолаа давомида адабиётдан эстетик завқ олишдан кўра жисмоний толиқишига олиб келади, натижада ўқувчи китоб ўқишни ёқтирмайди. Aсосий сабаб китобхон ёки ўқувчи асаб тизимидаги кичик нохуш руҳий касаллик деб изоҳланади. Бу тафтиш бироз ажабланарли ва аҳамиятсиз туюлар, лекин айни ҳақиқат. Оила ва мактабдаги маънавий муҳитнинг яхши эмаслиги, ота-она жанжали, ўқитувчининг бола билан дўстона муносабат ўрнатмагани ёш китобхонга салбий таъсир кўрсатади ва юқоридаги муаммолар келиб чиқади. Aлишер Навоий наздида бунга сўз ила даво бермак лозим: «Ҳам сўз ила элга улумдин нажот, ҳам сўз ила топиб ўлук тан ҳаёт».

Хуллас, китоб ўқиган бола одам бўлади, олим бўлади. Болани китобхонликка қизиқтириш, унга ёшига, дунёқарашига яраша яхши китобларни тавсия қилиш бизнинг энг муҳим вазифаларимиздан биридир. 

  Юлдуз Эшматова,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўқитувчиси