Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Бош прокурорларининг йиғилиши бўлиб ўтди

18:10 - 29.10.2021

8

Жорий йилнинг 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Ҳиндистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан видеоконференция форматида ташкил қилинган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Бош прокурорларининг учрашувида иштирок этди.

Унда ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокуратуралари мансабдор шахслари, ШҲТ Бош котиби ва ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия Қўмитаси директори иштирок этди.

Учрашувда одам савдосига қарши курашиш бўйича самарали механизмлар ва тажрибалар юзасидан фикр алмашилди. Бу борадаги мавжуд таҳдидлар муҳокама қилиниб, уларга қарши курашишда ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокуратураларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш чора-тадбирлари белгиланди.

Тадбир давомида прокуратура органларининг турли йўналишлардаги саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари халқаро майдонда ШҲТнинг обрўси янада ўсишига хизмат қилаётганлиги таъкидланди.

Имзоланган якуний Баённомада мазкур йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан, шунингдек, 2022 йилда Қозоғистон Республикасида ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 20 йиллик юбилей йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги тегишли қарор акс эттирилди.