Уйда яшаш ҳуқуқига эга шахсларни мажбурий кўчириб бўлмайди

10:02 - 29.10.2021

54

Судларда прокурор ваколатини таъминлаш, шу мақсадда судларнинг қонунга зид ҳужжатларини ўз вақтида аниқлаш ва қонунга мослаштириш чораларини кўриш прокуратура органлари фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Конституцияси, қонунлари, Бош прокурорнинг буйруқларида бир қатор талаблар белгиланган.

Ушбу талабларга риоя қилган ҳолда Тошкент шаҳар прокуратураси суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилмоқда, бузилган ҳуқуқларини тиклаяпти.

Шунингдек, фуқароларнинг аризалари асосида суд қарорларининг қонунийлигини ўрганиб, қонунга зид ҳужжатларни бекор қилиш юзасидан протест киритмоқда.

Бир хил тоифадаги ишлар бўйича ягона суд амалиётига эришилгани, суд амалиёти белгиланган муддатда умумлаштирилгани, аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилгани, шу жумладан, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритилгани фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан биридир.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан прокурор иштироки мажбурий бўлган фуқаролик ишлари юзасидан суд қарорлари ўрганилиб, умумлаштириб борилмоқда. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шу жумладан, ҳуқуқни қўллаш соҳасида вужудга келаётган муаммолар ва қонунчиликдаги бўшлиқлар аниқланиб, қонунларни такомиллаштиришга оид таклифлар тайёрланаяпти.

Хусусан, фуқароларни бошқа тураржой бермаган ҳолда уйдан мажбурий кўчириш билан боғлиқ низолар фуқаролик процессида энг кўп кўриладиган низолар тоифасига киради.

Ушбу тоифадаги ишларни ҳал этишга доир амалиёт бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришни, ягона суд амалиётини шакллантиришни тақозо этаётганини қайд этиш лозим.

Мазкур турдаги ишларни ҳал этишда Фуқаролик кодекси, Уй-жой кодекси, Оила кодекси ва Олий суд пленумининг 2001 йил 14 сентябрдаги «Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида»ги 22-қарорига риоя этиш керак.

Бугунги кунда уйдан бошқа тураржой бермасдан мажбурий кўчиришга доир низолар асосан олди-сотди шартномаларига кўра уйдан ва хонадон рўйхатидан чиқиб кетиш мажбуриятини олган фуқароларнинг ўз ихтиёри билан чиқмаслиги ёки фойдаланиш ҳуқуқи бекор бўлган шахсларнинг тураржойлардан белгиланган муддатда чиқиб кетмаслиги (масалан, хизмат уйидан), бузилишга тушган хонадонлардан фуқароларнинг ўз ихтиёри билан чиқиб кетмаслиги оқибатида вужудга келмоқда.

Шунингдек, баъзан суд қарори билан фойдаланиш ҳуқуқи белгиланиб, уйга киритиб қўйилган шахслар келгусида мулкдор уйни сотганидан сўнг бошқа яшаш жойи бўлмагани туфайли ушбу хонадондан чиқмаган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Айниқса, бундай ҳолат оилавий муносабатлар жараёнида уйдан чиқариб юборилган келинларнинг фарзандлари билан келинлик уйига киритилиши, кейинчалик низоли хонадонни келиннинг собиқ турмуш ўртоғи, қайнотаси, қайнонаси бошқа шахсга сотиб юбориши, ҳадя қилиши оқибатида вужудга келмоқда.

Суд амалиётига кўра айрим ҳолларда суд қарори билан фойдаланиш ҳуқуқи белгиланиб, низоли хонадонга киритилган келинни фарзандлари билан бошқа тураржой бермаган ҳолда мажбурий кўчириш ҳақидаги даъвони қаноатлантириш рад этилса, баъзан улар бошқа тураржой бермаган ҳолда уйдан ҳам, агар доимий рўйхатда турган бўлса рўйхатдан ҳам чиқариб юборилмоқда.

Уй-жой кодексининг 74-моддасида агар муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги тураржойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ё у билан доимий яшаётган фуқаролар тураржойни бузаётган ёхуд шикастлантираётган ёки ундан ўз мақсади бўйича фойдаланмаётган ёхуд турмуш қоидаларини мунтазам бузиб бошқаларга у билан бир квартира ё бир уйда яшаш имконини бермаётган бўлсалар, бунда огоҳлантиришлар ва жамоат таъсир чоралари натижа бермаган бўлса улар бошқа тураржой бермасдан кўчирилиши мумкинлиги қайд этилган.

Айрим ҳолларда фуқароларни бошқа тураржой бермаган ҳолда уйдан кўчириш билан боғлиқ фуқаролик ишлари кўрилишида судлар юқоридаги қонун нормасига риоя этмаган ҳолатлар учрайди.

Шунингдек, фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва уйдан бошқа тураржой бермаган ҳолда кўчириш билан боғлиқ ишларни кўришда жавобгарнинг ҳақиқатан ҳам фойдаланиш ҳуқуқини йўқотгани тўлиқ исботланган бўлиши шарт. Бунинг учун Уй-жой кодексида қайд этилган уйдан мажбурий кўчириш учун асослар борлигига эътибор қаратиш лозим. Гоҳида судлар фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш учун асос бўлувчи муддат тўлиқ ўтмасдан туриб даъвони қаноатлантирган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2020 йил 27 августдаги ҳал қилув қарори билан Юсупов Эркиннинг Юсупова Муаттарни уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва уйдан кўчириш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 30 октябрдаги ажрими билан мазкур қарор бекор қилиниб, янги қарор қабул қилинган. Унга кўра Юсупов Эркиннинг даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Юсупова Муаттарнинг Юсупов Эркинга нисбатан уйга киритиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилган.

Юсупова Муаттар уч фарзанди билан низоли хонадонга киритиб қўйилган.

Ишдаги ҳужжатларга кўра Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг 1999 йил 3 августдаги қарорига биноан низоли хонадон Юсупова Муаттарнинг қайнонаси ва қайнотасига тегишли бўлган.

Юсупова Муаттар ва Юсупов Олимжон 2009 йил 15 августда қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қуришган ва никоҳларидан сўнг мулкдорларнинг розилиги билан ушбу хонадонда яшашган, уларнинг юқорида қайд этилганидек уч нафар фарзанди бор. Юсупова Муаттар мазкур хонадонда доимий рўйхатдан ўтиб яшаб келган.

Хонадон кейинчалик мулкдорлар томонидан 2011 йил 8 июндаги ҳадя шартномасига кўра Юсупова Муаттарнинг қайинукаси Юсупов Эркинга ҳадя қилинган ва ҳозирги кунда ушбу уй унга тегишли.

Юсупова Муаттар турмуш ўртоғи билан ўрталаридаги муносабат ёмонлашгани сабабли хонадондан чиқиб кетгани, лекин у уйга доимий келиб-кетиб юргани, унинг мулки ҳозирги кунга қадар шу хонадонда сақланаётгани, фойдаланиш учун мулкини олгани келганда ҳам унинг уйга киришига қаршиликлар бўлгани учун низоли хонадонда яшамаётганини билдирган. Унинг низоли хонадонга 2019 йилнинг сентябрь ойида келгани апелляция инстанциясида ўз исботини топган.

Уй-жой кодексининг 52-моддаси 1-қисмига  кўра муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги тураржойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида тураржой олти ой давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.

Юқоридагиларга кўра Юсупова Муаттар низоли хонадондан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотмаганлиги сабабли суд даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришни рад этиб, жавобгарнинг қарши даъвосини қаноатлантиришни лозим топган. Биринчи инстанция суди жавобгарнинг фойдаланиш ҳуқуқини йўқотганлик масаласини ҳал этишда белгиланган талабларга риоя қилмаган.

Фуқароларни бошқа тураржой бермаган ҳолда уйдан чиқариш ҳақидаги ишларни ўрганиш натижасига кўра хулоса чиқариш мумкинки, айрим ҳолларда даъвогарлар жавобгарни уйдан мажбурий чиқариш учун нима қилса қилаяпти. Юқоридаги ҳолатда ҳам Юсупова Муаттарни уч боласи билан низоли уйдан чиқариб юбориш мақсадида уй бошқа шахсга расмийлаштириб берилган.

Ушбу низони ҳал этишда апелляция инстанциясида Юсупова Муаттар ва фарзандларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинган. Лекин баъзан судлар бу турдаги ишларни ҳал этишда янги мулкдорларнинг манфаатини ҳимоя қилиб, низоли хонадон сотилган вақтда суд қарори билан фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган шахсларни шу ерда яшаб келаётганига қарамасдан мажбурий кўчирган ҳолатлар ҳам учрайди.

Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг қарори билан Матмусаева Дилдора келин бўлиб тушган хонадонига тўрт фарзанди билан киритиб қўйилган. Лекин кейинчалик унинг эри хонадон эр-хотин ўртасидаги умумий мулк бўлмагани сабабли уни ўзининг ўртоғи Самадов Тоҳиржонга олди-сотди шартномаси асосида расмийлаштириб берган. Кейинчалик Самадов Тоҳиржон Матмусаева Дилдора ва унинг тўрт боласини уйдан мажбурий кўчириш ҳақида даъво аризаси билан судга мурожаат қилган. Учтепа туманлараро суди даъвони қаноатлантириб, Матмусаева Дилдорани тўрт фарзанди билан бошқа тураржой бермасдан кўчиришни лозим топган. Бу ҳолатда суд янги мулкдорнинг манфаатини кўзлаб қарор чиқарганини кузатиш мумкин.

Уйдан бошқа тураржой бермаган ҳолда мажбурий кўчириш билан боғлиқ ишларни кўришда албатта шу уйга суд қарори билан киритилган шахслар бор-йўқлигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. Яъни, низоли хонадонда кимлар доимий ё вақтинчалик рўйхатда турибди, кимлар доимий яшаяпти деган саволларга аниқлик киритиш лозим.

Юқорида қайд қилинганларга кўра судлар томонидан уйдан бошқа тураржой бермасдан мажбурий кўчириш ҳақидаги низоларни ҳал этиш амалиётини бирхиллаштириш мақсадида Уй-жой кодексининг 74-моддасига «суднинг қарори билан киритиб қўйилган шахсларни, агар ушбу суд қарори бекор қилинмаган бўлса, мажбурий тартибда кўчириш тақиқланади» деган жумлани киритиш мақсадга мувофиқ. Шундагина бундай ишлар бўйича ягона суд амалиётини шакллантиришга, фуқароларнинг уйдан фойдаланиш ҳуқуқини тўлиқ таъминлашга эришилади.

 Матлуба Аминжонова,

Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори