Етти ўлчаб бир кесилди

09:49 - 29.10.2021

16

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси (кейинги ўринларда – даъвогар) билан «Бухоропахтатранс» МЧЖ (кейинги ўринларда – жавобгар) ўртасида 2017 йил 8 сентябрда олди-сотди шартномаси тузилган.

Шартномага асосан бошқарма давлатнинг «Бухоропахтатранс»даги 25 фоиз улушини сотиш ва мулк қилиб топшириш, жавобгар эса ушбу шартноманинг 3.1-бандида белгиланган муддатда тўлов жадвалига асосан 189 млн. 181 минг 257 сўм пул тўлаш мажбуриятини олган.

Дастлаб жавобгар тўлов жадвалига асосан пул тўлаб келган. Бироқ кейинчалик жамият ҳудудида 80 га яқин иш ўрни яратиш мақсадида банклардан олган кредити эвазига қурилиш ишларини бошлаб юборгани боис тўлов жадвалига риоя қилмасдан пулни ўз вақтида тўламагани натижасида 2019 йил 22 октябрда 52 млн. 851 минг 600 сўм қарздорлик вужудга келган.

Шунга кўра бошқарма жавобгарга қарзи, ҳисобланган пеня ва жаримани тўлаш, акс ҳолда шартномани бекор қилиш тўғрисида шу йили 20 сентябрда 1369/01-11-огоҳлантириш хати ва 23 октябрда 1637/01-10-талабнома юборган. Бироқ жавобгар талабни бажармагани боис даъвогар иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2017 йилдаги шартномани бекор қилишни, жавобгар томонидан тўлов кечиктирилгани учун ҳисобланган 56 млн. 819 минг 404 сўм пеня ва сотиб олиш тўловининг 15 фоизи миқдорида, яъни 28 млн. 377 минг 186 сўм жарима ундиришни сўраган.

Даъвогар суд ҳужжати қабул қилингунга қадар даъвони ўзгартириш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилиб, жавобгардан жами 65 млн. 275 минг 660 сўм пеня ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2019 йил 2 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогарга 14 млн. сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2020 йил 16 январдаги қарори билан ушбу қарор бекор қилиниб, даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Унга кўра тарафлар ўртасида тузилган 200-шартнома бекор қилиниб, жавобгардан даъвогарга 14 млн. сўм жарима ундирилган. Даъвонинг пеня ундириш ҳақидаги қисми рад этилган.

Олий суд судлов ҳайъатининг 2020 йил 11 декабрдаги қарори билан апелляция инстанциясининг қарори ўзгартирилиб, жавобгардан даъвогарга 2 млн. сўм пеня ундирилган. Суд қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Бироқ судлар  томонидан даъвогарнинг талабларининг қонунийлиги ва асослилиги тўлиқ ўрганилмаган. Хусусан, жавобгар 2018 йил 29 августдаги 23-тўлов топшириғига асосан даъвогарга низоли шартнома бўйича 9 млн. 838 минг сўм пеня тўлаган. Шунга қарамасдан даъвогарнинг 65 млн. 275 минг 660 сўм пеня ундириш ҳақидаги талаби асосли деб ҳисобланиб, жавобгар ушбу пенянинг бир қисмини судга даъво аризаси берилгунига қадар тўлагани инобатга олинмаган.

Шунингдек, мазкур иш бўйича жавобгар низоли шартнома асосида даъвогарга судга даъво аризаси киритилгунига қадар 136 млн. 330 минг сўм ҳамда аризани судларда кўриш жараёнида қолган 52 млн. 851 минг 600 сўм пулни тўлиқ тўлаган.

Судлов ҳайъати иш Олий судда кўрилгунига қадар жавобгар томонидан шартномада белгиланган 189 млн. 181 минг 257 сўм пул, шу жумладан охирги 28 млн. 852 минг сўм пул шартнома бекор қилинганидан кейин тўлангани ҳамда даъвогар ушбу пулни эътирозсиз қабул қилиб, низоли шартнома бўйича муносабатларни давом эттирганига ҳуқуқий баҳо бермаган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Бош прокуратура томонидан «Бухоропахтатранс» МЧЖ директори Р.Бозоровнинг мурожаатига асосан мазкур иш бўйича қабул қилинган суд қарорларига нисбатан ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест келтирилди ва Олий суд судлов ҳайъатининг 2021 йил 2 апрелдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, тарафлар ўртасида тузилган келишув битими тасдиқланди.