Солиқчи тадбиркордан қасд олганди

14:30 - 28.10.2021

9

Тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга прокуратура органлари алоҳида эътибор қаратмоқда. Аммо айрим мансабдорларнинг уларни қонуний фаолиятдан чалғитишга уринишини оқлаб бўлмайди.

Жомбой тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Ш.Азаматов 2020 йил март ойида «Жомбой мебеллар уйи» МЧЖдан мебель олиб, пулининг бир қисмини бермаслик қандай оқибатга олиб келишини биларди, албатта. Бунинг оқибати шу бўлдики, тадбиркор юқори ташкилотларга ариза билан мурожаат қилди.

Бундан жаҳли чиққан ДСИ бошлиғи тадбиркордан қасд олиш мақсадида сохта тадбир ўтказиб, «soliq.hamkor.uz» сайти орқали фуқаро номидан сохта мурожаат киритиб, сайёр текширув ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилининг розилигини олишга эришди. Ғайриқонуний текшириш ўтказиб, тадбиркорни маъмурий жавобгарликка тортди.

Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 30 январда жиноят иши қўзғатилди. Тергов натижасига кўра Ш.Азаматовга айб эълон қилиниб, иш судга юборилди ҳамда жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани судининг ҳукми чиқди.

Бошқа бир ҳолатда эса Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инпекцияси бош инспектори К.Холмўминов қилмишидан хулоса чиқармаган кўринади. 2019 йилда «Бўрон қурувчи сервис» МЧЖда ноқонуний текшириш ўтказгани сабабли у шаҳар маъмурий суди томонидан жавобгарликка тортилиб, жарима тўлаган эди. Лекин шунга қарамасдан у 2020 йил 4 сентябрда электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказмасдан «Тimur fayz» НТТдаги қурилишда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилинишини текширади. Бунинг оқибатида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида далолатнома расмийлаштиради.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан 2021 йил 15 январда жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан К.Холмўминов жавобгарликка тортилди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Назорат тадбирларида аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 8 та тақдимнома киритилди. Қонунга зид бўлган 5 та ҳужжат протест орқали бекор қилинди. 16 нафар мансабдор интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 170 млн. сўмлик зарар ундирилди. Судларга 1 млрд. 14 млн. сўмлик 20 та даъво аризаси киритилди. 3 та жиноят иши қўзғатилиб, 18 та тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.