Қор ёғса ҳам излар ёпилмади

18:00 - 25.10.2021

5

Ноқонуний қилмиши оқибатида ташвиш чекиб юрганлар қанча. Аммо ҳамма ҳам бировнинг хатосидан тўғри хулоса чиқаришга қодир эмас. Тўқчилик замонида ўғирлик қилиб кун кечирадиганларни қандай тушунишни билмайсан киши.

Янгибозорлик Ш.Р.га пул керак бўлиб қолганида ҳеч ўйлаб ўтирмай, қўшниси Г.М.нинг оғилига ўғирликка тушиб қўяқолди. Бозор баҳоси уч ярим миллион сўм бўлган қорамолни икки ярим миллион сўмга сотиб, мушкулим осон бўлди деб ўйлаган йигит адашди. Тез орада унинг қилмиши ошкор бўлди. Ҳуқуқ-тартибот органлари аралашуви билан қорамол ҳам, пул ҳам эгаларига қайтарилди. Ш.Р. қонуний жазосини олди.

Б.Т. ҳам О.К.нинг 10 миллион сўмлик қорамолини ўғирлаб сотиб юборди. Аммо ўғирлиги қисқа фурсатда фош этилгач, уялиб қолди. 57 яшар бу киши мисқоллаб йиққан обрўсидан бир кунда айрилди.

Йигирма ёшли Ж.М. қўшнисининг уйи­дан телефон аппарати, кумуш узук ва зирак, 150 минг сўм пул ўғирлади. Ўғирлаган пулига тунги клубда оғайнилари билан еб-ичди. Унинг ўзини тутиши, уйга қайтаётиб ёнидаги телефонни отиб юборгани ғалати туюлди. Ҳаммаси орадан бир-икки кун ўтиб, уларни ИИБга чақиришганда аён бўлди. Ж.М.нинг оғайнилари у ташлаган жойдан телефонни топиб беришди. Унинг ўзи эса бу пайтда Россияга кетиб қолганди. Маълум муддат чет элда бўлсам қор ёғиб, излар босилади деб ўйлаган Ж.М. адашди. У қишлоғига қайтиб келгач, тергов олиб борилди. Ж.М. қилмишига яраша жазо олди. Қишлоқда ўғри деган ном орттиргани қолди.

Халқимиз бежиз «Тўғри юрган етар муродга, эгри юрган қолар уятга» демайди. Ҳали ҳеч ким ўғирлик қилиб обрў топмаган. Ҳали ҳеч кимга ўғирлаган моли буюрмаган. Аммо хом сут эмган бандалар боши деворга урилмагунча бу ҳақиқатни англаши қийин бўлади. Ҳалолликни касб этиб муродига етганларга ҳавас қилайлик, ўғирликдан, ҳаром пул топишдан ҳазар қилайлик.