Дарсликлар ижара хақи директорники эмас

12:42 - 25.10.2021

11

Қуйидаги ҳикоямиз қаҳрамони – мактаб директори. Хўш, директорнинг қайси қилмиши уни суд қаршисига етаклаб келди? Гап шундаки, у мактаб «чўнтаги»ни ўзиники билан «адаштириб» қўйди. Оқибатда…

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судида Бекзод Саломовнинг жиноят иши кўрилди.

Қайд этилишича, Б.Саломов 1971 йилда туғилган. Маълумоти олий, Шаҳрисабз туманидаги 7-мактаб директори лавозимида ишлаган. Оилали, иккита фарзанди бор. Шаҳрисабз тумани Ҳожимайдон маҳалласида яшайди.

Вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори билан тасдиқланган «Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 4-боби 42-бандига асосан дарсликлар учун ижара пули шартномага асосан 30 сентябргача тўлиқ тўланиши, ўқувчиларнинг ота-онаси пули йўқлиги сабабли ижара тўлови муддатини узайтириш тўғрисида мактаби маъмуриятига мурожаат қилиши мумкинлиги, тўлов муддати мактаб васийлик кенгашининг қарори ва директорнинг буйруғи билан узайтирилиши, муддат узайтирилганда мазкур тўловнинг ярми 30 сентябргача, қолгани эса 30 ноябргача тўланиши лозимлиги қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, низомнинг 43-бандида «Дарсликлар тўплами учун ижара тўловлари умумтаълим мактабининг шахсий ғазна ҳисобварағига нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда тўланади» деб қайд этилган.

Бекзод Саломов бу тартибни беш қўлдай биларди. Бироқ дарслик учун йиғилган пул анчагина эди, шу сабабли уни мактаб ҳисобрақамига топширишга кўзи қиймади…

Синф раҳбарларига 2020/2021-ўқув йили учун ижара пулини ўқувчилардан йиғиб, унга топшириш ҳақида буйруқ берган директор 26 нафар синф раҳбаридан жами 13 млн. 42 минг сўм пулни 2020 йил сентябрь-ноябрь ойларида олиб, ўзлаштириб юборди.

Директорнинг навбатдаги қинғирлиги бундан ҳам ўтиб тушди.

Нурафшон маҳалласида яшовчи Х.Аширов мазкур мактабга тегишли эски қозонхонадан молхона сифатида фойдаланиб келаётган эди. Б.Саломов бу вазиятдан ҳам ўз манфаати йўлида фойдаланмоқчи бўлди.

– Қозонхонани мактаб балансидан чиқариб, номингизга расмийлаштириб бераман. Ўн сотих жой. Мазза қилиб мол боқаверасиз. Зўр танишларим бор. Мен ҳам мудирни, кадастрнинг бошлиғини рози қилишим керак. 6000 доллар берасиз…

Шу тариқа директор Х.Ашировдан дастлаб 15 миллион сўм пора олди. Кейинги гал шу келишув ҳисобидан яна 500 АҚШ доллари олаётганида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан ушланди.

Суд ҳукмига асосан Бекзод Саломов 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ва иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 1 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтайдиган бўлди. Судланувчи давлатга етказган зарарини қоплади. Шунингдек, ундан Х.Ашировга етказилган зарар ҳам ундирилди.